Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Октябр, 2026   |   13 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:26
Қуёш
06:45
Пешин
12:12
Аср
15:47
Шом
17:32
Хуфтон
18:46
Bismillah
24 Октябр, 2026, 13 Жумадул аввал, 1448

Ислом шиорлари ўйинчоқ эмас, уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

29.04.2021   7210   8 min.
Ислом шиорлари ўйинчоқ эмас, уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Юксак тараққий этган ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Тонгда уйғонишимиз билан “ақлли” телефонни қўлига олиб, ижтимоий тармоқларга кирамиз. Бу – дунёдаги аксарият одамнинг одати. Шу тариқа ҳар ким истаса-истамаса, ўзини ахборот майдони ичра кўради. Кимлардир бу майдонда – тарқатувчи, кимлардир – оддий иштирокчи, кимлардир – ўша ахборотларнинг қурбони, кимлардир эса – шунчаки кузатувчи…

Афсуски, ахборот тарқатиш борасидаги мутлақ эркинлик баъзида тарбиясизликка сабаб бўлиб қолмоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда тарқатилаётган лавҳалар орасида ҳақоратли сўзлар, туҳматли иборалар, муайян шахсларни обрўсизлантириш қасд қилинган тасвирлар кўпайиб бормоқда. Энг ёмони, уларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки “фейк”, яъни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Бу қилмишлар ортида қандай ғаразлар ётгани жумбоқ…

Айниқса, бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани кишини янада кўпроқ ташвишга солмоқда. Муборак Рамазон ойларида ижтимоий тармоқларда на динимизга ва на одобимизга тўғри келмайдиган видеотасвирлар тарқади. Уни ҳамма кўрди. Аммо… “интернет усталари”дан нечовларининг хаёлига рўза, ифтор ҳам ислом шиорларидан бири экани келди? Илло, айрим интернет фойдаланувчилари рўза ҳам – ислом шиори эканини билганларида эди, балки бундай қилмаган бўлардилар. 

Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.

Бу ҳақда кейинги вақтларда олиму зиёлиларимиз турли сабаблар билан кўп ва хўб ёзишга, Аллоҳ таолонинг ушбу амрини бот-бот бизларга эслатиб туришга мажбур бўляптилар.

Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади.

Масалан,

  • Каломуллоҳ, яъни Қуръони карим, унинг тиловати, азон,
  • Аллоҳ таоло фарз қилган – намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз устини бўлган ибодатлар,
  • шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари,  
  • шариатимизда қадрланган – Каъбатуллоҳ, Макка мукаррама, Мадина мунаввара, Мино, Арафот, Қуддуси шариф каби жойлар,
  • барча масжидлар ва замонлар – Жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар,
  • ибодат воситалари бўлмиш тасбиҳ, салла ва жойнамоз каби нарсаларни тушуниш мумкин.

Аввалроқ айтганимиздек, сўнгги пайтларда баъзи инсонларнинг Рамазон ойида ижтимоий тармоқлар орқали рўза ва ифторларга турли масхараомуз муносабатда бўлиб, бу ишининг оқибатини билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани эса ачинарли ҳолат, билимсизлик, авомлик, борингки, жоҳиллик деса ҳам бўлаверади.

Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: “Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”.

Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимиз уламолари ўзларининг фатволарида бундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).

Ота-боболаримиз Ислом одобига жиддий эътибор берганидан хабаримиз бор ва уларнинг одоб-ахлоқи билан баъзи-баъзида мақтаниб ҳам қўямиз...

Ота-оналаримиз шариатимиздаги мустаҳаб ва одоб амалларига ҳам ниҳоятда қаттиқ эътиборли бўлганлар. Улар одоблари гўзаллигидан тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган... Жойнамозларини ҳам эҳтиёткорона, оёқ остида қолдирмасдан, меҳр билан алоҳида баланд жойларга қўйганлар... Масжид атрофидан меҳр билан оҳисталик билан ўтганлар... Азон айтилаётганда меҳр билан эшитганлар, беҳуда сўз сўзламаганлар... Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар... Нима сабабдан?.. Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага АЛОҲИДА ОДОБ билан муомала қилганлар! Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага ЎЗГАЧА МЕҲР билан муносабат қилганлар! У одоб – БЕТАКРОР ОДОБ!!! У меҳр – БЕҚИЁС МЕҲР!!!

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар шундай чиройли ишларга, жаҳон мамлакатлари ва ўзга диёрлар ичинда “ўзбек халқининг ноёб ва гўзал одоблари” деб тан олинган одобларига беписанд бўлиб, “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги гапларни айтиб, ота-оналаримиз бетакрор ва беқиёс меҳр билан бажариб келган бетакрор ва беқиёс динимизнинг бетакрор ва беқиёс одобларини йўққа чиқаришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, шайтон мусулмон кишининг биринчи бўлиб имонига ҳужум қилмайди, балки биринчи бўлиб мусулмон кишини мустаҳаб ва одоб бўлган амалларга беэътибор қилишга уринади. Агар ғолиб чиқса, дастлаб суннатга, кейин вожибга, сўнг фарз амалларга бепарво қарашга уринади. Агар мусулмон кимсани фарз амалга ҳам эътиборсиз қилишга эришса, алалоқибат, Аллоҳ сақласин, имонига ҳам ҳужум қилиб, натижада имондан ажратади!!!

Шундай экан, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг йўналишларини маҳкам ушлаб, барча мустаҳаб ва одоб амалларга тўла амал қилиш ҳамда динимиз шиорларига одоб ва ахлоқ билан муомала қилишимиз – бетакрор динимиз талабидир!!!

Демак, юқоридаги ҳукмлар рўза ва ифтор билан боғлиқ ғалати ҳолатларни тарқатаётган кишиларга сабоқ бўлиши керак. Улар ҳам исломий қадриятларга путур етказиш эвазига кўнгилхушлик ила омманинг эътиборини жалб қилиш оғир гуноҳ эканини англаб етсинлар.

Яна бир жиҳат, сўз эркинлиги дегани – исталган нарсани ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтиш, ёзиш, тарқатиш дегани эмас. Балки ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.

Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,

Олдига келганни емоқ – хайвоннинг иши,

деб бежиз ёзилмаган. 

Ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам жавобгардир! Бу меъёр дунёвий қонун-қоидаларда ҳам, диний таълимотимизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган!

Бир сўз билан айтганда, “фейк” аккаунтлар ёки троллар юритувчилари муборак динимиз шаънига доғ солувчи лавҳалар, бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлари учун икки дунёда ҳам жавоб берадилар.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди

24.10.2026   1542   7 min.
Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ бўлинмасида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий мероси, шунингдек, уни ўрганиш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган замонавий лойиҳаларни тақдим этди. Миллатлар саройида «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси ҳамда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндаларини бирлаштирган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.

«Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусидаги конференция Бухоро, Самарқанд ва Термизнинг илмий анъаналари жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ушбу мероснинг замонавий жамият учун аҳамиятига бағишланди.

Тадбир 7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида бошланган халқаро мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳар икки учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига кенг танитиш ташаббусини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.

Дастур «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси билан бошланди. Унда китоблар, илмий ва иллюстрацияли нашрлар, миниатюралар, шунингдек, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ҳаёти ва кашфиётлари ҳақидаги материаллар намойиш этилди. Экспозиция минтақа илмий ва бадиий анъаналарининг бойлигини, шунингдек, авлодлар ўртасидаги билимлар давомийлигини очиб берди.

Тадбирда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татьяна Валовая ҳамда Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий вакили Элдиёр Тошматов табрик сўзлари билан иштирок этдилар.

Татьяна Валовая конференциянинг цивилизациялар мулоқоти ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлаб, Марказнинг маърифий миссияси ҳамда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонаси билан ҳамкорлик истиқболларига юксак баҳо берди.

«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази менда улкан таассурот қолдирди. Бу — бой тарихий мерос замонавий технологиялар ёрдамида тақдим этиладиган илҳом маскани. Бу ҳақиқатан ҳам XXI аср маркази бўлиб, турли авлод вакиллари, айниқса, ёшлар ва болалар учун қизиқарлидир.

Кўргазма ҳайратланарли, тақдим этилган китоблар эса мутлақо ноёб. Биз кутубхонамиз ва Марказ ўртасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ўйлайманки, бу жуда қизиқарли ҳамкорлик бўлади», — деди Татьяна Валовая.

Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ҳам сўзга чиқди.

Асосий маъруза билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича жаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди. У музей фаолияти, илмий-тадқиқот ишлари ва маърифий йўналишларни бирлаштирган Марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилда БМТ минбаридан туриб илгари сурган ташаббуси бугун аниқ натижаларда ўз ифодасини топмоқда. Париждаги ЮНЕСКОдан сўнг буюк аждодларимиз мероси Женевадаги Миллатлар саройида ҳам тақдим этилди ва халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

Биз БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбарияти билан БМТ кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича келишувга эришдик. Бу Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихига оид илгари номаълум бўлган материалларни ўрганиш учун янги имкониятлар очади», — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.

Иштирокчилар Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг Бухоро, Термиз ва Самарқанднинг илмий анъаналари билан боғлиқ меросига алоҳида эътибор қаратдилар. Муҳокамалар марказида билимларнинг ишончлилиги, уларни кейинги авлодларга етказиш масъулияти, шунингдек, эътиқод ва ақл ўртасидаги муносабат масалалари бўлди.

Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блюм Самарқанд тарихига, унинг турли маданиятлар ва динлар учрашган маскан сифатидаги ўрнига тўхталиб, билим олишга бўлган умумий интилишнинг аҳамиятини таъкидлади.

«Ўзбекистон бой тарих ва ноёб маданий меросга эга мамлакат. Самарқандда турли дин вакиллари биргаликда билим олишга интилганлар. Одамлар Яратганни турлича номлашлари мумкин, аммо бу бир-бирларини тушунишларига тўсқинлик қилмаслиги керак. Бугунги конференциянинг аҳамияти ҳам айнан шунда», — деди Роберт Блюм.

Берлиндаги Cultur-Cooperation International ташкилоти директори, WOSCU аъзоси Кэтлин Гёбель махсус маъруза билан иштирок этиб, тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

«Қўрқув ва террор мавжуд бўлган, инсонлар ҳаётдан кўз юмадиган бугунги дунёда тинчликни мустаҳкамлаш давлатлар, жамоат институтлари ва халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси тинчлик ва ҳамжиҳатлик сари қўйилган амалий қадам бўлди, деб ҳисоблайман», — деди Кэтлин Гёбель.

Марказий Осиё буюк мутафаккирлари меросининг замонавий жамият учун аҳамиятини БМТ билан алоқалар бўйича Latter-day Saint Charities ташкилоти вакили Крейг Тейлор ҳам алоҳида таъкидлади.

«Мен Имом Мотуридий ва Беруний меросини ўргандим ҳамда уларнинг ғоялари нима учун бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани ҳақида мулоҳаза юритдим. Диний мансублигимиздан қатъи назар, ҳар биримиз тинчликпарвар бўлишга ва хилма-хилликка бой жамиятимизда тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга интилишимиз ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблайман», — деди Крейг Тейлор.

Конференциянинг илмий қисмини унинг модератори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов очиб берди. У Марказий Осиё олимларининг кашфиётлари, уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда Марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритди.

Маърифат ва бағрикенглик мавзусини Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов давом эттирди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов ўз маърузасида мутафаккир меросида ақл, мўътадиллик ва ахлоқий масъулиятнинг аҳамиятини очиб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев эса Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий меросида манбалар ишончлилигини текшириш усулларига тўхталди.

Дастур доирасида учта қисқа метражли фильм ҳам намойиш этилди. Уларда Ўзбекистон ва Ислом цивилизацияси мероси, янги авлод музейи сифатидаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси ҳақида ҳикоя қилинди. Фильмлар минтақа тарихий меросини ўрганиш ва оммалаштиришдаги замонавий ёндашувларни намоён этди.

«Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмасида тақдим этилган барча китоблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига совға қилинди.

Конференция илмий ва маданий-маърифий соҳалардаги қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилиш билан якунланди. Расмий дастурдан сўнг Миллатлар саройида ўзбек миллий таомлари тақдим этилган миллий қабул маросими бўлиб ўтди. У дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндалари ўртасидаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.

Конференция Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича жаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари