Илми йўқлар ўқимасин!
1) Ислом дини ҳикматларидан, шариат илмларидан, дунёвий билимлардан бехабарлар ўқимасин! Барибир англамайди.
2) Бесаводлар ўқимасин! Барибир тушунмайди.
3) Илми йўқлар ўқимасин! Барибир билмайди.
Инсон – табиати қизиқ... Баъзан муҳим ва долзарб ишлар турганда, арзимас, майда-чуйда нарсалар билан овора бўлиб, атрофидагилар билан ўзаро баҳслашади, тортишади. Борди-ю, мунозарада ютқазса, қарши томонни айблайди, ҳатто уни динсизга ҳам чиқариб қўяди. Бу – кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган ҳолат эмас. Бундай ҳолат, айниқса, муқаддас динимизнинг асл моҳиятини чуқур тушунмайдиган ёки бошқаларнинг маънавиятига тобе кишиларда кўпроқ учрайди.
Гапнинг индаллоси... 8 март яқин. Ҳар баҳор шу бўлар такрор деганларидай, кўклам келиши билан мусулмонлар ўртасида бир мавзу такрорланади: “8 март – Халқаро хотин-қизлар кунини нишонласа бўладими?”
Илмсизликнинг энг юқори чўққиси
Биринчи-иккинчи синфдаги боламизга "4 – 9 неча бўлади ?" десак, "Айриб бўлмайди!" деб, ҚАТЪИЙ жавоб қилади. Лекин 6-7 синфдаги фарзандимиздан сўрасак, " Минус (–) 5 бўлади! " деб жавоб қилади. Нега? Чунки математика, алгебра фанларидаги "мусбат ва манфий сонлар" мавзусини 1-2 синфдаги болакайимиз ҲАЛИ ЎТМАГАН! 6-7 синфдаги бола ушбу мавзуни мактабида ЎТИБ, УҚИБ, ТУШУНИБ, АНГЛАБ, БИЛГАНИ учун БЕМАЛОЛ аниқ ва ТЎҒРИ жавоб берди.
Қуйидаги масала ҳам ҲУДДИ шундай...
Мақола шу зайлда бошлангани бежиз эмас. Негаки, ҳар сана баҳор фасли яқинлашгач, битта савол ғужғон айланади.
Табиийки, кимлардир бу саволни “билиб” сўрашади, айримлар билмай. Билганларнинг мақсади гўё ўзини оммага кўрсатиб қўйиш, риёкорлик қилиш, динга, дин пешволарига тош отиш, халқ ибораси билан айтганда, сувни лойқалатишдан бошқа нарса эмас. Акс ҳолда ҳар йили бу савол такрор бўлавермас эди.
Ўзи байрам қачон пайдо бўлган?
Аввало, ўқувчига тушунарли бўлиши учун ушбу байрам тарихи ҳақида тўхталсак. 8 март 1908 йил биринчи марта Америка Қўшма Штатларида байрам қилинган. 1909 йилдан 1913 йилгача, февраль ойининг охирги якшанбасида нишонланган. Дастлаб байрамнинг қайси куни нишонланиши борасида кўп чалкашликлар бўлган. 1911 йилдан Халқаро хотин-қизлар куни Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда 19 мартда нишонлана бошланган. Кейинчалик 12 май санасида нишонланган. 1914 йилдан 8 март байрам куни сифатида белгиланган.
Бу кун Ангола, Гвинея, Камбоджа, Хитой, Конго, Лаос, Македония, Непал, Жанубий Корея ва Уганда давлатларида дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳозир бу байрам кўпгина давлатларда дам олиш куни ва аёллар байрамидир.
8 март байрами ҳақида ҳамма ҳар хил фикрда... Кимлардир уни нишонласа, кимлардир нишонланиши керак эмас, деб ҳисоблашади. Лекин, ҳеч ўйлаб кўрганмизми, аслида оналаримиз, опа-сингилларимизни табриклашимиз, уларни кўнгилларини шод этиб, қадрлашимиз учун 8 мартни кутишимиз шартми? Уларга фақат йилда бир кун, 8 март кунигина эътибор қаратишимиз, ширин сўзлаб, табриклашимиз керакми? Улар учун ҳар бир кунни 8 март байрамидек завқли ва чиройли кунга айлантиришимиз шарт эмасми?!
Шу ўринда бир мулоҳаза. Баъзи мўмин-мусулмонлар ҳам 8 мартни байрам қилиш динимизда йўқ, дейишади. Лекин муҳтарама аёлни эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш – динимиз амри, Парвардигори оламнинг фармони, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан, нега энди биз айнан 8 март куни хотин-қизларни эъзозламаслигимиз керак экан?!!
“Табрик”, “Муборак”, “Баракот”!
1)Ҳадиси шарифларда айтилишича, тўлиқ, мукаммал саломнинг бир тури – "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу" дейишимиз экан.
2)Намозни ичида салавотда "Аллоҳумма борик аъалаа Муҳаммадин..." деймиз.
3)Доно халқимиз ҳанузгача бир инсонга яхшиликни тилаганда ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган "Баракалла!"(Боракаллоҳ!) деган иборани ишлатади.
4)"Барака топ!", "Барака топинг!" ёки "Умрингдан барака топгин!", "Умрингиздан барака топинг!" деган олқишларни ким эшитмаган?
5)”Улуғ айёмларингиз муборак бўлсин!” деб байрамларда ўз яқинларини табрикламайдиган инсон бормикан?
6)Ойларнинг подшоси Рамазон ойлари кирганларида ҳам "Рамазон ойларингиз муборак бўлсин!" дейиладими?
7)Ҳаж ибодатини адо қилиб келганимизга "Ҳажингиз муборак бўлсин!" дейилса керак?
8)Ҳар икки ҳайитларда "Ҳайитингиз муборак бўлсин!" деган иборани ишлатмаган одам йўқ, шекилли?
9)Кундаги ҳаётимизда ҳам миллатидан, жинсидан, ирқидан, ёшидан, маълумотидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ҳар қандай ақл-заковатли, ота-онасидан нафақат тарбия кўрган, балки шу тарбияни олган инсон бирон яқин кишисига янги уй олса, янги мошина олса, янги ишга ўтса, ўз соҳасида бирор ютуқга эришса, тўй қилса, уйланса, янги кийим кийса, "муборак бўлсин!" дейди. Бир сўз билан айтганда, яқинимизнинг ҳаётида бирон яхшилик ёки янгилик содир бўлса, ўз-ўзидан тилимизга беихтиёр "муборак бўлсин!", "табриклайман!" деган иборалар келади.
Юқорида зикр этилган ўринларда ҳаммасининг ичида "барака" деган сўз мавжуд.
1)"Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу",
2)"Аллоҳумма борик аъалаа Муҳаммадин...",
3)"Баракалла!"(Боракаллоҳ!),
4)"Барака топ!", "Барака топинг!","Умрингдан барака топгин!", "Умрингиздан барака топинг!",
5) ”Улуғ айёмларингиз муборак бўлсин!”,
6)"Рамазон ойларингиз муборак бўлсин!",
7)"Ҳажингиз муборак бўлсин!",
8)"Ҳайитингиз муборак бўлсин!",
9)"Муборак бўлсин!", "табриклайман!"
Араб тилида нафақат сўзлари бир неча маънони, балки 28 та харфлари ҳам луғавий сўздан ташқари рақамли маъноларни ҳам ифода этишини билмайдиганлар "Барака" араб тилидаги сўз булиб, унинг ўзбек тилига таржимаси “Аллоҳ таолонинг баракаси”, “Илоҳий файз”, “Худонинг раҳмати”, ”Илоҳий бахт”, ”Улуғ ризқ”, “Барака”, “Мўл-кўллик”, “Серҳосиллик”, “Серобчилик”, “Беҳисоб бойлик”, ”Бандасигагина бериладиган беқиёс неъмат” деган маъноларни англатишини қаердан ҳам билишсин?!
“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё,
Иллат излаганга иллатдир дунё”
Аслида улардан хафа ҳам бўлиш ножоиз, чунки уларни Худои таолонинг Ўзи шундай қилиб яратган-да! Тошбақа билан чаён ҳикоясидаги чаён каби.
Хўш, шундай экан, йилда бир марта дастурхон атрофида оилавий йиғилишиб, буви, она, опа, сингил, хуллас, аҳл аёлларини табриклаш мумкин эмасми?!
Дарвоқе, нафақат бирор байрам, балки исталган санада, хохлаган кунда ҳам Худои таоло ман этган ёки шариатимиз қайтарган нарсаларни истеъмол қилиш қатъиян мумкин эмаслигини билмаган одам йўқ...
Асл мақсад-муддао нима?
Биз бугун ахборот технологиялари ривожланган асрда яшаяпмиз. Бугун савоб қозониш имконияти қанчалик кенг бўлса, гуноҳга ботиш йўллари ҳам шунчалик кўп. Мўмин-мусулмон киши ҳар доим эҳтиёт бўлиши, бўлар-бўлмас гапларни айтавермаслиги, тилини тийиши ва ҳар ким ҳақида яхши гумонда бўлиши зарур. Акс ҳолда, Парвардигори оламнинг ҳузурига ким қай аҳволда боришни ҳеч ким билмайди...
“Одам билмаган нарсасига душман”, деган бир доно ҳикмат бор. Дарҳақиқат, шундай. Айниқса, оддийгина ўрта мактабнинг 5-6 синфларида ўтиладиган дарсларини билмаган 4-5 нафар на одоб-ахлоқдан, на дину диёнатдан, на диний-на дунёвий илмлардан бехабарларнинг, дунёқараши ўта тор бўлиб, бурнидан у ёғини кўраолмайдиганларнинг муқаддас ва пок Ислом динимизнинг аҳкомлари хусусида турли саволлар тарқатиб, мўмин-мусулмонларни чалғитишга нима ҳақлари бор?!?
Исломда аёл
8 март илк тарихи – хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, тенгҳуқуқлилик талаб этилган. Хўш...
Аллоҳ таоло инсоният наслини давом эттириш учун аёлга оналик имконини берди. Аёл эркак учун таскин, осойишталик ва либос тимсолига айланди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир” (Аъроф сураси 189-оят). Бошқа бир оятда эса: “Улар (Аёллар) сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз” (Бақара сураси 187-оят), деб марҳамат қилинган.
Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган (масалан: Исро сураси 23-24 оятлар, Луқмон сураси 15-оят, Аҳқоф сураси 15-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: «Жаннат – оналар оёғи остидадур!» – деб марҳамат қилганлар. Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши билан баробар, оилада унинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳам борлиги айтилган (масалан: Бақара сураси 228-оят).
Аёлларга чиройли муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга намуна бўладилар! Аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда нафақат Ислом оламига, балки бутун жамиятга ибратдирлар. У Зоти шарифнинг муборак охирги васиятларида бундай машҳур жумлалар бор эди: “Огоҳ бўлинглар, аёлларга яхши муомала қилинглар!..” (Имом Термизий ривоятлари).
Бошқа ҳадиси шарифларида: “Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир!” (Имом Термизий ривоятлари);
«Кимнинг бир қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутулиб, жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади»;
«Мўминларнинг энг имони мукаммали – гўзал хулқлисидир! Сизларнинг энг яхшингиз – ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир!», дейилган.
Абу Умомадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банда Аллоҳга бўлган имондан сўнг эришган яхши нарса солиҳа аёл бўлиб, унга амр қилса – итоат қилади, қараса – хурсанд қилади, қасам ичса – уни оқлайди ва ғойиб бўлса – ўз нафсида ва молида унга яхшиликда бўлади,” – дер эдилар» (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Олмониялик таниқли олима Аннамарие Шиммелнинг “Жонон менинг жонимда” китобида бундай жумлалар келади: “Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот – аёл, она ҳисобланади”.
Исломда Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги биринчи ўринга қўйилган амал силаи раҳм бўлиб, уни энг яқин жигарлардан, яъни оналар, фарзандлар, опа-сингил, амма ва холалардан бошлашга тарғиб этилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аёллар – эркакларнинг ажралмас қисмидирлар», деган ҳадисларига биноан, аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир.
Шикоятини Аллоҳ таоло эшитган аёл
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу асҳоблар билан масжиддан қайтаётганларида бир аёл йўлларини тўсиб, таъна қила бошлади: «Эй Умар, сени бир вақтлар “Умарча” дейишарди, кейин “Умар” деб аталадиган бўлдинг. Бугун эса сени “мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, масъулият бобида Аллоҳдан қўрқ, ким Қиёмат кунидан қўрқса, ўша олис кун унга яқинлашиб қолади, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар уни қўрқувга соладиган бўлади”. Ҳамроҳлари Ҳазрат Умарга: “Шу кампирнинг гапига қулоқ солиб ўтирибсизми?” – дейишди. Шунда Ҳазрат Умар: “Бу аёлнинг кимлигини билмайсизларми? У – Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба бўлади. Унинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?” – дедилар».
Аёл билан маслаҳатлашинг!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтларда аёллари билан маслаҳатлашганлар. Ҳудайбия сулҳи воқеасида мушриклар билан сулҳ тузилгандан кейин саҳобаларга: “Туринглар, қурбонликларингизни сўйинглар ва сочингизни олинглар”, – дедилар. Ана шу гапларини саҳобаларга уч марта такрорлаб айтсалар ҳам, бирор киши ўрнидан турмади.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама разияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, воқеани айтдилар. Умму Салама разияллоҳу анҳо: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Шундоқ қилишларини хоҳлайсизми? Чиқинг-да, улардан бирортасига бирор сўз айтмасдан, қурбонлигингизни сўйинг, соч олувчингизни чақиринг, сочингизни олсин”, – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама разияллоҳу анҳо маслаҳат қилганларидек иш тутдилар. Саҳобалар У Зот саллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, қурбонликларини сўйдилар ва сочларини олдириб, У Зотга дарҳол эргашдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Ер юзида Ислом динини илк қабул қилган инсон – айнан аёл (!) киши бўлгани аёлларнинг фахрланишлари учун етарлидир! Бу аёл – Хадича разияллоҳу анҳодирлар.
1500 га яқин китоб ёзган ҳиндистонлик буюк олим Ашраф Али Таҳонавий “Баёнул Қуръон” деб номланган тафсирни ёзаётган пайт аёли у кишига: “Уйдаги қушларга дон бериб, сўнг мадрасага кетинг”, – деди.
Ҳазрат “Баёнул Қуръон”нинг хаёлида аёлининг гапини эсдан чиқариб, мадрасага кетаверибди. У зотнинг шогирдларидан Шафеъ Усмоний айтади:
“Агар бир одамнинг 1500 та китоб ёзишига кимки шубҳа қиладиган бўлса, унга ўзим кўрганимни айтиб берай: “Мен Таҳонавийнинг қаламини қўли тегмаган ҳолда китобнинг устида айланиб ёзаётганини кўрганман”.
Ўша куни тафсирни давом эттирмоқчи бўлган олимнинг қалами қимирламабди. Ҳарчанд уриниб, уни юргизишга ҳаракат қилмасин, қалам жойида қотиб тураверибди. Шунда Яратганга “Ё Аллоҳим, мен ҳар доим ёзишга ўтирганимда, қалам ўзи ёзишни бошларди, мендан нима гуноҳ содир бўлдики, бугун қаламим ёзмаяпти?” – деб нола қилибди. Шунда уйдан чиқаётганида аёли қушга дон беришни айтгани эсга тушиб, қаламни ташлаганча, уйга югуриб кетибди.
Уйга бориб, қушга дон бериб келганидан сўнггина қалам қимирлаган экан.
Қалам ёзишни бошлаган жой эса Қуръони каримнинг Нисо сурасидаги «Аёлларингиз билан яхши муомалада бўлинглар!» деган оят экан.
Модомики шундай экан, Онага, Аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш – азалий қадриятларимиздан биридир. Соҳибқирон Амир Темурнинг: “Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим”, деган ҳикматли сўзи асрлар ошса-да, ўз моҳиятини йўқотмаган. Қадимдан аёлни эъзозлаган давлат гуллаб яшнаган, равнақ топган. Аёлни ардоқлаган оила эса бу дунёнинг жаннатига эришган.
Аёл ердан чиққан эмас, эркак – унинг отаси.
Ўғил кўкдан тушган эмас, аёл – унинг онаси.
Хулосаи калом
Динимизда аёлга эътибор нақадар юксак эканини бугун ҳамма эътироф этади. Қуръони каримда ҳам аёлларга эҳтиром кўрсатиш эркаклар зиммасига юкланган, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлларни эъзозлаган эканлар, наҳотки биз бу ишни бир кунга – 8 мартга хослаб олган бўлсак. Шундай экан, ҳар куни аёлларни эъзозлашимиз, улар учун ҳар кунни “8 март” қилишимиз керак эмасми?!
Она ўрнин ато тутмас ўғилға,
Ки мумкиндур ўғил бўлмоқ атосиз,
Масиҳо бирла Марямдин қиёс эт,
Ки имкон йўқтурур бўлмоқ аносиз
(Алишер Навоий).
Клара Цеткин исмли аёл 1910 йил Копенгагенда ўтказилган Иккинчи халқаро аёллар конференциясида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан булса, динимизнинг асосий манбаси Каломуллоҳда 14 асрдан зиёдроқ вақт аввал аёлни эъзозлаш илоҳий амр билан буюрилган.
Сен ҳаммадан суюксан, суюклигинг унутма, аёл!
Фарзанд деб дил куюксан, куюклигинг унутма, аёл!
Пайғамбару авлиё, жаҳонгирга сен – Она,
Шу боис ҳам буюксан, буюклигининг унутма, аёл!
Ҳақиқий бахт эса, аёлни асл маскани – оиласи бағрига, фарзандлари қучоғига, эркакларнинг ардоғига қайтаришда! Унга оналик бахтини, аёл мукаррамлигини ва гўзаллигини, назокатини, ҳаё ва иффатини қайтариб беришда. Шундай экан, аёлни эъзозлаш, улар учун ҳар кунни 8 март қилиш зарур!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Кибр, ўзини бошқалардан юқори деб ҳисоблаш, улардан устун қўйиш, ўзини бошқаларга нисбатан юксак кўриш ва уларга нисбатан мағрурлик қилишдир. Бу, кўпинча одамларнинг бошқа кишиларни пастга уриш, улар билан адолатли муносабатда бўлмаслик ва ўзини жуда катта кўрсатиш каби хулқ-атворларни ўз ичига олади.
Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васила йўқдир.
Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало ва офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.
Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир. Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир.
Аллоҳ таоло: “Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ “масхара” қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир” (Тавба сураси, 79-оят), деб айтган.
Яна: “Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят);
“(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга ҳасад қилманглар ва савдода сохталик билан келишиб, нархларни оширманглар. Бир-бирларингизга ғазаб қилманглар ҳамда орқа ўгириб, муносабатларни бузманглар. Баъзиларингиз айримларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, хўрламайди ҳам, паст ҳам санамайди. Тақво бу ерда”, деб, уч бора қалбларига ишора қилдилар. “Мусулмон биродарини паст санаган киши ёмон эканига далолат қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўсини (суиистеъмол) қилиши ҳаромдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Тадаббур қилган кишига бундан-да фойдаси кўп, манфаати улуғ ва яхшироқ ҳадис бўлмаса керак”, дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида зарра миқдорича кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, киши чиройли кийим ва чиройли пойабзал кияди (бу ҳам кибр бўладими?)" деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ чиройлидир. Чиройлини яхши кўради. Кибр эса ҳақни бузиш ва кишиларга паст назар билан қараш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Биз «юз ўгирма» деб таржима қилган маъно оятда «тусоъъир» деб келган. Бу маъно, аслида, туяда учрайдиган бир касалликка нисбатан ишлатилар экан. Ўша касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан-юқорига ҳаракатлантириб, ёнбошга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана ўша касал туяга ўхшатилмоқда.
«Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма».
Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.
«…ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».
Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ, хеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган.
Шунингдек, ибн Абу Лайло ривоят қилган хадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “Ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, ҳокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.
Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хатти-ҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши осмон илмини ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламаганидан сўнг айтибди:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…
Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим-у, лекин сен ҳузуримга келганингдаги “бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор”, деган кибр-ҳавойинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билан тўлиб қолган экан, – деб жавоб қилибди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ дедиларки: "Агар мутакаббир кишини кўрсанг билгинки, унинг намози кам ёки ундан бутунлай маҳрум бўлган. Чунки кибр билан кўп сажда қилиш бирга жамланмайди".
Ривоят қилишларича: Бир кишиникига меҳмон келиб қолди. Уйда меҳмонга қўядиган ҳеч вақо йўқ эди. У бир литр қатиқ олиб келиб, беш литр сув қўшиб, туз ва муз солиб, айрон тайёрлади. Бир литр қатиқ беш литр сувни қабул қилиб, тотли ичимликка айланди. Агар ўша қатиққа бир томчи бензин тушиб кетганида уни ичиб бўлмас эди.
Худди шунингдек, салгина такаббурлик ҳам амални бузиб юборади. Мутакаббир кимса Аллоҳдан тўсилади, халойиқ томонидан нафратга учрайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Чунки уларга ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар», деган (Соффот сураси, 35 оят).
Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жавваз ҳам, жаъзарий ҳам жаннатга кирмайди", дедилар.
* «Жавваз – муомаласи қўпол одам».
* Жаъзарий – мутакаббир, қилмаган иши билан фахрланувчи.
Баъзи бир кишилар ибодат миқёсидаги маънавий ва моддий амалларни қилиб, (ҳаж, умра ва масжид ёки йўл қуриб) кибрланиб, мақтаниб бошқа кишиларни бундай ишларни амалга оширмаганликда айблаб, ўзларини улардан юқори олишади. Аслида ана шу ишлар халқни пулига бажарилган бўлади. Бундай кимсалар аслида энг разил ва пасткашлардир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар…”. (Тавба сураси 102-оят) Аллоҳ таоло биздан маъсумликни талаб қилмади. Аксинча, гуноҳ содир бўлганида тавба ва синиқликни истади.
Одам алайҳиссалом гуноҳ қилганида эътироф қилиб гуноҳига истиғфор айтди. Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.
Иблис эса гуноҳ қилганида мутакаббирлик қилди, тавба қилмади. Аллоҳ ундан юз ўгирди.
Ким гуноҳ қилиб қўйиб сўнгра тавба қилса қиёматда Одам алайҳиссалом билан тавба қилувчилар карвонида бўлади.
Ким гуноҳ қилиб сўнгра тавба қилмасдан мутакаббирлик қилса Иблиснинг карвонида бўлади.
Ортидан кибрни эргаштирувчи биттагина гуноҳ, ортидан синиқлик, пушаймонлик ва тавбани эргаштирувчи мингта гуноҳдан оғирроқдир.
Аллоҳ таоло гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб тавба қилувчиларга муҳаббати ўлароқ Ўзини Ғофур дея номлади.
Бандаларини Ўз муҳаббатига тарғиб қилиш учун Ўзини Вадуд дея номлади.
Сизни синдириб сиздаги ужбни кетказадиган битта гуноҳ, қалбингизни мағрурланиш ва ужбга тўлдирадиган тоатдан яхшидир, қайсидир маънода!
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.