ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Яна билгилки, Ҳавзи Кавсардур,
Анда юлдузча зарфлар бордур.
Пулдин ўтиб, бу суда турғайлар,
Халқни бу суға чўмурғайлар.
То юйулғай томуғ ғуборидин,
Кўнгли тинғай бу лаҳза боридин.
Тинибон кўнгли, борғай учмоққа,
Юз туман шукрлар дегай Ҳаққа.
НАСРИЙ БАЁН
Ҳавзи кавсар ҳақлиги баёни
Яна билгинки, Ҳавзи Кавсар ҳақдир, унда юлдузларча қадаҳлар – сув идишлари бордир. Сирот кўпригидан ўтгандан кейин бу сув ёқасида турадилар. Халқни – инсонларни бу сувда чўмдирадилар. Токи дўзах ғуборлари ювилиб, шу лаҳза инсоннинг кўнгли барчасидан тинади – таскин топиб, хотиржам бўлади. Кўнгли тиниб – таскин-тасалли топиб, сўнг жаннатга киради, Ҳақ таъолога юз минг шукрлар айтади.
ИЗОҲ. Далил – Кавсар сураси, 1-оят маъноси: “(Эй Расулим!) Шубҳасизки, Биз сизга Кавсарни ато этдик”.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожда ўзларига охиратда ато этиладиган Кавсар анҳори кўрсатилганини айтганлар (Забидий, “Саҳиҳи Бухорий” шарҳи, XI, 1761-1762-ҳадислар).
Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ), “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Саҳиҳи Бухорий)дан ҳадислар:
4964-ҳадис. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: «Жаноб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмонга (меърожга) чиқарилганларидан кейин, бундай деб ҳикоя қилдилар: «Бир дарё (сув) олдига келдим. Унинг икки қирғоғи ичи ғовак марвариддан ишланган. Мен ҳазрат Жаброилдан: «Бу нима?» – деб сўраганимда, у киши: «Бу (Ҳавзи) Кавсар», – деб жавоб бердилар».
1196-ҳадис. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менингг уйим билан минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир! (Охиратда) минбарим Ҳавзи Кавсарим устида (ёқасида) бўлади», – дедилар».
1344-ҳадис. Ҳазрати Уқба ибн Омир ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангида шаҳид бўлганларга ўз ажали билан ўлган майитга ўқигандек жаноза ўқидилар. Сўнг, минбарга чиқиб: «Мен сизлардан аввал бориб (жаннатдан жой) тайёрлаб турувчиман ва мен сизларга (иймонларингиз ва яхши амалларингизга) гувоҳман. Аллоҳга қасамки, ҳозир мен Ҳавзи Кавсарни кўриб турибман, менга Ер хазиналарининг калитлари (ёки «Ер калитлари», – дедилар шекилли) топширилди. Аллоҳ ҳаққи, мен вафотимдан кейин сизлардан хотиржамман, фақат, мол-дунё кетидан қувмасангизлар, деб қўрқаман», – дедилар».
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.
Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.
– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.
Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:
– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.
Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.
Акбаршоҳ Расулов