Версия для печати

Мақолалар

Африкани “қутқарган” дарахт...

Африка қитъасининг аксарият ҳудудларида одамлар оғир шароитларда кун кечиради. Озиқ-овқат танқислиги, тоза ичимлик суви улар учун асосий муаммодир. Аммо, Аллоҳ таоло ҳар бир бандани ўз ризқи билан яратган. Халқимизда шундай бир ажойиб нақл бор: “саҳрода туғилган бир бўталоқ учун, бир янтоқ ҳам бор”.  Африкаликлар учун баобаб беҳисоб хазинадир.

Баобаб ёки “adansonia digitata”, яна бир номи “маймунлар нони”, тропик Африканинг қуруқ саванналарига хос бўлган Малваcеае оиласининг Адансониа турига мансуб дарахт тури. Энг қалин дарахтлардан бири – танасининг диаметри 8 метр, барглари ва шоҳ-шаббалари билан биргаликда 45-50 метр, баландлиги 18-25 метрга етади.

Октябрдан декабргача гуллайди. Гулининг ҳажми 20 см бўлиб, тушдан кейин очилади ва фақат бир кеча яшайди. Шунда ажиб бир ҳолат рўй беради: бошқа дарахтларни кундузи қушлар ва ҳашоратлар чанглантирса,  баобаб дарахтини тунда кўршапалаклар чанглантиради. Сабаби баобаб гулларидан таралувчи ўткир ҳид кўршапалакларни ўзига жалб этади.

Эрта тонгда гуллар қуриб қисқа фурсатда тўкилади. Бу дарахтнинг сувга тўйинган юмшоқ танаси турли замбуруқлар учун қулай маскандир. Шу сабаб баобабларнинг ичи ковак бўлади. Бироқ, баобаблар жуда бардошлидир. Улар, тозаланган қобиғини тезда қайта тиклайди. 

Баобаб дарахтининг аниқ ёшини айтиш қийин. Чунки, уларда ёшга оид, йиллик айланалар, ёш ҳалқалари бўлмайди. Энг юқори технологик ускуналар таҳминига кўра баобаб дарахти минг йилгача яшаши мумкин. Шу билан бирга, 4,5 метр диаметрли дарахтнинг радиокарбонат анализлари билан аниқланган (C14 маълумотларига кўра) ёши 4500 йилдан ошганлиги ҳақида далиллар мавжуд.

Баобабнинг деярли ҳар бир қисмидан унумли фойдаланиш мумкин.

Баобаб дарахтининг қобиғидан қаттиқ, кучли толалар олинади, ундан балиқ овлаш тармоқлари, арқонлар, матлар ва матолар ишлаб чиқарилади. Баобаб пўстлоғидан жуда самарали дамламалар: шамоллаш, иситма, дизентерия, юрак-қон томир касалликлари, астма, тиш оғриғи, ҳашаротлар чақиши учун дорилар олинади.

Янги барглари салатларга қўшилади, қуруқлари зиравор сифатида ишлатилади. Нигерияда улар шўрва тайёрлашда ҳам асосий масаллиқлардан ҳисобланади.

Гулининг шираси элим тайёрлаш учун ишлатилади.

Мева таркибидаги шираси занжабилга ўхшайди ва C ва Б витаминларига бой бўлиб, озуқавий қиймати жиҳатидан бузоқ гўштига тенгдир. У тез сўрилади ва чарчоқни кетказади. Мева хамири ҳам қуритилиб, майдаланган ҳолда кукунга айлантирилиб сувда суюлтирилса, у лимонадга озгина ўхшаш юмшоқ ичимлик бўлади. Шунинг учун баобабнинг яна бир номи – лимонад дарахти.

Мевасининг уруғи хом ашё ҳисобланади ва кофе ўрнини босувчи ичимлик учун қовурилган ва майдаланган ҳолда тайёрланади.

Мевасининг қуритилган қаттиқ қобиғи стакан ўрнида ишлатилади. Мевасининг қуруқ ички қисмини ёқса, тутунидан чивинларни ва бошқа безовта қилувчи ҳашаротларни ҳайдаб чиқаради.

Бундан ташқари баобаб мевасидан совун, ёғ ва Шарқий Африка аёллари учун шампун олинади, юзларини эса унинг илдизларини ўз ичига олган қизил шарбат билан бўяшади.

Кўпгина Африка халқларининг мифологиясида баобаб ҳаётни, унумдорликни англатади ва халоскор сифатида намоён бўлади.

Баобаб Мадагаскар халқининг миллий дарахти ҳисобланади. Ушбу дарахт Африка қитъасидаги Сенегал, Марказий Африка ва бошқа бир нечта давлатларнинг гербларида ҳам тасвирланганлиги бежиз эмас.

Баобаб том маънода Африка қитаъси халқлари учун Аллоҳ таоло томонидан улуғ неъмат қилиб берилгандир. Зеро, биргина шу дарахтнинг хом ашёсидан юз минглаб инсонлар, озиқ-овқат, кийим кечак, қурилиш хом ашёсидан тортиб дори-дармонгача, совундан тортиб аёллар пардоз воситаларигача фойдаланади. Энг муҳими юз фоиз табиий тоза махсулотлар.

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан ўлган шаҳарни тирилтирдик” (Қоф сураси, 9-11 оят).

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

2856 марта ўқилди