Мақолалар

Аллоҳнинг Арши ларзага келади

(Каттақўрғон шаҳар «Қориравот» жоме масжиди имом-хатиби Сайдилло домла Рўзиев билан суҳбат)

– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатга тайёрланиш асносида имом-хатибларимиз халқимизнинг қувончли кунида ҳам, қайғули кунида ҳам ёнида бўлишларини мулоҳаза қилдим. Шу сабабли сизлардан жуда кўп сўровлар бўлади, албатта. Бугун сизга қайси мавзуда кўпроқ савол бериляпти?

– Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассалому ъалаа Расулиллаҳ. Ҳақиқатан, бизга телефон орқали ёки бевосита ўзимизга турли саволлар билан мурожаат қилишади. Энг кўп учрайдиган, долзарб бўлган саволлардан оила мавзусини олишимиз мумкин. Динимизда бу масалага жиддий қаралади.

Ёш оилалар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши табиий ҳол. Ана шу келишмовчиликлар чиққан вақтда шариатдан бехабар баъзи эрлар, билиб ёки билмай, жуфти ҳалолларига нисбатан талоқ сўзини ишлатишга одатланиб қолишган. Арзимаган нарсалар сабаб ҳам аёлига талоқ бериб юборадиганлар йўқ эмас.

– Ўрни келганда талоқ сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига тўхталиб ўтсангиз. Шунда бугунги мавзу янада тушунарли бўларди, иншааллоҳ.

– «Талоқ» сўзининг луғат жиҳатдан моддий ва маънавий тугунни ечиш деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса, махсус бир лафз билан никоҳни кетказиш, никоҳни бузиш, эр-хотин ўртасидаги ҳалолликни нуқсонга учратиш деган маънони билдиради. «Махсус лафз»дан мурод талоқ ёки унинг маъносини англатадиган сўзлардир. Яъни талоқ ҳам дейиш мумкин ёки талоқ маъносини ифодалайдиган бошқа сўзни айтиш ҳам мумкин. «Никоҳни кетказиш» никоҳ аҳдини, боғланган никоҳни ечиб, орадаги ўша маънавий боғланишни йўқотиш дегани.

Никоҳланаётган вақти эр-хотин икки гувоҳ ҳузурида бири иккинчисига ўзини бахшида этгани иккинчиси қабул қилгани билан никоҳ аҳди боғланади. Қаранг, бир лафз билан никоҳ аҳди боғланади, биргина талоқ лафзи билан ана шу боғланган аҳд ечилади. Никоҳ келин-қуёв ўртасида ҳалоллик олиб келса, учта талоқ билан ўша ҳалоллик барҳам топади. Яъни талоғи берилган аёл ўзини талоқ қилган кишига ҳалол бўлмай қолади. Демак, шариатимизда энг охиргиси уч талоқ, учта талоқ олган хотин кейин ўзининг эрига ҳалол бўлмай қолади. «Ҳалоллигини нуқсонга учратиш» дегани бу эр бир талоқ қўйса, уч талоқдан биттаси эрнинг зиммасидан кетади. Хотининг унга ҳалоллиги нуқсонга учрайди. Эрда икки талоқ қилиш ҳуқуқи қолади, лекин ўша бир талоғдан кейин яна аёлига қайтиб, бирга яшаши мумкин.

– Аслида, талоқ бериш қачон жоиз бўлади?

– Шариатда ҳар бир нарсага йўл кўрсатилган. Талоқ бу охирги чора. Эр-хотин бирга яшашининг умуман иложи қолмаган вақтда, бирга яшаш умуман умид йўқ вақтда охирги чора сифатида шариатимизда талоқ қилишга рухсат берилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол – талоқдир», дейдилар. Демак, талоқ қилиш асли ҳалол, рухсат берилган. Фақат бу рухсатдан хотин билан бирга яшашнинг умуман иложи қолмаган вақтда фойдаланилади. Хотин фашҳ иш устида қўлга тушса, эр у билан бирга яшашга аниқ кўзи етмайди, бирга яшай олмайди. Ана шунда охирги чора сифатида талоқ қилиниши мумкин. Ўшанда ҳам шариатга ва суннатга мувофиқ талоқ берилиши керак. Демак, ҳалол билан ҳалолнинг ҳам фарқи бор экан. Яъни Аллоҳ таоло баъзи ҳалолларнинг баъзисини ёмон кўрар экан. Талоқ сўзи шунчалик Аллоҳга ёқимсизки, бу сўздан ҳаттоки, Аллоҳнинг Аршини ларзага келади дейилган. Бир мўмин эркак хотинига талоқсан деса Аллоҳ таолонинг Арши ларзага келар экан. Демак, талоқ сўзини буҳудага айтилинмайди. Бу охирги чора сифатида рухсат берилган нарса.

– Талоқ бериш жоиз ҳолат юзага келганда уни амалга ошириш тартибига ҳам аниқлик киритиб кетсангиз?

– Аввало, динимизда ҳар иш шариатга мувофиқ қилиниши муҳим. Демак, талоқ қилувчи шаръий талоқ бериши керак. Ҳанафий уламолардан Камол ибн Ҳумам ва Ибн Абдинлар: «Аслида талоқ ман қилинган ва яхши нарса эмас, фақат ноилож қолинган пайтда истисно тариқасида рухсат берилган», дейишган.

Аслида талоқ тақиқланган нарса экан, фақат уни мубоҳ қилувчи ориз бўлганда, яъни бир талоқ қилишга мажбур бўлиб қолгандагина рухсат берилган. Талоқнинг мубоҳ бўлиши хотин билан яшашнинг умуман иложи йўқ вақтда охирги чорадир. Сабабсиз, ҳожат тушмай туриб ёки арзимаган нарсалар учун талоқ содир бўлса, бу аҳмоқлик, пасткашлик, куфрони неъмат бўлади. Беҳудага хотинига талоқ айтавериш аёлга, унинг қариндошларига ва болаларига озор беришдир. Бу катта гуноҳ бўлар экан. Бу гапларни ҳар бир мусулмон эркак, аёл яхшилаб билиб олиши керак. Ҳожатсиз, шаръий узрсиз талоқ қилган одам катта гуноҳга қўл уради.

Демак, талоқнинг шаръий бўлиши уни суннатга мувофиқ амалга оширишдир. Бу сунний талоқ дейилади. Бунда хотинни ҳайз ва нифосдан пок бўлгандан кейин, яқинлик қилмасдан туриб бир талоқ қўйилади. Яъни ҳайз-нифосдан пок бўлган вақтда тегинмайди-да, бир талоқсан, дейди. Сўнг аёли кейинги ҳайз кўргунича жимо қилмайди, иккинчи поклик тугагач, яна бир талоқ қўяди. Шундай қилиб учинчи мартадан кейин уч талоқ тушади. Мана шу – суннатга мувофиқ талоқ. Бирданига уч талоқни қилиш шаръий эмас, бидъат ёки бидъий талоқ дейилади. Бирданига уч талоқ деган киши гуноҳкор бўлади. Бидъий талоқ сунний талоққа хилоф. Албатта, бидъий талоқ қилган одамнинг ҳам талоғи тушади-ю, лекин бундай қилган киши катта гуноҳкор бўлади.

Ҳозир илми йўқ йигитчалар бирдан хотинига уч талоқ деб юборяпти. Уч талоқдан кейин эрда хотинига нисбатан иддадан бошқа ҳаққи қолмайди. Тўрт ою ўн кун идда ўтирган аёл эрига тамоман бегонага айланади. Аёл бошқа турмуш қилиб, кейинчалик ундан ажраб, идда ўтирганидан кейингина биринчи эрига никоҳланиши мумкин бўлади.

Бу ердаги муҳим жиҳат аёлнинг иккинчи эр билан никоҳи саҳиҳ бўлиши керак. Шариат кўрсатмаларидан бирортасига хилоф равишда амалга оширилган фосид никоҳ бу хотинни биринчи эрига ҳалол қилмайди. Келишиб олиб, ҳалола қилиш учун ёки иддаси тугамай ўқилган никоҳ билан аёл биринчи эрига қайта олмайди. Иккинчи эр билан тўлақонли жимо бўлиши керак, у билан қўшилиб, лаззатланиш содир бўлиши керак. Агар бундай бўлмаса, аёл иккинчи эрига ҳалол бўлмайди, биринчи эрига қайтиб тега олмайди.

– Хотинига талоқ берган аксарият кишилар «Маст эдим» ёки «Жаҳлим чиқиб турганида талоқ бериб юборибман», деб ўзларини оқламоқчи бўлишади. Бунга нима дейсиз?

– Ҳақиқатда, талоқ мавзуси бериладиган саволларнинг асосий қисмини мастликда ёки жаҳл чиқиб турган ҳолатда қўйилган талоқ ўтадими деган мазмунда. Бизнинг мазҳабда маст ҳолатда талоқ берган кишининг талоғи тушади дейилган. Чунки ароқ ичган одам гуноҳи кабирага қўл урди. Яъни Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ичди. Унинг устига яна хотинига талоқ айтиши – гуноҳнинг устига гуноҳ. Бошқа мазҳабларда ақлини йўқотган кишига ҳукм берилса-да, бизнинг мазҳаб уламоларимиз ароқ ичганлигига зажратан ҳам маст одамнинг қилган талоғи тушади, дейишган. «Нима учун ақлини йўқотган бўлса, бориб опасига, онасига ёки уйидаги бирор ҳайвонга сен талоқсан, деб айтмаяпти. Айнан хотинига талоқ дейишга ақли етяпти. Демак, унинг ақли жойида», деб ҳукм қилишган. Осмон билан ернинг фарқига бормайдиган бўлса, у бошқа масала.

– Домла, талоқнинг ҳикматини нималарда кўриш мумкин?

– Дунё тарихига назар солинса, талоқнинг чегараси бўлмагани яхши, эркак хоҳлаган вақтда талоқ беришга ҳаққи бўлиши керак, деган жамиятлар ҳам бўлган. Жоҳилият даврида ҳам шунга ўхшаш тушунчалар ҳукм сурган. Тасаввур қилинг, бечора аёл эрига сал ёқмай қолса, эри ҳам ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмай талоғини бераверса. Бу нарса аёл кишига нисбатан зулмдир.

Шунингдек, талоққа мутлақо рухсат бермаслик керак, деган тоифалар ҳам бор. Ҳозир ҳам бунақалар учраб туради. Аслида улар бу гапни яхши ният билан айтаётган бўлиши мумкин, лекин бунда инсоннинг табиати ҳисобга олинмаган. Ҳаётда ҳар хил ҳолат учрайди. Баъзан эр-хотин ажрашмаса, ундан-да оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ажрашиш учун барибир бир йўл бўлиши керак. Жоҳилият даврида ҳам эр хотинига талоқ бермаган-у, йиллаб унга қарамаган, хоҳлаганча эзган. Бу тўғри йўл эмас. Инсон – хоҳ у аёл, хоҳ эркак бўлсин, бир турмушдан ҳаловат топмадими, бошқа биров билан оила қуриб яшашга ҳаққи бор.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Исломда бу масалада ўртача йўл тутилган. Лекин шунда ҳам маълум шарт-шароитни ҳисобга олиш лозим. Аввало талоққа ноилож қолганда, эр-хотин ажрашмаса бўлмайдиган охирги нуқтага келинганда рухсат берилган. Демак, бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло сизу биз, бандаларини, нимага тоқатимиз етади, нимага етмайди яхши билади. Шунинг учун уни Аллоҳ таоло шариатга киргизди. Бу инсон учун енгиллик, яъни охири берк кўча эмас.

Энди ёшларга насиҳатимиз Аллоҳ таолонинг ҳукми ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари билан ҳалол-покиза қилиб олган жуфти ҳалолларини бир оғиз сўз орқали ўзларига ҳаром қилиб қўйишмасин. Албатта, ҳаётда ҳар хил ҳолат бўлади. Шунда дарҳол тилимизга талоқ сўзини олмайлик. Кейинги пушаймондан фойда йўқ. Қанча-қанча йигитлар ўртада фарзанд бор, деб йиғлаб келишади. Чунки талоқ айттиргандан кейин шайтон уни ўз ҳолига ташлаб қочиб кетади. Хатосини тушуниб етганда эса кеч бўлади. Шайтоннинг энг катта ютуқларидан биттаси оилада талоқ сўзини айттириш, эр-хотиннинг ўртасини ҳаром қилиш бўлар экан.

Демак, талоқ қўйган йигит билсинки, у шайтоннинг айтганини бажо келтирди, унга ёрдам берди, уни семиришига хизмат қилди. Шайтонни хурсанд бўлишига хизмат қилди. Хотин унга ҳаром бўлганидан кейин ҳам у билан яшашда давом этган киши Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳудуди-чегараси бузган бўлади. Унинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Унинг орқасидан катта-катта балолар келиши мумкин. Чунки Аллоҳнинг чегараси бузилса, Аллоҳ таоло, албатта, интиқом олади. Валлоҳу аълам бис-савоб.

 

Ғиёсиддин Юсуф суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 2(23) сонидан

425 марта ўқилди

Мақолалар

Top