Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Узоқ йиллардан буён юртимиз аёлларида диний билимларнинг заифлиги, унинг таълимотларидан бехабарлиги, шу боис ҳаётларида диний кўрсатмаларга мувофиқ ҳаракат қилмасликлари сабабидан қалбимизда бир оғриқ туяр эдик. Шу туфайли бундай ҳолатларни муолажа қилиш фикри бор эди. Уларнинг диний саводсизлиги фақат эътиқодий таназзулга эмас, дунёларига ҳам таъсир қилгани, ўзлари билангина чегараланиб қолмасдан, фарзандларига, ҳатто эрлари ва ён-атрофдагиларига ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлаганидир. Аёллардаги бу салбий ҳолат тездан ислоҳ қилинмаса, сурункали касалликка ўхшаб, маҳкам ўрнашиб олиши мумкин. Шуларни ўйлаганимиз боис ғамимиз янада зиёдалашмоқда.
Диний илмсизлик туфайли уларнинг эътиқоди, амали, хулқи, яъни бутун турмуш тарзи барбод бўлиши мумкин. Бу ҳолатда ҳатто баъзи куфрга далолат қилгувчи сўз ва ишлардан иймонларини сақлаб қолиш ҳам мушкул бўлиб қолади.
Муҳтарама аёлларимиз бошланғич таълим манбаи бўлганлари сабаб хулқ, амал, фикрлаш каби муҳим кўникмалари фарзандларига беихтиёр таъсир кўрсатади.
Оналарнинг сути, оғизларидан чиқаётган сўзлари, қилаётган хатти-ҳаракатлари ҳамда амаллари орқали болаларга соф эътиқод, гўзал фикр-хаёллар, чиройли хулқ, покиза исломий табиат мерос бўлиб ўтиши керак. Акс ҳолда, фарзандларнинг нафақат дини барбод бўлади, балки дунёлари ҳам бемаъно, бемақсад бўлиб қолади.
Инсоннинг эътиқоди соф ва мустаҳкам бўлмас экан, ундан ахлоқсизлик пайдо бўлади. Ахлоқсизлик эса барча бадхулқлик, беамалликни келтириб чиқаради. Бундан, албатта, оила ҳамда жамиятга улкан зарарлар етади, парокандалик юзага келади.
— Куфр сўз ёки куфр амални ёқтирмоқ (Масалан: бошқа дин вакиллари ибодатида айтадиган сўзларини ёқтирмоқ).
— Бирортасига куфр сўзни айттирмоқ.
— Ўзининг мусулмонлигига пушаймон бўлмоқ.
— Фарзанди ёки бирор яқини вафот топганда: «Болам Худога керак экан, Ўзига олди» (астағфируллоҳ) каби иддаоларни гапирмоқ.
— Аллоҳ ва Расулининг бирор ҳукмини адолатсиз деб билмоқ ва ундан айб қидирмоқ.
— Бирор Пайғамбар ёки фариштани ҳақорат қилиш, камситиш.
— Бирор пири муршид ёки улуғ зот ҳақида «Улар ҳар доим бизнинг ҳолимиздан хабардор бўлиб туришади», дея эътиқод қилиш.
— Мунажжимлар – жинлар билан дўст тутинган, яъни «одамларим бор» дегувчи кишилардан ғайб хабарларини сўраш, фол очириш, уларнинг сўзларини тасдиқлаш.
— Валийларнинг арвоҳлари борасида «Улар ҳозиру нозир, ҳамма нарсани билиб туришади», деган эътиқодда бўлиш.
—«Ё Алий», «Ё пирим» дея нидо қилиб,«Бу нидойимни улар эшитади», деган эътиқодда бўлиш.
— «Довуд пайғамбар», «йигит пирим», «отамнинг арвоҳлари қўлласин» дейиш.
— Муродини Аллоҳдан бошқадан, хусусан ўтганлардан сўраш.
— Ўтган валийлардан, қабр соҳибларидан ризқ ёки фарзанд сўраш.
— Кимгадир бирор нарсани аташ. Масалан: «Фалончи пиримга шунча танга атадим», қабилида.
—Уларнинг номига назр аташ («Талхис» 61-бет).
Шунингдек, улар беморга шифо бериш, камбағални бойитиш каби ҳожатталаб ишларда Аллоҳдан ўзгадан ёрдам сўрар эдилар (Назр қилишдаги ширк ҳам шулар жумласига киради. Чунки Аллоҳдан ўзгага назр қилувчи келган ёрдамга шукр қилиш мақсадида ёки бўлажак ёрдамдан умид қилиб назр айтади). Мушриклар ҳам санамларига назр атар ва ўша назр туфайли улардан мақсадларига эриштиришларини кутар эдилар. Баракот умидида уларнинг исмларини тиловат қилардилар. Аллоҳ таоло мусулмонларга намозларида «Иййака наъбуду ва иййака настаъийн – Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 4-оят) деб айтишни вожиб қилди. Бу сажда ва ибодатда ширк келтиришдан қайтариш эди.
— Ўтганлар номига атаб ҳар хил жониворлар ёхуд хўроз-товуқ сингари паррандалар сўйиш.
— Бирор кишининг қабри ёки маконини тавоф қилиш.
— Бирортасига ибодат мақсадида сажда қилиш.
— Кимгадир рукуъ даражасида бош эгиш.
— Жинларга, ўтганларнинг арвоҳларига атаб чироқ ёқиш.
— Қайсидир валийнинг номига кокил аташ.
— Хоч тақиш.
— Дунё ишларига, инсонлар тақдирига юлдузларнинг таъсири бор, деб эътиқод қилиш.
— Бирор ой ёки кунни насх (ёмон) кун деб билиш.
— «Агар Аллоҳ ва унинг Расули хоҳласа, фалон иш бўлади», дейиш.
— «Аллоҳ ва Расули кўриб турибди», деб айтиш.
Модомики, «Жаннат оналар оёғи остидадир», деб марҳамат қилинган экан, у ҳолда аёллар соф эътиқодли бўлмоқлари, фарзандларининг тарбиясида ҳам дақиқ нуқталарга эътибор қилмоқлари лозимдир.
«Беҳишти зевар» китобидан
муаллиф: Ашраф Али Таҳонавий
Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадийнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган сиёсий мулоқот, маданий дипломатия ва иқтисодий ҳамкорликнинг амалий давомидир. Ташриф давомида тарихий мерос, цивилизациялар мулоқоти ва замонавий тараққиёт концепцияларини уйғунлаштирган Марказ экспозициялари билан танишган делегация Ўзбекистоннинг бой цивилизацион мероси бугунги ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик стратегиясининг муҳим қисмига айланаётганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари, Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар вазири Айман ас-Сафадий бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари Марказ музейи экспозициялари билан таништирилиб, унинг концепцияси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Меҳмонларда энг катта қизиқиш уйғотган экспозициялардан бири Буюк Ипак йўлига бағишланган бўлим бўлди. Қадимги савдо йўллари хариталари, Шарқ ва Ғарбни боғлаган карвон йўллари, цивилизациялар ўртасидаги иқтисодий, илмий ва маданий алмашинув жараёнларини акс эттирувчи экспозициялар юзасидан делегация аъзолари мутахассисларга кўплаб саволлар билан мурожаат қилди.
Амир Темур ва Темурийлар даврига бағишланган бўлим ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, машҳур хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмаси, Бибихоним тарихи ҳамда Темурийлар даврининг юксак маданий муҳитини акс эттирувчи экспонатлар алоҳида эътибор марказида бўлди.
Делегация, шунингдек, Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги замонавий ташқи сиёсати ва глобал ҳамкорликларига бағишланган интерактив харитага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Турли давлатлар билан шаклланган стратегик шериклик ва дипломатик муносабатларни акс эттирувчи рақамли экспозициялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида ташкил этилган спорт бўлими эса ташрифнинг энг самимий лаҳзаларидан бирига айланди. Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида қўлга киритган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Суҳбат давомида спортнинг халқлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим восита экани алоҳида қайд этилди.
Айман ас-Сафадий, Иордания ташқи ишлар вазири:
– Ўтган йили Жаноби Олийлари Қирол Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифидан сўнг бу ерга келиш мен учун алоҳида мамнуниятдир. Ўша ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеа бўлди. Бизни қардошлик ришталари, муштарак тарих ва ўзаро ишонч бирлаштириб туради. Бугун эса ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида изчил иш олиб боряпмиз.
Бугунги Ўзбекистон кенг қамровли ислоҳотлар ва жадал тараққиёт босқичини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу тараққиётнинг маънавий асосларини мустаҳкамлайдиган, миллий меросни илмий асосда сақлаш ва уни халқаро ҳамжамиятга тақдим этишга хизмат қиладиган муҳим муассасадир.
Бой тарихни келажак тараққиёти билан боғлай олган бундай маскан ҳар қандай халқ учун бебаҳо бойликдир. Ишонаманки, ана шу мустаҳкам тарихий пойдевор Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига ҳам хизмат қилади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун аниқ мақсад ва равшан истиқболга эгамиз. Олдимизда ҳали фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжуд. Жорий йил якунида Ўзбекистон Президентининг Аммон шаҳрига ташрифини катта мамнуният билан кутмоқдамиз. Ишончим комилки, бу учрашув стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлайди, — деди Иордания ташқи ишлар вазири.
Ташриф якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов делегация аъзоларига Марказнинг эсдалик совғаларини топширди.
Шунингдек, Айман ас-Сафадий Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Ушбу қайд Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий дўстлик, умумий маънавий қадриятлар ҳамда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган умумий интилишларнинг рамзий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати