— Намозда ва зикр айтилаётганда беихтиёр эсноқ келади, бу яхши эмас, деб эшитдим. Эсноқ ихтиёрсиз келса, нима қилиш керак?
— Иложи борича эснашни қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Аммо бунинг имкони ҳеч бўлмаса, қўл билан тўсилса ҳам бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ акса уришни хуш кўради, эсноқни эса хуш кўрмайди. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтса, ташмит (Ярҳамукаллоҳ, яъни Аллоҳ сенга раҳм қилсин) айтиш уни эшитган ҳар бир мусулмоннинг зиммасига ҳақдир. Эсноқ эса фақат шайтондандир. Киши қўлидан келганича уни қайтарсин. Қачон “Ҳа-а-а”, деса, шайтон унинг устидан кулади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз эснаганда қўли ила оғзини ёпсин, шайтон оғизга киради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Намозни зам суралар маъноларини тафаккур қилиб ўқиш ҳамда ҳар намозга янги таҳорат олиш эсноқ келишининг олдини олади.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан