Яқинда бир йигитнинг: “Айрим имомлар қиммат автоулов миниб, энг яхши кийимларни кийиб, маза қилиб юради. Тағин камтар ва хокисор бўлиш, исроф қилмаслик тўғрисида насиҳат қилишади. Ахир, ўзи маркабини сотиб, йўқсилларга тарқатса, бўлмайдими?..” деганини эшитиб қолдим.
Афсуски, одамлар орасида шундай фикрлайдиганлар оз эмас. Баъзи кишилар кўз ўнгида имом, умуман, мусулмон киши деганда, қандайдир қолоқ бир инсон қиёфаси жонланади. Гўё, мўмин-мусулмонларнинг ҳаёт тарзи, тутуми масжидда ўтиришу маъракага боришдан иборатдек...
Бундай қараш қаёқдан пайдо бўлди?! Имом, мусулмон деганда фақат ночор, жонсарак, овози зўрға чиқадиган кишини тасаввур қилувчилар кўзига “замонавий” кўринган мўмин-мусулмон динга амал қилмаётгандек кўринади, шекилли. .
Ҳолбуки, кимнинг бой ёки фақир бўлиши Аллоҳнинг изни билан, қандай ҳаётни танлаши ўзининг иши. Насиҳат қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш – нафақат имом, балки ҳар бир мўминнинг вазифаси.
Аллоҳ таоло ҳалол касб билан топилган бойликни ҳеч кимга ҳаром қилмаган. Бошқаларга ярашган бойлик нега энди мўмин-мусулмонга ярашмас экан?! Никоҳ ўқиётган имом куёвга: “Аёлингизнинг таъминоти, кийим-кечаги, зеб-зийнати, уй жиҳозию рўзғор буюмлари зиммангизда”, деб шариат кўрсатмасини эслатса-ю, ўзи ночор яшаса?! Минбарда: “Фарзандларингизни ўқитинг, таълим йўлида молингизни аяманг, деб ўзи бировнинг қўлига қараб турса? Имомликни уддалаб, бўш вақтида тижорат билан шуғулланса – бунинг нимаси ёмон?!
“Имом” сўзи истилоҳда “олдинда турувчи” деган маънони англатади. У одамларга пешқадамдир. У намозда олдинда турганидек, бошқа ишларда ҳам пешво бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам имом – ҳар бир ишда олдинда турувчи эдилар. У зотдан кейин Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розийаллоҳу анҳум халифа, шунингдек, имом эдилар. Улар фақирликка тарғиб қилишмаган. Туя ўша даврнинг энг яхши улови ҳисобланиб, у зотларнинг бир қанчадан яхши туялари бор эди. Ҳеч бири туя қимматли улов, эшак минамиз, дейишмаган. Жаннат башорати берилган улуғ саҳобалар орасида Абдураҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳу энг бойи эди.
Саҳобалар ҳалол тижоратда ўзаро мусобақалашар эдилар. Набий алайҳиссалом ҳеч кимга нега бой бўлиб кетяпсан, демаганлар. Агар бойлик айб бўлганида, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга бойлик бермаган бўларди.
Исломда бой бўлиш эмас, балки мол-дунёга ҳирс қўйиш қораланган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот» (Бақара сураси, 29-оят). Бошқа бир оятда: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?”» «Айтинг: “У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)”», дейилади (Аъроф сураси, 32-оят). Мўмин бой бўлса, закотини жойига берса, қандай яхшидир! .
Шайх Муҳаммад Ғаззолий (1917–1996) бундай деган: “Қорун эга бўлган мулкдан кўпроғига эга бўлинг! Сулаймоннинг салтанатидан каттароқ салтанатни қўлга киритинг! Ҳақиқат қўлловга муҳтож замонда, уни қўллаш учун буларнинг барини илкингизда тутинг! Ўлим онлари келган пайтда эса уларни Аллоҳ йўлида қолдиринг! Камбағал, сойилдай яшаш жаннат йўли деб ишониш телбалик ва алданишдир”.
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ
#xabar #muftiy #peshin
Бугун, 1 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги "Масжидул Латиф" жоме масжидида пешин намозини адо этиб, жамоатга манфаатли мавъиза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида юртимиздаги хайрли диний ислоҳотлар сабаб 150 дан ортиқ янги масжидлар очилгани, 500 га яқин таҳоратхона замонавий таъмирланаётгани ва барча ҳудудларда Қуръон курслари йўлга қўйилаётгани катта неъмат эканини таъкидладилар. Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда шукроналик ҳисси билан яшаб, аҳил-иноқлик ва мусулмонлар иттифоқлигини мустаҳкамлаш ўта муҳим эканига урғу қаратдилар.
Шайх ҳазратлари маърузаларида масжид ва мўмин киши ўртасидаги узвий боғлиқликни ажойиб ўхшатиш билан изоҳлаб, мўмин киши масжидда ўзини худди сувдаги балиқдек эркин ва хотиржам ҳис қилишини, чунки масжид қалбларга сокинлик улашувчи ҳақиқий роҳат маскани эканини қайд этдилар.
Мазмунли суҳбатда ёшлар таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ва у ерда барпо этилаётган музей мисолида буюк алломаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром тилга олинди. Ёшларимиз Имом Бухорий каби улуғ аждодларимизнинг илмга бўлган фидойилиги ва ватанпарварлик фазилатларидан доимо ўрнак олишлари зарурлиги айтиб ўтилди.
Файзли суҳбат якунида Ҳақ таолодан юртимизга тинчлик-омонлик, халқимизга фаровонлик ва фарзандларимиз камоли учун хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати