Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

СОҲИБҚИРОН – БУЮК БУНЁДКОР

9.04.2021   1754   5 min.
СОҲИБҚИРОН – БУЮК БУНЁДКОР

Аждодларимиз ёзиб қолдирган бебаҳо асарларни ўқиб, қурдирган бетакрор иморатларни томоша қилиб, барпо этган беназир боғу роғларни кўриб кишининг нафақат маърифати, маънавияти юксалади, баҳридили очилади, айни пайтда боболаримизнинг ақлу заковатига қойил қолади.

Буюк саркарда, адолат тимсоли, соҳибқирон Амир Темур асос солган боғларнинг номларини эшитиб, у киши Қуръони каримдан тўлиқ хабардор бўлгани аёнлашади.

Саҳибқирон Қуръони каримда зикр этилган жаннатнинг 8 номидан келиб чиқиб, ўзи барпо эттирган боғларини номлаган.

Қуйида Амир Темур боғларини ояти карималар асосида номлаганини мисоллар билан келтирамиз.

 

  1. Боғи баланд

Соҳибқирон Самарқанд Шимолидаги Чўпонота мақбараси яқинида (ҳозирги аэропорт атрофи) набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Уни барпо қилишида Эрон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар боғчилик санъати усталари ҳамда меъморлари қатнашган. Боғ ўртасида Табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли қаср бўлиб, унинг атрофидаги узумлар, анжирзор ва олмазорлар боққа гўзал бир тароват бахш этиб турган.

Ояти карима: فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ  «(Улар) олий жаннатдадирлар» (Ғошия сураси, 10-оят).

 

  1. Боғи беҳишт.

1378 йили Соҳибқирон Самарқанднинг Ғарбида суюкли хотини Хайрунисога атаб қурдирган. Айрим ёзма манбаларда “Боғи Жаннат” номи билан аталади. Боғ ўртасидаги атрофи ҳандақ билан муҳофаза этилган сунъий тепалик устида табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли сарой бўлган. Саройга бир неча кўтарма кўприклар орқали кирилган. Бу боғнинг бир тарафида ҳайвонот боғи бўлиб, турли хил ҳайвонлар сақланган.

Ояти карима: يَقُولُونَ سَلَامٌ عَلَيْكُمُ ادْخُلُوا الْجَنَّةَ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ «“Сизларга салом! Қилиб ўтган амалларингиз билан жаннатга кирингиз!” – дерлар» (Наҳл сураси, 32-оят).

  1. Боғи давлатобод.

 Бу боғ Самарқанддан 13 км. жанубда, ҳозирги катта Ўзбекистон трактининг чап томонида бўлган. Амир Темур бу боғда зафарли юришлардан қайтгач, дам олган, хорижий элчиларни қабул қилган. Унда ариқлар, тўртта ҳовуз, катта сарой бўлган. Сарой сунъий тепа устига қурилган, атрофи ҳандақ билан ўралган. Унга иккита кўтарма кўприк орқали кирилган.

Ояти карима:  وَاللَّهُ يَدْعُو إِلَى دَارِ السَّلَامِ وَيَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ «Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади» (Юнус сураси, 25-оят).

 

  1. Боғи дилкушо.

 Кўнгил очувчи боғ. 1397 йилда Амир Темур хотинларидан бири Тукалхоним шарафига қурилган. Бу боғ Самарқанддан 5 кми шарқда, Панжакент йўлининг ўнг томонида (қадимий Хиждувон қишлоғи ўрнида) жойлашган. Ҳар тарафи 900 метр узунликдаги баланд пахса девор билан ўралган. Боғнинг тўртта дарвозаси марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган. Сарой деворларига Соҳибқирон олиб борган урушлардан лавҳалар чизиб қўйилган. Бу боғ ўрнида ҳозирги кунда Дилкушо қишлоғи жойлашган.

Ояти карима: إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي مَقَامٍ أَمِينٍ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ  «Албатта, тақволи зотлар (у кунда) осойишта жойда – боғлар ва чашмалар устида бўлурлар» (Духон сураси, 51–52-оятлар).

 

  1. Боғи жаҳоннома.

(Жаҳон кўзгуси). Амир Темур Самарқанддан етти фарсах (42 км.) нарида, Зарафшон тоғи этагида қурдирган (тахминан Ургут туманида). Унда сарой ва қалъа бўлган. Боғнинг ҳудуди жуда ҳам катта бўлиб, йўқолиб қолган от 6 ойдан сўнг топилган экан.

Ояти карима: فِي مَقْعَدِ صِدْقٍ عِنْدَ مَلِيكٍ مُقْتَدِرٍ  «(Улар) қудратли подшоҳнинг (Аллоҳнинг) ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар» (Қамар сураси, 55-оят).

 

  1. Боғи майдон.

Чўпонота тепалиги этагида, Самарқанднинг шимолида жойлашган. Тарихий манбаларга кўра, боғда ҳашаматли айвон (кўшк) ва қимматбаҳо тошлардан ясалган тахт бўлган. Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек бу боғни янада обод қилган. Бу боғ ўрни ҳозир ҳам Боғи Майдон деб аталади.

Ояти карима: وَمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا لَهْوٌ وَلَعِبٌ وَإِنَّالدَّارَ الْآَخِرَةَ لَهِيَ الْحَيَوَانُ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ «Бу дунё ҳаёти фақат (озгина) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (ҳақиқий) ҳаёт (жойи)дир» (Анкабут сураси, 64-оят).

 

  1. 7. Боғи нав.

Янги боғ. Бу боғни 1404 йилда Амир Темур Самарқанднинг жанубида қурдирган. Лолазор қишлоғи ўрнида жойлашган. Бу боғ тўртбурчак шаклида бўлиб, атрофи баланд пахса девор билан ўралган, ҳар бурчагида минора қад кўтариб турган. Марказида бошқа боғлардагига нисбатан каттароқ қаср, унинг олдида катта ҳовуз бўлган.

Ояти карима: لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا الْحُسْنَى وَزِيَادَةٌ وَلَا يَرْهَقُ وُجُوهَهُمْ قَتَرٌ وَلَا ذِلَّةٌ أُولَئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

«Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳнинг дийдорини кўриш) бордир. Уларнинг юзларини қоралик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Айнан ўшалар жаннат аҳлидирлар. Улар у ерда мангудирлар» (Юнус сураси, 26-оят).

  1. Боғи чинор.

Амир Темур Самарқанднинг шарқида (Конигилнинг жанубий-ғарб тарафида, ҳозирги Қўштамғалик тепалиги ўрнида) барпо қилдирган. Унда ажойиб чинорлар кўп бўлган. Боғнинг марказида сарой жойлашган.

Ояти карима:  عِنْدَهَا جَنَّةُ الْمَأْوَى «“Маъво боғи” ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир» (Нажм сураси, 15-оят).

 

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   2924   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ