Бу – ўқи дегани. Кейин, илмини зиёда этишлигини сўраш марҳамат қилинган. Илм исташ аслида машаққатли юмуш. Мирзо Бедил уни поёнсиз уммонга ўхшатиб, кимки сувнинг тубига чуқур шўнғисагина марварид териши мумкинлигини таъкидлаган.
Шукрки, ўтмишимиз мана шундай беназир зотларга бой. Тарихимиз тархида рўй берган иккита ренесанс даври ана шунинг яққол тасдиғидир. Олиму алломаларимиз фаннинг қайси йўналишида машғул бўлишмасин дунёга довруқ таратганлар. “Устоз ул-араб вал-ажам” – Маҳмуд Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган олим сифатида мусулмон шарқида машҳур. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" асари Қуръони каримдан кейин тургувчи муҳим манбаа сифатида талқин қилинади. Аҳмад Фарғоний Нил дарёсининг сатҳини белгиловчи асбоб ясаб – нилометрга асос солган, асарлари “Алфраганус” номи билан таржима қилиниб, Европанинг бир қатор университетларида дарслик қўлланма сифатида амалда бўлган. Ибн Сино – медицина асосчиси, Абу Райҳон Беруний бобомиз эса Христофор Колумбдан бир неча аср муқаддам улкан уммон ортида қуруқлик борлигини башорат қилиб – Америка заминини очган. Амир Темур Соҳибқиронга фарангистонда Европанинг халоскори сифатида тилладан ҳайкал қўйишган бўлса, Улуғбек Мирзонинг даҳоси ва бетакрор закоси бутун дунёга фалакиёт илмидан ҳозирга қадар сабоқ бериб келади...
Бу маълумотлар бурун ҳам кўп бор айтилган, маърифий мақолалар ва илмий тадқиқотлар мавзуси бўлиб келган. Бироқ, у худдики марварид доналари каби тарқоқ, бир ипга тизилмаганди. Шунинг учун ҳам на муносиб зийнат ва на аслига мувофиқ қиймат касб этарди.
Президентимизнинг буюк хизматлари шундан иборатки, пойтахтимизнинг Хастимом мавзеида қурилаётган ислом маданияти марказини халқаро Ислом цивилизацияси маркази сифати номлаш таклифини билдирдилар. Қурилиш кўлами ҳам ҳам, фаолият тури ҳам шунга мувофиқ кенгайди. Улуғвор ўтмишимизга алоқадор барча осори атиқалар, археологик топилмалар, улуғ аждодларимиз томонидан яратилган қўлёзма ва тошбосма асарларни тўплаш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, бугунги кунда шу борада яратилган ёзма ва аудиовизул асарлар фондини яратиш масаласига жиддий эътибор қаратдилар.
Марказда архив фонди, таъмирлаш устахоналари, нашри ишлари олиб борилади. Республикамиз ва хорижлик мутахассисларнинг илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишлари учун қулай шарт-шароит яратилади. Бинобарин, 813 йили ал Мамун томонидан Боғдодда асос солинган “Байт ул ҳикма”, 1004 йили Урганч шаҳрида хоразимшоҳ Али ибн Маъмун томонидан ташкил этилган Академия ҳам бебаҳо бироқ тарқоқ тошларни бир ипга тизиш тадорига билан бошланган эди.
Марказ биноси марказидан Усмон мусҳафининг ўрин олиши эса илму ирфон борасида улуғ аждодларимиз қўлга киритилган барча ютуқ ва натижалар ислом таълимотига таяниб эришилганига ишора. Бу эса ислом дини маърифатга молик таълимот эканига берилган яна бир юксак баҳо бўлиши баробарида, қайси бир соҳада бўлмасин “Бисмиллоҳ” билан бошланган иш барорли бўлишига эслатма ҳамдир. Муҳими, бу ғоя милатимизни уйғонишга ундайди. Ўсиб келаётган ёш авлодда илмга иштиёқ пайдо қилади. Парвозга шайлайди. Зотан, муборак ҳадисларда “Илм исташ ҳар бир муслиму муслима учун фарз” экани марҳамат қилинган.
Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилоят бош имом хатиби
Бугун, 15 ноябрь куни "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" мавзусида халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори академик Акмал Саидов қатнашди. Шунингдек, хорижий мутахассислар, дипломатик корпус вакиллари, диншунос-экспертлар, исломшунослар, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний конфессия етакчилари ва миллий маданий марказлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этди.
Сўзга чиққан нотиқлар томонидан турли маданият ва дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, улар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Ўзбекистон тажрибаси юксак эътироф этилди. Кўп миллатли халқимиз қадимдан бағрикенглик ва меҳмондўстлик фазилатлари билан танилгани, қайси жамиятда аҳил-иноқлик мустаҳкам қарор топган бўлса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар ривожланиши, инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини алоҳида таъкидладилар.
Очилиш маросимидан сўнг конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирди. Ҳар бир шўъбада диний бағрикенглик, ижтимоий барқарорлик, таълим ва маънавий-маърифий жараёнларга оид долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати