14-январь мамлакатимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида кенг нишонланади. Бу байрам кун-у тун чегарада турган, ватанни ички ва ташқи душмандан ҳимоя қилаётган ва шу йўлда жонини тиккан харбийларимизнинг байрами десак бироз камроқ таъриф берган бўламиз. Аслида, бу шодиёна Ўзбекистонимизнинг барча эр йигитларига тегишлидир. Чунки, ўзининг, оиласининг ва яқинларининг жони, моли, шаъни ва обрўини ҳимоя қилаётган ҳар бир эркак ватан ҳимоячиси номига лойиқдир.
Уламолар Аллоҳ таоло инъом этган неъматлар ичида энг тотли ва азизларидан бири бу хотиржамлик ва тинчлик дея таъкидлашган. Зеро, қўлингизда бутун дунё бойлиги жам бўлсаю, тинчлик ва хотиржамлигингиз бўлмаса у бойликдан наф йўқ. Бахт ва саодатни ҳам шу икки неъматсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Демак, тинч ва осуда ҳаёт кечиришимиз ва хотиржам яшашимиз учун хизмат қилаётган мард аскарларимиз бор эканлигини унутмасдан, уларнинг ҳақларига доимо Аллоҳ таолодан мағфират ва саодат тилаб дуо қилмоғимиз лозим.
Аслида, ватанни ҳимоя қилиш Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам савоби улуғ, эвази улкан амаллардан ҳисобланади.
Ҳадиси шарифларда Набий алайҳиссалом: “Бир кун муробата (ватанни ҳимоя) қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир”, – деганлар, бошқа бир ҳадисда эса у зот: “Икки кўзга (дўзахда) олов тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга”, – деганлар. Яъни мамлакат тинчлигини ҳимоя қилиб қўриқчилик қилган аскарларни ҳам Аллоҳ таоло дўзах оловидан асрайди.
Барча Ватан ҳимоячиларини байрам билан табриклаймиз!
Саидаброр Умаров
Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, юртдошларимизнинг бу йилги ҳаж ибодатлари ҳам юқори савияда, тартибли ва муваффақиятли ўтди. Шу муносабат билан мавсум давомида кечани кеча, кундузни кундуз демай сидқидилдан хизмат қилган ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларни тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.
Бир пиёла чой устида ташкил этилган йиғин анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Йиғилганларга мавсумнинг энг ҳаяжонли ва фидокорона лаҳзалари муҳрланган махсус видеоролик намойиш этилди.
Тадбирда дастлаб Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев сўзга чиқиб, мавсум давомида кўрсатилган фидокорлик учун иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
Ҳаж мавсуми давомида юртимиз ҳожилари, айниқса, бу йил илк бор “Президент ҳожиси” сифатида борган жорий этилган 100 нафар фидоий юртдошларимиз Давлатимизнинг бевосита кўмаги ва ғамхўрлигини ҳис қилиб турганлари, улар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилганини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз нутқида бу йилги ҳаж сафари Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита кўрсатмалари, мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорликдаги хизмати эвазига янги босқичга кўтарилганини эътироф этдилар. Бу нарса, айниқса, Мино, Арафот, Муздалифа ва Жамарот майдонларида зиёратчиларнинг хавфсиз ва тартибли ҳаракатланиши, ибодатларини хотиржам адо этишларида кузатилганини таъкидладилар. Шунингдек, ҳамюртларимизнинг ҳаж ибодати кўтаринки руҳда ўтгани Саудия Арабистони мутасаддилари томонидан ҳам юқори баҳолангани қайд этилди.
Шундан сўнг «Ҳаж-2026» мавсумида жонбозлик кўрсатган Ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар жамоаси ҳамда моҳир ошпазларга ташкилотчиларнинг ташаккурномалари, эсдалик ҳадялари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати