— Мен имкон қадар ибодатларимни пинҳона қилишга ҳаракат қиламан, риё бўлиб қолмасин, дейман. Кўпчилик ичида ҳам “мен намоз ўқийман”, дейишга ийманаман. Лекин бир қариндошим намоз ўқишини кўпчилик орасида баралла айтади, кўп ёлғон сўз аралаштириши сезилиб туради. Бу гуноҳ эмасми?
— Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлади. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса, бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими, ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, уламолар: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилиш ширк”, дейишган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммоларига амалий ечимлар берилмоқда.
Жумладан, бугун, 11 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги қабулни ўтказиб, таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам сўраб келган фуқаролар билан самимий суҳбатлашди.
Мурожаатчиларнинг оилавий муносабатларда келганларига муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу эзгу анъана нафақат марказий идорада, балки юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳам ҳар чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам давом эттирилмоқда. Зеро, инсонлар оғирини енгил қилиш – асосий мақсадимиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати