Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Лоқайдлик тинчликка рахна солади

12.05.2017   5175   4 min.
Лоқайдлик тинчликка рахна солади

Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.

Ислом КАРИМОВ  

Эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида илдамлаб бораётган Ўзбекистонимиз тарихан жуда қисқа даврда улкан ютуқларга эришмоқда. Миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизга қайтдик. Тинчлик ва барқарорлик қарор топди.

Айни пайтда, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шу жиҳатдан, тинчликни асраш бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Юртимизга нисбатан таҳдидлар диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм ва террорчилик каби кўринишларда намоён бўлмоқда. Буни ислом динини ниқоб қилиб, Ўзбекистонни демократик тараққиёт йўлидан оғдиришдек ғаразли мақсадни кўзлаб фаолият олиб боришга интилаётган экстремистик ташкилотлар ҳаракати мисолида яққол кўриш мумкин. Улар ўзларининг бузғунчи ғояларини тарқатишга иродаси бўш, дин ҳақидаги билимлари саёз кишиларни таъсир доирасига тортишга ҳаракат қилмоқдалар. Хориждаги террорчи ва экстремистик кучлар ҳамда марказлар қўллаб-қувватлаётган бундай оқимлар ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга ошириш йўлида жуда катта куч ва маблағ сарф қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ҳушёрликни таъминлаш масаласида майда-чуйда деган нарсалар бўлмайди. Зеро, "Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради", дейдилар... Шундай бўлса-да, афсуски, ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлат иши деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Аммо жамиятда лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солиши ҳаммага аён. Луқмони Ҳакимдан "Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?" деб сўрадилар. У киши: "Одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўрмасликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир", деб жавоб бердилар.

Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабабчиси бўлган. Донишмандлардан бирининг "Душманлардан қўрқма – нари борса, сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши оқибатида Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади", деган фикри ҳам бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Баъзи одамлар "тинчлик-осойишталикни асраш" деганда қўлда курол билан мамлакат чегарасини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунади. Аслида тинчликни асраш фақат ҳарбий мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Осойишталик жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон "юртим тинч – мен тинч", деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватан хавфсизлиги учун қайғуриши, бу ишни бурчи деб билиши зарур.

Фарзандларимизни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, Ватанга садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. «Бекордан Худо безор», дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтини унумли ўтказишга, касб-ҳунарга, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгаракларга спорт клубларига жалб қилиш ғоят муҳим.

Ҳар бир инсон ўз ишини сидқидилдан бажарса, лоқайд бўлмасдан атрофдаги воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, ҳушёр бўлиб яшаса, тинчлик-осойишталигимиз барқарор бўлади, иншоаллоҳ!

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл туманидаги "Жомеъ" жоме масжиди имом-хатиби 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жуманинг суннатлари

20.09.2024   18   4 min.
Жуманинг суннатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Жума учун ғусл қилиш.

عَنْ حَفْصَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «عَلَى كُلِّ مُحْتَلِمٍ رَوَاحٌ إِلَى الْجُمُعَةِ، وَعَلَى كُلِّ مَنْ رَاحَ إِلَى الْجُمُعَةِ الْغُسْلُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

 Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эҳтилом бўлувчига жумага бориш лозимдир. Ҳар бир жумага борувчига ғусл лозимдир», дедилар». Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.


Афзали – намозга яқин қолганда ғусл қилиш. Аслида ўша куннинг тонги отганида қилса ҳам бўлади.


2. Хушбўй нарсалар суртиш.
3. Чиройли кийимлар кийиш.

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ جَابِرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَغْتَسِلُ رَجُلٌ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَيَتَطَهَّرُ مَا اسْتَطَاعَ مِنْ طُهْرٍ، وَيَدَّهِنُ مِنْ دُهْنِهِ، أَوْ يَمَسُّ مِنْ طِيبِ بَيْتِهِ، ثُمَّ يَخْرُجُ فَلَا يُفَرِّقُ بَيْنَ اثْنَيْنِ، ثُمَّ يُصَلِّي مَا كُتِبَ لَهُ، ثُمَّ يُنْصِتُ إِذَا تَكَلَّمَ الْإِمَامُ، إِلَّا غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجُمُعَةِ الْأُخْرَى». قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: وَزِيَادَةُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ، وَيَقُولُ: إِنَّ الْحَسَنَةَ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ. وَأَبُو دَاوُدَ بِلَفْظِ: «مَنِ اغْتَسَلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَلَبِسَ مِنْ أَحْسَنِ ثِيَابِهِ، وَمَسَّ مِنْ طِيبٍ إِنْ كَانَ عِنْدَهُ، ثُمَّ أَتَى الْجُمُعَةَ فَلَمْ يَتَخَطَّ أَعْنَاقَ النَّاسِ، ثُمَّ صَلَّى مَا كَتَبَ اللهُ لَهُ، ثُمَّ أَنْصَتَ إِذَا خَرَجَ إِمَامُهُ حَتَّى يَفْرُغَ مِنْ صَلَاتِهِ، كَانَتْ كَفَّارَةً لِمَا بَيْنَهَا وَبَيْنَ جُمُعَتِهِ الَّتِي قَبْلَهَا». 

Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши жума куни ғусл қилса, имкон қадар тозаланса, (соч-соқолини) мой билан мойласа ёки уйидаги хушбўй нарсадан суриб, сўнг (масжидга) чиқса ва икки кишининг ўртасидан оралаб ўтмаса, сўнгра насиб қилинганича намоз ўқиса, кейин имом сўзлаганда жим қулоқ солса, унинг бу (жума) билан нариги жума орасидагилари (гуноҳлари) албатта мағфират қилинади», дедилар».
Абу Ҳурайра: «Уч кун зиёдаси билан. Чунки ҳар бир яхшилик ўн мислга кўпайтирилур», деди». Икки шайх ривоят қилишган. 


Абу Довуднинг лафзида: 
«Ким жума куни ғусл қилиб, энг яхши либосларидан кийса, агар хушбўй нарсаси бўлса, ундан суртса, сўнгра жумага бориб, одамларнинг елкасига туртмаса, кейин Аллоҳ унга битган намозни ўқиса, имоми чиқса, у намозидан фориғ бўлгунча қулоқ осса, бу (жума) билан ундан олдинги жума орасидаги нарсага каффорот бўлади», дейилган.


4. Жумага виқор ва сакина билан эрта бориш.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ جَابِرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنِ اغْتَسَلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ غُسْلَ الْجَنَابَةِ، ثُمَّ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الْأُوْلَى فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَدَنَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّانِيَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَقَرَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّالِثَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ كَبْشًا أَقْرَنَ، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الرَّابِعَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ دَجَاجَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الْخَامِسَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَيْضَةً، فَإِذَا خَرَجَ الْإِمَامُ حَضَرَتِ الْمَلَائِكَةُ يَسْتَمِعُونَ الذِّكْرَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни жанобат ғуслини қилса, сўнгра биринчи вақтда борса, худди (Аллоҳга) битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек бўлади. Ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек бўлади. Ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар зикр(хутба)ни эшитишга ҳозир бўладилар», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

«Кифоя» китоби асосида тайёрланди.

Мақолалар