Ўзбек давлатчилиги тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Бу борадаги аниқ далиллар мамлакатимиз ҳудудида харобалари сақланиб қолинган шаҳар ва кентларга оид манбалардан яққол намоён бўлади. Ана шундай қадимий давлатлардан бири Фарғона (Даван) давлати ҳақида гувоҳлик берадиган Ахсикент ёдгорлигидир. Ушбу қадимий кентдан қолган харобалар буюк тарихимиздан сўзлайди.
«Дунё» АА хабарига кўра, Ахсикент ёдгорлиги бугунги кунда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган.
Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган.
Тарихий манбаларда, хусусан, «Бобурнома»да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.
Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1219 йилда мўғуллар томонидан шаҳар бутунлай вайрон қилинган. Қасрнинг эски ўрнидан 5-7 километр ғарбда бунёд этилган янги шаҳар Ахси 14-17 асрларга оиддир. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган.
Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.
Ахсикат харобаларидан ғарброқда ўрта асрларга оид яна бир шаҳар харобалари борлиги аниқланган. Академик Я.Ғуломов ва археолог И.Аҳроров мазкур тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганини, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Бобур туғилган Ахси эканини биринчи бўлиб исботлади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ахсикент ҳақида ўзининг «Бобурнома» асарининг 1494 йилги воқеалар бобида алоҳида тўхталган. «Сайҳун сувининг шимолий тарафидаги шаҳарлардан бири Ахсидир. Китобларда Ахсикат деб ёзадилар. Чунончи, Асириддин шоирни Асириддини Ахсикатий дейдилар. Фарғонада Андижондан кейин бундан йирикроқ шаҳар йўқ.
Ахси Андижондан ғарб сари тўққиз йиғочлик йўлда. Умаршайх мирзо буни пойтахт қилган эди. Сайҳун дарёси қўрғонининг пастидан оқади. Қўрғони баланд жар устида жойлашган. Хандақ ўрнида чуқур жарлар бор. Буни пойтахт қилган Умаршайх мирзо бир-икки маротаба ташқарироқдан яна жарлар қаздирди. Фарғонада бунчалик мустаҳкам қўрғон йўқ. Маҳаллалари қўрғондан бир шаръий йироқроқда жойлашган. «Қишлоқ қаердаю, дарахтлар қаерда?" мақолини афтидан Ахси учун айтганлар. Қовуни яхши бўлади. Бир нав қовунини „миртемурий" дейдилар, бундай қовуннинг бошқа жойда ҳам борлиги маълум эмас. Бухоро қовуни машҳурдир. Самарқандни олган пайтимда Ахсидан, Бухородан қовун келтириб, бир ўтиришда сўйдирдим. Ахси қовунининг ҳеч мисли йўқ эди. Овланадиган қушлари беҳад яхши бўлади. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи даштдан иборат. Оқ кийиги кўп бўлади. Андижон тарафи тўқай; буғу-марал, қир-ғовул ва ёввойи қуён кўп. Аксари жуда семиз бўлади», деб ёзган буюк саркарда.
Ахсикентда тайёрланган қуроллар «Дамашқ қиличлари» номи билан дунёга машҳур бўлиб, Ғарбда Дамашқ, Шарқда Хитой бозорларида сотилган.
Ахси ва унга ёндош ҳудудлардаги олиб борилган сўнгги қазишма натижасида кўплаб ноёб топилмаларни қўлга киритилди.
Шунингдек, бугунги кунда Наманганда «Ахси саййидлари» илмий-маърифий, меъморий мажмуасида музей фаолият кўрсатмоқда. Ахси осори-атиқалар музейида айни пайтда 516 та экспонат мавжуд.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган. Қадамжони тадқиқ этиш, унинг жозибадорлигини ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида махсус концепция ишлаб чиқилган. Айни кунда шу асосда Фарғона водийсида ички туризмни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.
Айни пайтда Президентимизнинг кўрсатмаларига биноан, бу ерда катта музей ташкил этилмоқда. Ахсикентнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилади. Камолиддин Беҳзод чизган суратлар асосида Умаршайх Мирзо ва Бобурнинг ёдгорликлари бунёд этилади. Сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилади.
Ахсикент ёдгорлиги ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси объекти ҳисобланади. Тарихи эрамиздан аввалги IV асрларга бориб тақалувчи бу ноёб ёдгорликни чуқур ўрганиш, қадим пойтахт шаҳар тарихи билан юртдошларимиз, хорижий сайёҳларни таништириш вилоятда туризмни ривожланиши учун кенг имкониятдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди