Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ислом дини, киши ўзига раво кўрган яхшиликдан ўзгаларни ҳам баҳраманд этиш лозимлигини уқтиради. Бинобарин, ўзини асраш Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясига дохил бўлишнинг шарти саналади. Энди ана шу сифатни ўзгалар ҳаёти, шаъни ва насабига нисбатан қўллаш қанчалик савоб амал эканини тасаввур қилинг! Бу сифатлар Аллоҳнинг наздида нечоғлик улуғ мартаба тутишини кўз олдингизга келтиринг! Бир-бировнинг тақдирига дахлдорлик туйғуси ана шу нуқтада таркиб топади. Зеро, бу – абадият қонуни. Бармоқлар алоҳида-алоҳида ҳолда ожиз, мушт бўлиб тугилган тақдирда қудрат касб этади. Бу фақатгина дин соҳасига тааллуқли гап эмас. Тарихимизни титкилаб қарасак, қачон, қаердаки тарқоқлик пойдор бўлса таназзулга учраганимизни илғаймиз. ХIII асрда Хоразмшоҳ калтабинлик билан ўзининг қудратли қўшинини майда-майда бўлакларга бўлиб мўғулларга ем қилгани ёки ХVII асрга келиб улкан бир салтанатнинг учта мустақил хонликка бўлиниб кетиши, вақти келиб чор Россияси учун тайёр луқма бўлгани юқоридаги фикримизнинг яққол исботидир.
Биз биринчи навбатда улуғларимимизни улуғлашни одат қилишимиз керак. Бир-бировга жонсўзликни таркиб топдиришимиз лозим. Ўтган шўролар тузуми бизни ахлоқан нимага ўргатди? Етмиш йиллик истибдод йиллари Ўзбекистон ҳукуматини Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсупов, Камолов, Нуриддин Муҳиддинов, Шароф Рашидов, Усмонхўжаев сингари инсонлар муайян муддат бошқариб келишди. Бирортаси ҳам вафотидан кейин қадр топмади. Сабаби, сиёсатнинг арқоғи аввалбошдан шундай ўрилган эди. Сталин ўлиши билан тепкиланди. Хрушев ҳали тириклигидаёқ тавқи лаънатга учради. Брежнев ҳам шундай қисматдан қочиб қутулмади. Андропов, Черненкони биров эсламайди ҳам. Горбачевни эса русларнинг ҳали ҳам отарга ўқи йўқ...
Бунинг бариси – тарғибот-ташвиқотнинг самараси. Мана шу иллат қон-қонимизга сингиб кетди. Қатағон йилларининг шифқатсизликлари бизни бир-бировга бўри бўлиб ташланишга ўргатди: “деди-деди”, чақув каби иллатларнинг илдизига сув қуйди, ривожига равон йўл очиб берди. Маиший масаладаги оддий, ҳаётий муаммоларимизни ҳам сиёсат даражасида ҳал этишга, ёмон кўрган одамларимиздан мосуво бўлиш учун имонсизлик даражасидаги “қора технология”лардан тап тортмай фойдаланишга мойиллик уйғотди. Бутун мусулмон олами эътироф этган яккаю ягона шайхимиз муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазаратларининг бошиларига не кунларни солмадик дейсиз. Шундай илмли кишини ғов ташлаб халқдан яшириш, икки ўртада тўсиқ қўйиб нимага эришдик – шу ҳақда биров бирров ўйлаб кўрганми?..
Хато қилиш айб эмас, уни вақтида тузатмаслик катта гуноҳ аслида. Жамиятда чангалзор қонунлари амал қилган даврларда нимаики ноҳақликлар бўлган бўлса – бўлди, бас! Президентимиз бугун юртга муҳаббат, одамларга муносабат борасида янги бир сиёсатга асос солдилар. Улуғларимизни улуғлаш улкан бурчимиз эканини таъкидламоқдалар. Илм эгалари, уламоларга миллий бойлигимиз даражасида қараш, уларни асраш, билим бисотларини эл фарзандларига улашиш ишига биринчи галдаги вазифамиз сифатида қараш таркиб топиб боряпти. Нур бор жойда соя бўлиши тайин. Илмли инсонлар илмсизларнинг ғашига тегиши ҳам бор гап. Илмли кишиларнинг парвози юксак, илми ҳаминқадар нотавонлар уларга тенглашмоқ истайдилар. Аммо, қанотларини қийнашдан кўра илмлиларнинг қанотини қиймалашни афзал биладилар. Шу йўл билан тенглашишини маъқуд кўришади. Ҳамма бало ана шунда!
Камина ушбу рисолада солиҳ бир инсон ҳақида сўзлаш учун, баайни ўзим гувоҳи бўлганим баъзи бир ҳаётий воқеаларни қоғозга тушириш учун юқоридаги фикрлар устида муфассал тўхталдим. Сабаби, мен сўзламоқчи бўлган инсон – муфтий ҳазратлари, Усмонхон Алимов илми шойим, эътиқоди қойим, устоз уламоларимиздан бири. Неча йилки Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтийси лавозимида хизмат қилиб келмоқдалар. Мен Ўзбекистон телерадиокомпаниясида ишлаш баробарида муфтий ҳазратларининг матбуот котиби сифатида ҳам муайян бир муддат фаолият кўрсатдим. Шу жараёнда бир неча бор у кишида, кишининг қалбини тўлқинлантирадиган, ҳар қандай уйғоқ юракда мардлик, қатъиятлилик фазилатларини тарбиялайдиган, ҳар қандай вазиятда имон доирасини тарк этмаслик сифатларини кўриб мутаассир бўлганман. Мана шу хотираларимни бугун сизга ҳам илиндим.
Ҳазрат диний идора раҳбари этиб тайинланган пайт мен телевидение соҳасида ишлардим. Бир куни идоранинг ишлар бошқарувчиси бўлиб ишлаган акамиз қўнғироқ қилиб, ҳазратнинг ташаббуси билан тадбир ташкил этилаётгани, агар иложи бўлса шуни телевидение орқали ёритишда ёрдам беришимни сўради. Ҳазрат диний идора тизимида ишлаб ўтган ходимларнинг оила аъзолари ва фахрийларини бир пиёла чой баҳонасида йўқлаб, хотирламоқни мақсад қилган экан. Тасвирга олиш гуруҳи билан борганимизда Бароқхон мадрасаси ҳовлиси безатилган, чиройли дастурхон атрофида кўплаб меҳмонлар жамулжам бўлган эди. Аввало ўтганлар ҳақига Қуръони каримдан тиловат қилинди. Сўнг ҳазрат сўз олиб, идора тизимида ишлаб кетган муфтийлар, олимлар ва ходимларни номма-ном айтиб уларнинг динимиз равнақига қўшган улкан хизматларини ёдга олдилар. Тадбир сўнггида барча қатнашчиларга совға-саломлар улашилди. Камина айрим иштирокчилардан интервью олдим. Улар бунинг каби муносабатдан хурсандликларини кўз ёшлари билан ифода этиб, ҳазратдан миннатдор эканликлари билдирдилар.
Яхшигина кўрсатув бўлганди аммо, эфирга чиқаришмади. Начора, ўша пайтда вазият, баьзиларнинг онгида ўтмишдан ўтроқлашиб қолган мафкура шуни тақозо этди. Динни деб дунёсини йўқотишни истамайдиганлар, бугунини ўйлаб охиратини бой бераётганлар ҳозир йўқ дейсизми?! Бугун амал-тақал қилиб эгаллаган курсисини жаннатда эришиши мумкин бўлган ўрнидан афзал биладиганлар-чи, йўқми? Бунақалар ҳамма замонда бўлган ва бўлади. Кишилик кечмиши пайдо бўлгандан то ҳозирга қадар ҳаёт ҳам, адабиёт ҳам бир фалсафани тарғиб қилиб келади, нимагадир бепарвомиз. Бутун ер юзини забт этган Искандар Зулқарнайн тобутдан бир қўлини чиқариб қўйишларини васият қилди. Бутун дунёнинг зебу зийнатларини қўлга киритгани, бироқ нариги дунёга ҳеч нима олиб кетмаётганига ишора эди бу. Минг тўққиз юз ўн иккинчи йили икки минг нафардан ортиқ йўловчиси бўлган “Титаник” кемаси улкан уммон остига ғарқ бўлди. Кемадаги йўловчиларнинг саккиз нафари миллиардер кишилар бўлган. Аммо, бойлик ҳам бундай чоғ уларнинг жонига оро кирмади. Яқиндагина катта бир компаниянинг раҳбари коронавирусга чалиниб бу оламни тарк этди. Ўлими олдидан ўттизга яқин шифокорларни чорлаб, агар шу дарддан омон чиқса барча шифокорларга биттадан қимматбаҳо машинасини совға қилишини баён этибди. Аммо,..
Ўтган шўролар тузуми даврида дин ёмонотлиқ қилинди, диний уламолар тазйиққа учради. Неча минглаб инсонлар диний эътиқоди туфайли қатл этилди. Хўш, шу ишларга бош бўлган сохта тузум неча йил умр кўрди, бор-йўғи етмиш йил! Шундан сабоқ чиқарсак бўлмайдими? Ўтмишга балчиқ чаплаган кишиларнинг ўзлари ҳали ўтмишга айланиб-айланмай, ўзларига лой чапланмадими?! Фикр қилайлик ахир. Динга муносабат, уламоларга қиладиган мулозаматимиз бояги-боягидек бўладиган бўлса, диний бағрикенглик, эътиқод эркинлиги ҳақида жар солмай қўяқолайлик деган хаёлга борардим. Фойдаси бўлардими, ўша даврлар бу хаёлотларни? Йўқ, мумкин эмас эди!
Хуллас, динимиз равнақи йўлида хизмат қилган кишиларни эъзозлаб ўтказилган тадбир на телевидение орқали ёритилди ва на бирорта газетада ахборот тарзида чоп этилди. Ҳазрат кимларнидир ўртага солиб, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали бир парча маълуот беришга роса тиришдилар, аммо – бори уринишлари беҳуда кетди.
Тан олайлик ўша йиллари телевидение экрани орқали ҳам, газеталаримиз саҳифаларида ҳам унчалик таниқли бўлмаган, ўзидан ўзмай фақат ойлик маоши эвазига ўз вазифасини бажариб келаётган кишиларнинг фаолиятини бадиий бўёқлар билан бежаб, бўртириб кўрсатиш авж олган эди. Ваҳоланки, ҳазрат хотирлашни ирода этган улуғларнинг мусулмонларга, халққа қилган хизмати беқиёс ва савобли эди. Ҳазрат, бир томондан, халқ эшитса, кўрса улар ҳаққига тиловатлар қилинар, эсланар ва бу билан арвоҳларнинг руҳи шод бўлар, деган мақсадни қўйган бўлса, яна бир жиҳатдан уламоларинг зикридан Аллоҳ таоло рози бўлиб юртга барокотлар ато этар, деган умидда эди. Мен эса динга, уламоларга эътибор бўлмаган ва тазйиқлар ҳукмдор жамиятда шу уй, фикр ва режаларни амалга оширишга ҳаракат қилган ҳазратнинг иймонига қойил қолгандим.
***
Ҳазрат аҳли илм ва қори устозларнинг ҳамиша ҳурматларини жойига қўяр, бирор тадбирлар бўлиб қолса чақиртирар, байрамлар арафасида совға-саломлар бердирарди. Мамлакатимизнинг қайсидир вилоятига сафарга чиқсалар ўша ҳудудда истиқомат қилаётган улуғ ёшдаги аҳли илм, қори бувалар ва идора тизимида фаолият олиб борган устозларни зиёрат қилар, уларнинг суҳбати ва дуоларини олиб қайтарди. Агарда вақт нуқтаи назардан иложини қилолмасалар, имом-хатибларга уларнинг аҳволидан хабардор бўлишларини тайинлаб, топшириқлар берарди. Айниқса, ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни устозим деб эъзозлардилар. Динга манфаати ғоятда кўп, хизматлари беназир бўлган аллома деб улуғларди. Кези келганда маслаҳат оларди.
Айтиш жоизки, ўша пайтлари Шайх ҳазратлари учун матбуотга чиқиш, давлат тадбирларида иштирок этиш расман тақиқланганди. Уларнинг ҳар бир қадами назорат остида эди. Назоратчиларнинг айримлари шайхга хайрихоҳ бўлса, аксари ашаддий қарши ёки қарши томондан ўта қўрқадиганлар эди. Улар хоҳлаган вақтда Шайх ҳазратлари билан алоқада бўлган ёки хайрихоҳлик қилган ҳукумат одамлари ёки бошқа инсонларга махсус айбловлар тақаши, салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди . Муфтий ҳазратлари ҳам бундан мустасно эмасди. Шу ҳолатда ҳам у киши Шайх ҳазратларига бўлган шогирдлик мақомидан воз кечмаган. Идоранинг янги бинога кўчиши муносабати билан ташкиллаштирилган тадбирга муфтий Усмонхон Алимов Шайх ҳазратларини таклиф этди. Шу тадбирда камина ҳам хос одамлардан бўлиб қатнашганим учун, баъзи ҳолатларнинг гувоҳи бўлганман.
Муфтий ҳазратлари белгиланган муддатдан ўн дақиқа аввал ҳовлига чиқиб Шайх ҳазратни кутиб турдилар. У зот келганларида қучоқ очиб кўришдилар. Ҳазратнинг ташрифидан ниҳоятда хурсанд эканликларини юзу кўзларида балқиб турган шодлик ифодаси аниқ-таниқ билдириб турарди. Диний идоранинг хоналарида туриб, деразасидан мўралаб Муфтий ҳазратнинг ҳатти-ҳаракатларини хуфёна кузатиб, ғашланганлар ва ҳодиса ҳақида ўзларининг катта-кичик “акахон"ларига дақиқама-дақиқа маълумот етказиб турганлар ҳам анчагина эди. Ҳазрат эса бепарволик билан улуғ устоз, дунё алломасининг ташрифидан бағоят хурсанд бўлганини ҳеч кимдан яширган эмасди.
Таклиф ва зарурият тақозоси ва муфтий ҳазратнинг ташаббуси билан мўмин-мусулмонлардан келган саволларга жавоб тариқасида "Сўраган эдингиз" рисоласини чиқаришни бошлаганимизда, муфтий ҳазратлари: “Дилмурод, китобни аввало Шайх ҳазратларига оборинг. Мен гаплашиб қўйдим. Кўриб, ўз фикрлари, маслаҳатларини берадилар”, дедилар. Келишилган вақтда бордим. Шайх ҳазратлари китобни кўриб, танишганларидан кейин, бу лойиҳанинг мўмин-мусулмонлар учун бағоят фойдали манба бўлишини айтиб дуо қилдилар ва муваффақият тиладилар. Ўша пайт баъзи амалдорларга бу иш маъқул бўлмай, “диний идоранинг ўз олимлари йўқми, ўзларинг эплолмайсанларми” қабилида иддао ва дўқ-пуписалар қилганларидан ҳам бохабарман. Аммо муфтий ҳазратлари мана шу каби дўқ-пўписаларга парво қилмай Шайх ҳазратлари билан мунсабатларини мусбат тарзда давом эттирган эди.
(давоми бор)
Дилмурод Қўшоқов
azon.uz
Бир китоб бир вақтнинг ўзида луғат, тарихий харита, халқ оғзаки ижоди тўплами ва ўтмиш жамиятининг ўзига хос қомуси бўла оладими? XI асрда яшаган буюк тилшунос Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари бу саволга жавоб беради.
XI асрда яратилган, туркий халқларнинг тили, географияси ва маданий ҳаётини бир асарда жамлаган «Девону луғотит турк» бугун ҳам жаҳон тилшунослиги учун муҳим манба бўлиб қолмоқда. Маҳмуд Қошғарийнинг ушбу қомусий мероси 2017 йилда UNESCOнинг «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс экспозициясида асарнинг факсимиле нусхаси намойиш этилиши эса ташрифчиларга қарийб минг йил аввалги туркий дунё билан танишиш имконини бермоқда.
1072–1074 йилларда яратилган асар туркий халқлар тилини араб тилида тушунтириш мақсадида тузилган бўлса-да, унинг илмий аҳамияти оддий луғат доирасидан анча кенгдир. Унда туркий сўзларнинг маъноси ва қўлланиши билан бирга турли қабилаларнинг тил хусусиятлари, мақоллар, шеърий парчалар, географик номлар ва ижтимоий ҳаётга оид маълумотлар жамланган.
XI асрдаги туркий дунёни тасвирлаган харита
Асарнинг энг эътиборли хусусиятларидан бири — ундаги доирасимон тарихий харитадир. У туркий халқлар яшаган ҳудудлар, географик объектлар ва ўша даврдаги макон ҳақидаги тасаввурларни акс эттиради.
Туркиянинг Қўлёзма асарлар муассасаси маълумотларига кўра, мазкур харитада тоғлар, кўллар, дарёлар, туркий халқлар истиқомат қилган ҳудудлар билан бирга бошқа минтақалар, жумладан, Япония ҳам тасвирланган.
Бу жиҳат асарнинг аҳамиятини янада оширади. Чунки Маҳмуд Қошғарий туркий сўзларни муайян географик ва маданий муҳит билан боғлаб ўрганган. Унинг харитаси замонавий географик ўлчовларга асосланган атлас эмас, балки XI асрдаги билимлар ва дунёқарашнинг тарихий гувоҳидир.
Шу маънода, «Девону луғотит турк»ни илк туркий лингвистик географиянинг муҳим манбаларидан бири сифатида ўрганиш мумкин.
Бир сўз ортида бутун бир халқ ҳаёти
Маҳмуд Қошғарийнинг илмий ёндашуви сўзларнинг маъносини изоҳлаш билан чекланмаган. Олим уларни халқ оғзаки ижоди, кундалик турмуш ва турли тил муҳитлари билан боғлиқ ҳолда қайд этган.
Асардаги мақоллар ва шеърий парчалар XI аср туркий халқларининг ахлоқий қарашлари, меҳнат анъаналари, ижтимоий муносабатлари ва бадиий тафаккурини ўрганиш имконини беради.
Бу материаллар айниқса фольклоршунослик учун муҳимдир. Айрим оғзаки ижод намуналари бизга айнан шу асар орқали етиб келган. Демак, Қошғарий фақат сўзларни эмас, улар билан бирга муайян даврнинг маданий хотирасини ҳам сақлаб қолган.
Асарнинг яна бир муҳим хусусияти — туркий тил ва лаҳжалар ўртасидаги фарқларни қайд этишидир. Бу маълумотлар тарихий тилшуносликда сўзларнинг шакли, маъноси ва тарқалишини қиёсий ўрганиш учун қимматли далил бўлиб хизмат қилади.
Нима учун асар араб тилида ёзилган?
«Девону луғотит турк»нинг ўзига хос жиҳатларидан бири — туркий сўзларнинг араб тилида шарҳланганидир.
XI асрда араб тили мусулмон оламида илм-фан ва ёзма маданиятнинг асосий тилларидан бири эди. Маҳмуд Қошғарий ана шу илмий муҳитда туркий тилларнинг бой луғат таркиби ва ифода имкониятларини тизимли равишда намоён этди.
Бу ҳолат асарни маданиятлараро илмий мулоқотнинг муҳим намунаси сифатида баҳолаш имконини беради.
Олим туркий тилларни бошқа тилда сўзлашувчи аудиторияга тушунтириш орқали нафақат луғат тузган, балки уларнинг мустақил тил тизими ва бой маданий анъаналарга эга эканини кўрсатган.
Асарнинг бизгача етиб келиш тарихи
«Девону луғотит турк»нинг бугун маълум бўлган ягона қўлёзма нусхаси Маҳмуд Қошғарий яшаган даврга эмас, XIII асрга мансуб.
Туркия Қўлёзма асарлар муассасаси маълумотларига кўра, қўлёзма 1266 йилда Муҳаммад ибн Абу Бакр ас-Савий томонидан кўчирилган. У 319 варақдан иборат бўлиб, ҳозир Истанбулдаги Миллат қўлёзмалар кутубхонасининг Али Амирий фондида сақланади.
Қўлёзма XX аср бошларида Али Амирий томонидан қўлга киритилган ва кейинчалик илмий муомалага киритилган. Унинг қайта кашф этилиши туркий тиллар тарихи бўйича тадқиқотларга янги манбавий асос яратди.
Муҳим жиҳат шундаки, бугун тадқиқотчилар фойдаланаётган матн муаллиф давридан қарийб икки аср кейин кўчирилган нусха орқали етиб келган. Шу боис асарни ўрганишда қўлёзманинг матний тарихи, кўчирилиш хусусиятлари ва илмий нашрларини қиёсий таҳлил қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
UNESCO эътироф этган умуминсоний мерос
2017 йилда «Девону луғотит турк» қўлёзмасининг UNESCO «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилиши унинг нафақат туркий халқлар, балки жаҳон маданий ва илмий мероси учун ҳам аҳамиятли эканини тасдиқлади.
UNESCOнинг Туркия миллий комиссияси мазкур асарни XI аср туркий халқларининг тили ва этнографияси ҳақидаги энг бой манбалардан бири сифатида баҳолайди.
Бу эътироф асарнинг тилшунослик, картография, этнография ва тарих каби бир неча илмий соҳалар учун аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Ислом цивилизацияси марказида минг йиллик мероснинг янги талқини
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс экспозициясида «Девону луғотит турк» асарининг факсимиле нусхасига алоҳида ўрин ажратилган.
Мазкур экспозиция буюк алломаларнинг илмий меросини тарихий манбалар, нодир нашрлар ва замонавий музей ечимлари орқали намойиш этишга қаратилган.
Маҳмуд Қошғарий асарига бағишланган махсус медиа лойиҳа концепциясида қўлёзма нусхасини рақамлаштириш, асарнинг яратилиш тарихи, тузилиши ва илмий аҳамиятини тушунтирувчи видеоматериал ҳамда интерактив ахборот ресурси тайёрлаш назарда тутилган.
Бундай ёндашув тарихий қўлёзмани фақат кўргазма ашёси сифатида эмас, балки ташрифчи мустақил ўрганиши мумкин бўлган илмий-маърифий манба сифатида тақдим этиш имконини кенгайтиради.
Хусусан, асарнинг тарихий харитасини замонавий географик маълумотлар билан қиёслаш, ундаги айрим сўзлар ва мақолларни бугунги туркий тиллар билан таққослаш, қўлёзманинг сақланиш тарихини интерактив шаклда тушунтириш келгусидаги музей-таълим лойиҳалари учун истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
Ўзбек тилининг тарихий илдизларини англаш
«Девону луғотит турк» ўзбек тили тарихини ўрганишда муҳим умумтуркий манбалардан бири ҳисобланади.
Бироқ асарни замонавий ўзбек тилининг ягона бевосита манбаси сифатида талқин қилиш илмий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Ўзбек тилининг шаклланиши узоқ давом этган тарихий, ҳудудий ва маданий жараёнлар билан боғлиқ.
Қошғарий асари ана шу мураккаб тараққиётнинг қадимий қатламларини ўрганиш, туркий тиллар ўртасидаги умумийлик ва фарқларни аниқлаш, сўзларнинг тарихий маъно ўзгаришларини тадқиқ этиш учун муҳим асосдир.
Айниқса, ўзбек тили байрами муносабати билан мазкур асарга мурожаат қилиш тилни қадрлашнинг яна бир муҳим жиҳатини — унинг илмий тарихи ва манбавий асосларини билиш зарурлигини намоён этади.
Қадимий қўлёзмадан замонавий илм-фангача
Бугун тарихий луғатлар фақат тилшунослар учун эмас, рақамли гуманитар фанлар, электрон корпуслар ва тарихий маълумотлар базаларини яратиш учун ҳам муҳим манбага айланмоқда.
«Девону луғотит турк»даги сўзлар, географик номлар, мақоллар ва лаҳжа хусусиятларини рақамли шаклда тизимлаштириш келгусида тил тарихи бўйича қиёсий тадқиқотларни янада ривожлантириш имконини бериши мумкин.
Бу — асар асосида барча шундай технологиялар аллақачон яратилганини англатмайди. Бироқ унинг таркибидаги маълумотлар замонавий тадқиқот усуллари учун катта илмий имкониятга эга.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Девону луғотит турк» факсимиле нусхасининг намойиш этилиши ана шу узвий боғлиқликни — тарихий мерос, илмий тадқиқот ва замонавий маърифат ўртасидаги алоқани кўрсатади.
Маҳмуд Қошғарийнинг асари бизга бир ҳақиқатни эслатади: тил тарихи фақат сўзлар тарихи эмас. У — халқнинг дунёқараши, географик тасаввури, ижодий тафаккури ва асрлар давомида сақланиб келган маданий хотирасидир.
Дурдона Расулова, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати