Ҳозирги кунда муқаддас ислом номидан ҳар хил оқимларнинг ўзларини жозибадор исмлар билан номлаб олиб, гўёки тўғри йўлни даъво қилиб, ғараз мақсадлари йўлида ушбу ниқобдан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Ана шундай оқимлардан бири “Сохта салафийлар”дир.
Бу оқимга мансуб бўлганлар исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида кўпроқ тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.
Исломда “салаф” (арабча – “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар”) деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳамда ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табъа тобеинларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.
Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Сохта салафийликнинг ақидавий, ҳуқуқий ва фалсафий асослари суриялик Ибн Таймия (1263-1328 й.) фаолияти билан боғлиқ. Умри давомида ўзининг агрессив қарашлари туфайли тўрт марта (1307, 1309,1322 ва 1326 йилларда) қамоқ жазосига тортилган ва 1328 йилда қамоқхонада вафот этган бу шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этадилар.
Ибн Таймия гўёки, асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолганини иддао қилиб, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи унинг талқинидаги Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари суради. Уларнинг бу хатокор қарашларига аҳли сунна вал жамоа уламолари муносиб раддиялар билдирганлар.
Ибн Таймиянинг Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобий ва авлиёларнинг қабрини зиёрат қилиш ҳамда тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилди, кескин кураш олиб борилди. Шундай бўлса-да, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилди.
Жумладан, улар қуйидаги эътиқоддаги ғояларни илгари сурадилар:
- ҳар қандай янгиликни инкор этиш,
- тасаввуфни асло тан олмаслик,
- тавассул (восита орқали Аллоҳга мурожаат қилиш)ни куфр, деб ҳисоблаш,
- ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қиладилар.
Уларнинг фаолияти натижасида “Пайғамбаримиз шафоатидан ҳеч қандай фойда йўқ”, деган ғоялар тарқалиб, саловотлар баён қилинган китоблар ёқиб юборилди, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинди.
Уларнинг адашган йўлда эканликларини билиш ҳар бир ақлли инсонга қийин эмас. Биз эса айнан мавзумизга доир жиҳатига тўхталамиз.
Хўш улар ўзларига эргашмаганларни кофир деяптиларми? Унда ким мусулмон. Уларга ким ҳуқуқ берди, чин мусулмонларни кофир дейишга. Улар кофир деяётган инсонлар, Роббим Аллоҳ, диним ислом деяётган бўлса, уларга куфр нисбатини бериш мутлақо мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир инсонни кофир деб чақирса ёки Аллоҳнинг душмани деса, айтганидек бўлмаса, айтган сўзлари ўзига қайтади”.
Сохта салафийлар эса, ҳеч қандай шаръий сабабсиз, бир-икки киши эмас бир неча кишиларни кофирга чиқармоқдалар. Ваҳоланки, бесабаб эмас,балки гуноҳ қилган кишининг гуноҳи учун ҳам кофирга чиқарилмайди. Машҳур ватандошимиз Нажмуддин Умар Насафий ҳазратлари мазкур масала тўғрисида қуйидагиларни айтадилар:
“Катта гуноҳлар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни кечирмайди. Ундан бошқа катта ва кичик гуноҳларни эса хоҳлаган кимсадан кечиради. Кичик гуноҳга жазо бериши ҳам, агар ҳалол ҳисоблашдан бўлмаса, катта гуноҳни авф қилиши ҳам мумкин. Ҳалол санаш куфрдир. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг катта гуноҳ аҳллари тўғрисидаги шафоатлари кўплаб хабарлар билан собитдир. Гуноҳи кабира содир этган мўминлар дўзахда абадий қолдирилмайди”.
Уларнинг яна бир қарашлари:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда саҳобалар ва азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилишни куфр деб ҳисоблайдилар.
Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга насиҳатларида қуйидагиларни айтганлар:
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир,....Бас, нимани ният қилса, ўшани эътиборга олинади”.
Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади.
Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.
Сохта салафийларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам га ҳурматсизлик қилиши у зотнинг ота-оналарини кофирликда айблашларида ҳам яққол кўринади.
Шунингдек, сохта салафийларнинг иддаоларига кўра, милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук тақиш, шим ва кўйлаклар) кийиш ҳам имонсизлик ҳисобланади. Бу мутаассибона қарашлар жамиятда айирмачилик кайфиятини келтириб чиқариши билан ҳар хил низоларни пайдо бўлишига сабаб бўлади, бу нарса муқаддас динимизда тарғиб этилган бағрикенглик тушунчасига ҳам зид келади.
Азизлар ҳар бир ялтираган нарса олтин бўлмагани каби, ҳар бир динни даъво қилувчи тўғри фикрда бўлавермайди, шундай экан ғараз ниятли оқимларнинг “ялтироқ” тузоқларидан огоҳ бўлайлик, муқаддас динимизнинг соф эътиқодини мустаҳкам сақлаб, келажак авлодга софлигича етказайлик.
Бектош ҲАКИМОВ
Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.