Мўминларнинг онаси Софийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирган эдилар. У зотни зиёрат қилгани бориб, гаплашиб ўтирдим. Сўнг кетиш учун турдим. У зот ҳам мени кузатиб қўйиш учун турдилар.
Шунда ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан юришни тезлатишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилманглар! Бу Софийя бинт Ҳуяй», дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули (сизни бегона билан турибди деб ўйлармидик?!)» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон одам боласининг қон оқар жойларида юради. Шунинг учун қалбингизга бирор ёмонлик (ёки бирон нарса) ташлашидан қўрқдим», дедилар» Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
“Солиҳлар гулшани” китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан чет элдаги ватандошлар билан учрашиш ва уларнинг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда турли давлатлар қатори уламоларни АҚШ сафарига жўнатиш анъанага айланган.
Жумладан, бугун 28 октябрь куни "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум хизмат сафари билан мазкур давлатга йўл олди.
Сафар асносида АҚШда истиқомат қилаётган ҳамюртларимизнинг Қуръон ва тажвид борасидаги илмларини ошириш ва мазкур давлатда бўлиб ўтаётган Қуръони карим мусобақасининг финал босқичида иштирок этиш режалаштирилган.
Аллоҳ таоло ушбу сафарни манфаатли ва бехатар қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати