Тил инсоннинг энг мукаррам, шу билан бирга энг хатарли азоси ҳамдир. Агар инсон уни яхшиликга ишлатса, улкан ажр-мукофотларга эга бўлади, бордию ёмонликга ишлатса уни ортидан маломатга қолиши тайин. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг кўпчилик хатолари тилидан” [1] деганлар.
Инсонни абадий саодатга эришиб жаннатга кириши, ёки бахтсиз бўлиб дўзахга киришишининг ҳам асосий сабабчиси тилидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, инсонларни жаннатга киритадиган амалларнинг кўпроғи ҳақида сўралганларида: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” дедилар. Инсонларни дўзахга киритадиган нарсаларнинг аксари ҳақида сўралганларида эса: “Оғиз ва фарж” [2] дедилар. Демак инсоннинг нажот топишига Аллоҳга бўлган тақвоси ва чиройли хулқи сабабчи бўлса, ҳалокатга учрашига тилини лағвдан, авратини зинодан сақламаслиги сабаб бўлар экан. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсани сақлашни кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман. Бирор бир садақа Аллоҳ азза ва жаллага яхши сўздан кўра маҳбуброқ эмас” [3] дедилар.
Сўзнинг аҳамияти шунчалик муҳимки инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши, инсонлар ўртасини ислоҳ қилиши ёки бузиши мумкин. Шундай экан Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган тилларимизни фақат хайрли амалларга ишлатмоғимиз ва уни Аллоҳ ва Росули қайтарган нарсалардан тиймоғимиз лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Токи тилини сақламагунича бирортангиз ҳам иймоннинг ҳақиқатига ета олмайди” [4] дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васаллам ҳадиси шарифда марҳамат қилганларидек иймоннинг ҳақиқатига етиш мақсадида тилимизни ундан сақлашимиз керак бўлган нарсаларни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб билдик. Чунки Аллоҳ таоло: “ (Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”[5] деган.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти
“Таҳфизул-Қурьон” кафедраси ўқитувчиси
Абдулаҳад Собиров.
[1] Табароний ва Ибн Абуддунё ривояти.Ваҳид Абдуссалом Болий. Ҳифзуллисан 5-бет.1990-йил Макка-и мукаррама.
[2] Термизий ривоят қилиб саҳиҳ деган 3.245 Ваҳид Абдуссалом Болий. Ҳифзуллисан 5-бет. 1990-йил Макка-и мукаррама.
[3] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4915- ҳадис. 1990-йил Байрут. Дарул кутубил иълмийя.
[4] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 5005- ҳадис. 1990-йил Байрут. Дарул кутубил иълмийя.
[5] Зориёт сураси 55-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
Аллоҳ таоло одамзодга ақл, эс-ҳушга қўшиб дид, фаросат деган улуғ неъматларни берганки, уларни ишлатган, ишлата олган киши ҳар доим ҳамма жойда эъзоз ва қадр топган. Илло, ишлата олмаган кишининг ўзидан бошқаларни айблаши айни аҳмоқлик, жоҳиллик ва нодонликдир.
Қуръони каримни оёқлари остига олиб тепкилаётганини тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган кимсанинг хатти-ҳаракатлари юртимиз мўмин-мусулмонларининг нафратини уйғотди, ғазабини келтирди. Рост-да, ақлли, соғлом киши шундай ишни қилиши у ёқда турсин, ҳатто хаёлига ҳам келтиришининг ўзи даҳшатли-ку.
Ислом шиорлари улуғланади, диний масалаларга нафақат ҳар бир мусулмон, айни пайтда барча кишилар ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳам одамийлик нуқтаи назаридан, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан зарурдир.
Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхаралаш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг диндан чиқишига сабаб бўлади (Аллоҳ асрасин!).
Ислом таълимотига кўра, “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкати аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади. Мусҳафи шариф, ояти карималар кўчирилган варақлар шуларнинг энг олд сафида туради.
Аллоҳ таоло Ислом шиорларини қадрлашга тарғиб этган ва уларни топташ, масхаралашдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят), – деб хитоб қилган.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: «“Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”. Шунда Cавбон розияллоҳу анҳу: “Ё Раcулуллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Қуръони каримнинг даражаси шу қадар улуғки, ҳатто Мусҳафни таҳоратсиз ушлаб бўлмайди. Қуръонни ушламоқчи бўлган одам таҳоратли бўлиши вожибдир. Аллоҳ таоло: «Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган (Воқеа сураси, 79-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни пок одамгина ушлайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг Китобини унинг мавқеига муносиб, чиройли ғилофда сақлаш вожиблиги, тозалигига этибор қаратиш, муносиб жойга қўйиш ҳам вожибдир.
Уламолар: “Қуръони каримни ахлатга ташлаган одам кофир бўлади”, дейишган. Каломуллоҳнинг ҳурматини жойига қўймайдиган одамга Мусҳафни сотиш ҳаром.
“Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусҳаф душманнинг қўлига тушиб қолиш хавфи бўлса, Мусҳаф билан душман ерларига сафар қилишдан қайтарганлари келтирилган.
Уламоларнинг фатволарида бундай дейилади: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқости қилса, шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Биз Қуръони каримни улуғлашни солиҳ салафлардан ўрганишимиз керак. Имом Қатода раҳимаҳуллоҳ: “Қуръони карим ўқиганимдан буён пиёз емадим”, деган бўлса, Имом Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Қуръон ўқиётиб сизни эсноқ тутиб қолса, эсноғингиз кетгунича ўқимай туринг”, деган.
Аллоҳнинрг оятларини оёқости қилаётган кимсалар наҳотки Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Кимдир сизга Мусҳаф берса, уни тик турган ҳолда олинг. Чунки уламо ва азиз кишилар келганда туриш мустаҳаб саналади. Мусҳаф (учун туриш) авлороқдир”, деганини англамаса...
Қуръони каримни хорлаш, масхаралаш, қадрини ерга уриш кофир ва мунофиқ кимсаларнинг ишидир. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади: “Кофир бўлганларга бу дунё зийнатли қилиб қўйилган. Улар имон келтирганлар устидан куладилар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақволи бўлганлар улардан баланддирлар” (Бақара сураси, 212-оят).
Ислом шиорларини, хусусан, Қуръони каримни масхара қилиш мўминга ҳам, соғлом ақл эгасига ҳам мутлақо ярашмайди. Айниқса, мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилар экан, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини ҳурмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчидир.
Толибжон НИЗОМ