Бугунги кунда дунёнинг айрим етакчи давлатлари “тинчлик учун” шиори остида амалга ошираётган зўравонлик, қўпорувчилик ва босқинчиликка асосланган баъзи ҳатти-ҳаракатлари тинчликка олиб бормаслиги аниқ бўлиб бормоқда. Аксинча, тинчликка уруш ва низоларга барҳам бериш орқали эришилади. Давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумэътироф этилган умуминсоний қоидалар асосида ташкил этилиши тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг тўғри ва самарали йўли ҳисобланади.
Аммо турли зиддиятларни келтириб чиқариш ва шу йўл билан ўз мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Шундай кучлар бор экан, низоли вазиятларни сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Бу ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва хушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз билан қарашни талаб этади.
Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимотининг асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони карим “Ҳужурот” сурасининг 9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш муҳимдир.
Қуръони каримдаги “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида,2), деган оят ҳам юқоридаги мулоҳазанинг ўринли эканини кўрсатади.
Халқ орасида фитна қўзғатиш, тўҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бундай ҳаракатлар исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони карим “Бақара” сурасининг 191-оятидаги “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деган кўрсатма ҳамда “Нур” сурасининг 11-21-оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани ҳақидаги қайдлар юқоридаги фикрларнинг тўғри эканини тасдиқлайди.
Тинчликни сақлаш учун ҳар бир киши масъул, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Хусусан, ҳалол меҳнат билан сифатли ва мўл ҳосил етиштирган деҳқон, одамлар ёки юкларни қоидаларга амал қилган ҳолда бешикаст, эсон-омон ўз манзилига етказиш оддий ҳайдовчининг барқарорлик ва осуда ҳаётни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Жумладан, Қуръони каримда: “Агар мўмин бўлсангиз (билиб қўйингизки), Аллоҳнинг (ҳалол касбдан) қолдиргани сизлар учун яхшидир. Мен эса, сизларга (бойликларингизга) қўриқчи эмасман”(Ҳуд, 86), дея қайд этилган.
Бу оят билан ҳалол меҳнат, пешона тери билан орттирилган бойликнинг баракали бўлиши ҳақида баён этилмоқда. Шу билан бирга, хоҳ моддий, хоҳ маънавий бойлик бўлсин унинг қўриқчиси – ҳалол касб, ҳалол меҳнат экани таъкидланмоқда. Демак, ўз касби ва бурчига виждонан ёндашув тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Қўшнилар ўртасида ўзаро ҳурмат, самимият ва дўстлик осойишта ҳаёт, юрт тинчлигини таъминлашнинг асосидир. Зеро, қўшнилар ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат маҳалладаги аҳилликка, ўз навбатида, бу юрт тинчлигига замин яратади. Шунинг учун ҳам, исломда қўшничилик муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Қуръони карим “Нисо” сурасининг 36-оятида шундай дейилади: “Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю, бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Ҳадисларда ҳам “Қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб таъкидланади. Демак, инсон қўшнилари билан тинч-тотув ва ўзаро меҳр оқибат билан ҳаёт кечириши, унинг икки дунё саодатига эришишига сабаб бўлади.
Юқоридаги каби даъватлар айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик ва худкушликлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англашга, ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашга ундайди.
Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизлик ва хавфу хатарларни олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: “… Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.
Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзолари ҳам юқоридаги оятда келтирилган кимсаларга қиёслаш мумкин.
Тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.
Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон киши шуки унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор чекмайдилар!”, деб марҳамат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин экани таъкидланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда айрим фирқа ва тоифаларнинг мусулмонман, деб турган халқнинг ичида парокандалик, оиласида зиддиятларни келтириб чиқаришга қаратилган урунишлар исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир.
Демак, бундай ҳаракатларга қарши курашиш, жаҳолатга қарши маърифатни қўйиш ҳам тинчликни мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.
Юқоридагиларнинг замирида шуни англаш лозим бўладики, Ислом дини нафақат фирқаларга бўлиниш ва жамиятдаги ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, тинчлик ва хотиржамликни издан чиқариб, ўзаро тушунмовчилик, адоват ва низоларни келтириб чиқаришга, балки унга замин яратилишига ҳам қарши экани аён бўлади.
Маъруфхон Алоходжаев,
“Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:
إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).
وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ
“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).
وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ
“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).
Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ
“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).
Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ
“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).
Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.
Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.
Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).
Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.
Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.
Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.
Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:
Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.
Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.
Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.
Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси