Иймон эътиқодли кишининг шукроналик, сабр-бардош ва қаноат туйғуси ўз-ўзидан унинг хулқ-атворда, шахс сифатларида ва оилавий муносабатларида қанчалик акс этиши, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир.
Алишер Навоий ҳазратлари асарларида келтирилган қаноат, шукр сўзларининг мазмун-моҳиятига аҳамият берсак, нақадар гўзал ҳолатда васф қилинганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Мисол учун, “Маҳбубул–қулуб” асарида “Қаноат шундай бир чашмаки, унинг суви ҳеч қачон қуримайди, бир хазинаки, сарф этган билан камаймайди. Шундай бир зироатгоҳки, уруғидан иззат ва шафқат ҳосили унади. У гўё бир дарахтки, унинг шоҳида ҳурмат меваси пишади…”– каби фикрларини баён этган. Мутафаккир инсондаги иродани қаноатга ўхшатади, уни сабрли бўлишга чорлайди.
Муқаддас динимиз таълимотларида қаноатли бўлиш борасида келган илоҳий ўгитларга қулоқ солсак.
قال النبي - صلى الله عليه وسلم -: وَارْضَ بِمَا قَسَمَ اللهُ لَكَ تَكُنْ أَغْنَى النَّاسِ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, шунда инсонларнинг энг беҳожатига айланасан”(Имом Термизий ривояти).
“Ризо” (яъни берилган нарсаларга розилик) аччиқланиш ва ғазабланишнинг акси демакдир. Имом Муслим саҳиҳ тўпламида келтирилган ҳадиси шарифда бу маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "أَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ" “(Аллоҳим) Сенинг розилигинг ила ғазабингдан паноҳ сўрайман” дея ўргатган дуоларида ўз тасдиғини топган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Ул Зот шундай дейдилар:
إن الله إذا أحب قوما ابتلاهم، فمن رضي فله الرضا، ومن سخِط فله السَّخَط
صحيح سنن الترمذي.
“Аллоҳ таоло агар бир қавмни яхши кўрса, ўша қавмни (мусибат ила) имтиҳон қилади. Кимда ким (бу қисматга) рози бўлса, (қиёмат кунида) унга ҳам розилик бордир. Кимда ким (бу қисматга) ғазаб қилса (қиёмат кунида) унга ҳам ғазаб бордир” (Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз берилган нарсаларга розиликка қуйидагича: “Ризо – қалбнинг Парвардигор ихтиёрига таскин топмоғидир” деб таъриф берилган бўлса, яна бошқа бир таърифда “Ризо –тақдирнинг аччиқлиги сабабидан ҳам қалбнинг хурсанд бўлишидир”, дейилган. Бошқа олимлар: “Ҳар қандай ҳукмни хурсандчилик ила қарши олиш”, яна бир таърифда эса “Ҳар қандай ҳукм ўқилганда ҳам жазавага тушмаслик - ризодир” деб келтирилган.
Розилик таслим бўлиб қўл қовуштириш эмас. Чунки аслида таслим бўлиш дегани бу - мағлубиятга учрамоқ ва мақсадга эришиш учун жидду жаҳд қилмасликдир. Ҳақиқий розилик бўлса, мақсадга етишиш учун бор имкониятни ишга солиш, мабодо эриша олмаса, ана шунда ҳеч қандай жазавага тушмасдан, ғазабланиб, аччиқланмасдан Аллоҳ таоло тақсимлаб берганига рози бўлишдир. Бу айни турмуш қуриб фарзанд кўра олмаган, дардга чалиниб шифо топа олмаётган, Аллоҳ таолонинг тақдири ила фақирлик, ҳоли тангликка учраб қанча ҳаракат қилса ҳам бундан қутула олмаётган кишиларнинг розилигидир.
Қуйида Аллоҳ таоло ёзиб, тақдир қилган нарсаларга рози бўлишдек сифат ила зийнатланишнинг шундай мартабалари келадики, натижада қалб доимий сурурни, нафс муқаррар неъматлар ҳиссини туя бошлайди.
Абдулвоҳид ибн Зайд айтади: “Розилик - Аллоҳ таолонинг улуғ эшиги, дунё жаннати (энг буюк неъмати) ва обидлар чироғидир”.
Абу Абдуллоҳ Баросий айтади: “Кимга розилик инъом этилган бўлса, фазилат даражаларнинг энг юқорисига етишибди”.
Абу Усмон Ҳайрий: “Қирқ йилдан буён Аллоҳ таоло мени мен ёмон кўрган ҳолга ташламади ва ўша ҳолатдан мени мен ғазабланадиган бошқа бир ҳолга кўчирмади” (яъни ҳар қандай ҳолда ҳам мен норизо бўлмадим, ёмон ҳам кўрмадим, ҳеч қачон ғазабланмадим).
Алқама розияллоҳу анҳу:
وَمَنْ يُؤْمِنْ بِاللَّهِ يَهْدِ قَلْبَهُ
“Ким Аллоҳга иймон келтирса Аллоҳ унинг қалбини ҳидоятга бошлайди” ояти борасида шундай дейди: “Бу кишига етган мусибат бўлиб, киши уни Аллоҳнинг ҳузуридан эканини билади ва унга таслим ила, рози бўлади”.
Омир ибн Қайс айтади: “Менга барча мусибатларни енгил қилган ва ҳар қандай бало-офатларга мени рози қилган Аллоҳ таолога ҳақиқатда муҳаббат қўйдим. Унга бўлган севгим туфайли кеча ва кундуздаги бўлаётган нарсаларга парво қилмайман”.
Мана шу пайтда мусулмон киши наздида бойлик ва фақирлик паллалари тенг бўлади. Ибн Авн айтади: “Банда ҳеч қачон фақирлик пайтидаги ризоси бойлик пайтидаги ризоси билан баробар бўлган даражадагидек ризонинг ҳақиқатига ета олмайди”.
إن الله تعالى قسم بينكم أخلاقكم، كما قسم بينكم أرزاقكم، وإن الله تعالى يُعطي المال من أحب ومن لا يُحب، ولا يعطي الإيمان إلا من يحب
Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Албатта Аллоҳ таоло худди орангизда ризқларингизни тақсимлагани каби ўртангизда сизларнинг хулқларингизни ҳам тақсимлади. Аллоҳ таоло яхши кўрганларига ҳам ва яхши кўрмаган кишиларига ҳам мол-мулк бераверади. Иймонни эса фақат яхши кўрганларигагина беради”. (ал-адаб ал-муфрад асари)
Аллоҳ берган ризқ-рўз шак-шубҳасиз, албатта етиб келади. Банда Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ризқни еб бўлмагунича, белгиланган умрнинг ҳаммасини ўтамагунича вафот этмайди. Шундай экан, қандай қилиб нопок йўл билан ўзгаларнинг мулкига дахл қилиш, бу билан янада кўпроқ нарсага эришишни исташ мумкин?
يقول النبي - صلى الله عليه وسلم -:ولا يحملن أحدَكم، استبطاءُ الرزق أن يطلبه بمعصية الله، فإن الله - تعالى - لا ينال ما عنده إلا بطاعته
صحيح الترغيب
Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Ризқим кечикяпти деб ҳаргиз гуноҳ иш билан уни тезлатишни хаёл қилманг. Аллоҳнинг ризқига фақат яхши йўл билан эришиш лозим”, - дея таъкидлаганлар.
وفي الحديث: قد أفلح من أسلم ورُزِق كفافا، وقَنَّعَهُ الله بما آتاه
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алйҳи васаллам: “Мусулмон бўлиб, (муҳтожликдан) тўсадиган даражада ризқланган ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсаларига қаноатлантириб қўйган киши нажот топибди”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алйҳи васалламнинг ўзлари ҳам инсонларнинг энг афзали, Оламлар Парвардигорининг севиклиги бўла туриб, тоғу тошлар У зот учун олтинга айланиши мумкин бўлгани ҳолда йўқчилик ичра, фақирона ҳаёт кечиришни афзал билганликлари барчамизга ўрнак бўлади.
Қаноат энг катта бойликдир. Мол-у дунё жаннатга киришни кечиктириши ҳам мумкин. Зотан Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:
يدخل الفقراء الجنة قبل الأغنياء بخمسمائة عام
صحيح سنن الترمذي
“Камабағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киради”, - деб, фақирлик, танглик ва ҳожатмандлик ила синалган кишиларга ҳушхабар берганлар (Имом Термизий ривояти).
Камбағаллик баъзилар ўйлаганидек мол-у дунёси камлигида эмас, балки қаноат қилмасликдадир. Агар киши фақирлигидан нолиса ўзиданда ночорроқ кимсаларга назар солсин. Бу дунёда миллионлаб инсонларнинг ичида унданда камбағалроқ кишилар минглаб топилади. Уларга қараб инсон Аллоҳнинг берган неъматларига нисбатан шукр қилиши, борига қаноат қилиши лозим бўлади.
Бу борада ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жуда гўзал одоб-ахлоқ эгаси ва Парвардигорига энг маҳбуб банда эканликларини исботлаб шундай деганлар:
يقول النبي - صلى الله عليه وسلم -:من رأى مبتلى فقال: الحمد لله الذي عافاني مما ابتلاك به وفضلني على كثير ممن خلق تفضيلا، لم يصبه ذلك البلاء
صحيح سنن الترمذي.
“Кимда ким бирор мусибатга учраган кишини кўрса, “Сизни синаган мусибатдан мени сақлаган, Ўзи яратган кўпгина махлуқотлардан мени афзал қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин”, десин! Ўшанда ана шу мусибат унга етмайди” (Имом Термизий ривояти).
Бандага мусибат етса, чиройли сабри ва розилиги натижасида унга бир қанча фазилатлар берилади. Бу хусусда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг: “Агар мен бирор мусибатга йўлиқсам, Аллоҳ таоло ўша мусибатда менга тўрт неъматни инъом қилган бўлади: Ўша мусибат динимда бўлмагани, (Аллоҳнинг қадарига) розиликдан маҳрум бўлмаганим, бунданда оғирроқ мусибат берилмагани ва ана ўша мусибат учун савоб умид қилишим мумкинлиги”, деб айтган сўзлари барчамизни шукр қилишга, сабрли ва Аллоҳ таоло ёзиб қўйган тақдирига рози бўлишга ундайди.
Хулоса ўринида бирор бир касалликни даволашдан олдин инсон организмида аввало унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам ёшларимиз қалби ва онгида ноҳуш ҳодисаларга, бесабрлиликка қарши шукрона ва қаноатлик тарбиясини бера олсакгина, турли хил даъватчиларнинг алдовларига учмайдиган ўз Ватани ва халқи учун фидойи инсонларни тарбиялай оламиз.
Аллоҳ барчаларимизни шокир ва қаноатли бандаларидан қилсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби
Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!
Биз, Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчилари – нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардаги илмий-маърифий тузилмалар раҳбарлари, дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган вазирлар, муфтийлар, таниқли олимлар, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, кутубхоналар, музейлар ҳамда маданий муассасаларнинг вакиллари номидан Сизга самимий миннатдорлик ва чуқур эҳтиром билан мурожаат этмоқдамиз.
Аввало, Сизнинг бевосита ташаббусингиз ва шахсан қўллаб-қувватлашингиз билан ўтказилган Ислом цивилизацияси I халқаро форуми, ўзининг туб моҳияти ва аҳамиятига кўра, халқаро илмий тадбирлар даражасидан юқори турадиган ва юксак эътироф топган улкан воқеа бўлганини алоҳида таъкидлашни истардик.
Ҳеч шубҳасиз, Сизнинг Форум иштирокчиларига мурожаатингизда илгари сурилган ғоят муҳим фикр ва ғоялар тўрт кун давомида дунё жамоатчилиги эътиборида бўлган ушбу анжуманда муҳокама қилинган масалалар кўлами, мақсади ва маъно-мазмунини белгилаб берди.
Ишонч билан айта оламизки, мусулмон оламидаги илғор илм-маърифат намояндалари иштирокидаги бу форум ислом цивилизациясининг бой меросини инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги умумий бойлигининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Анжуманнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз сингари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида ўтказилиши унинг маърифий руҳи ва аҳамиятини янада оширди. Айнан шу табаррук диёрларда асрлар давомида буюк илмий мактаблар шаклланган, илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика, астрономия ва бошқа фанлар тараққиётига шиддатли туртки берган фундаментал асарлар яратилган. Бутун инсоният тараққиётига улкан таъсир кўрсатган эзгу ғоялар ва кашфиётлар ҳам жаҳон бўйлаб айнан шу шаҳарлардан тарқалган.
Сиз томонингиздан 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш бўйича илгари сурилган эзгу ташаббус сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида ушбу заминдаги буюк тарих ва маданиятни яхлит маърифий ҳодиса сифатида англашда туб бурилиш нуқтаси бўлганини биз бугун алоҳида миннатдорлик билан эътироф этамиз. Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз. Шу тариқа тарихий адолатни тиклаш, очиқ илмий мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва халқаро гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим олға силжиш амалга оширилди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ана шу эзгу интилишлар алоҳида глобал аҳамият касб этмоқда. Зеро, айнан билим, тарихий хотира ва халқларнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, экстремизм, радикализм ва муросасизликка қарши самарали курашишга, цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришга ҳамда тинчлик, барқарор тараққиёт ва бунёдкорликнинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилади.
Ана шундай долзарб фикрларни мужассам этган Мурожаатингиз, ҳеч шубҳасиз, бизнинг биргаликдаги келгуси фаолиятимиз учун улкан тарихий ва дастурий ҳужжат бўлиб қолади.
Ўзбекистон Президентига хос юксак ирода ва донишмандлик, тарих, бугунги кун ва келажакни яхлит бир жараён сифатида кўра олиш салоҳияти маҳсули бўлган Ислом цивилизацияси маркази нафақат жаҳон даражасидаги замонавий илмий-маърифий мажмуага, айни вақтда ушбу ноёб жараён таркибидаги бебаҳо меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун турли давлатлар, халқаро ташкилотлар, етакчи олимлар, илмий муассасалар, университетлар, кутубхоналар, музейлар ва маънавий-маърифий марказларни бирлаштирадиган нуфузли мулоқот майдонига айланиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Аминмизки, яқин йилларда бу маскан гуманитар илм-фан соҳасидаги етакчи халқаро марказлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди ҳамда янги ғоялар, қўшма илмий тадқиқотлар ва узоқ муддатли халқаро лойиҳалар шаклланадиган йирик маданий-маърифий ва таълим платформасига айланади.
Ўзбекистон Республикасида маънавий, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизда катта таассурот қолдирди. Ислом цивилизацияси маркази, янгиланган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти каби ноёб муассасалар тарихий хотирани сақлаш, фундаментал илм-фанни ривожлантириш ҳамда халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси ислом илм-фани, маданияти ва маърифатининг энг қадимги бешикларидан бири сифатида бугун гуманитар ҳамкорлик, илмий изланишлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот борасидаги азалий мавқеини яна мустаҳкамлаб бормоқда.
Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!
Ислом цивилизацияси I халқаро форуми «Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат» шиори остида ўтказилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини ўзида мужассам этган, ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган бу безавол қадриятлар бугунги замонавий дунё учун ҳам беқиёс аҳамиятга эгадир. Бу буюк мерос бутун инсониятнинг маданий, маънавий ва интеллектуал бойлигининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу эса уни асраб-авайлаш, ҳар томонлама ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш бўйича халқаро ташкилотлар, давлатлар, илмий жамоатчилик, тинчлик, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётган барча инсонлар зиммасига катта масъулият юклаши табиий, албатта.
Биз Форум якунлари бўйича қабул қилинган Декларация ҳамда ислом цивилизациясини асраш, ўрганиш ва ривожлантиришга қаратилган “йўл харитаси”ни узоқ муддатли халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Сиз уларда белгиланган ташаббусларни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий маънавий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда ислом цивилизациясини тинчлик, маърифат ва ўзаро англашув йўлида ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга бундан буён ҳам етакчилик қилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайсиз, деб чин дилдан умид билдирамиз.
Форум қарорларини амалий ҳаётга татбиқ этиш мақсадида биз, Сиз билан маслаҳатлашган ҳолда, Ислом цивилизациясини Жаҳон альянсини таъсис этиш ташаббусини илгари суриш ниятидамиз. Мазкур Альянснинг фаолияти қўшма илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, академик алмашинувларни ривожлантириш, нашриёт ишига оид халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, маданий мерос намуналарини асраш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, давлатлар ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонамиз.
Форум давомида қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон заминида пайдо бўлган ушбу эзгу ташаббус халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётгани ва жаҳондаги илмий-маънавий ҳамжамиятнинг умумий ишига айланаётганини яққол тасдиқлайди.
Биз мазкур қарорларни амалга ошириш, ислом цивилизациясининг буюк меросини сақлаш ва келажак авлодларга етказиш борасида ўзимизнинг интеллектуал, илмий ва маънавий салоҳиятимизни бирлаштиришга тайёр эканимизни яна бир бор баён қиламиз. Ишонамизки, қадимий Ўзбекистон диёрида қабул қилинган ушбу қарорлар ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва кенг тарғиб этиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу Мурожаатни қабул қилар эканмиз, мазкур қарорларни амалга ошириш бўйича зиммамизга улкан умумий масъулият олаётганимизни яна бир бор эътироф этамиз ҳамда тинчлик, маърифат, ўзаро ҳурмат ва бутун инсоният бойлигининг узвий бир қисми ҳисобланган буюк маънавий ҳамда интеллектуал меросни асраб-авайлаш йўлида доимо Сиз билан бир сафда туриб иш олиб боришга тайёр эканимизни билдирамиз.
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Биз Сизга ва Сизнинг тимсолингизда Форумнинг барча ташкилотчиларига, кўп миллатли бутун Ўзбекистон халқига Ислом цивилизацияси I халқаро форуми юксак савияда ташкил этилгани ҳамда самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.
Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишдек ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда янада улкан ютуқлар тилаймиз. Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга ошириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ҳамда бу қутлуғ заминнинг илм-фан, маърифат, ислом цивилизацияси, гуманитар ҳамкорлик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот бўйича жаҳонда етакчи марказлардан бири сифатидаги юксак ўрни, шуҳрати ва нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизга муваффақиятлар тилаймиз.
Аллоҳ таоло Сизнинг эзгу ният ва ҳаракатларингизга хайру баракотлар берсин!
Ислом цивилизацияси I халқаро форумида қабул қилинган қарорлар дунё халқлари ўртасида ўзаро англашув, адолат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилсин!
Парвардигори олам уч минг йиллик буюк тарих ва маданият бунёдкори бўлган меҳнаткаш, меҳмондўст ва олижаноб Ўзбекистон халқига тинчлик, умуммиллий бирлик, фаровонлик ва равнақ ато этсин, ижодкорлик салоҳиятини бундан ҳам зиёда қилсин, барча эзгу ниятларига етказсин!
Чуқур ҳурмат билан,
Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчилари
2026 йил, 9 июль
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри