Аллоҳга қасамки, Аллоҳдан бошқа меҳрибонроқ ва раҳмлироқ Зот йўқдир.
Агар банда гуноҳ иш қилмоқчи бўлса, Аллоҳ таоло уни тўсиб қўйишга, гуноҳдан қайтариш учун ҳатто фариштани юборишга ҳам қодир. Аммо Аллоҳ таоло бандасига ихтиёр берган.
Лекин инсон гуноҳга қўл урса ҳам меҳрибон Аллоҳ таоло бандасининг гуноҳини ҳеч кимга билдирмай, беркитади.
Аллоҳ таоло бандаси гуноҳ қилганидан кейин ҳам унга меҳрибонлик қилади. Бандасини тавба қилишга, гуноҳдан қайтишга чақиради. Агар банда тавба қилмаса ҳам, Аллоҳ таоло унинг тавба қилишини кутади. Ҳатто тавба қилиш учун узоқ йиллар муҳлат беради.
Аллоҳ таоло ҳар кеча бандаларини тавба қилишга, Ўзига қайтишга чақиради. Аллоҳ таоло бандаларининг кундузи қилган гуноҳларини кечириш учун кечалари тавба қилишга, кечалари қилган гуноҳларини кечириш учун кундузи тавба қилишга чақиради. Яъни Аллоҳ таоло ҳамиша тавба қилганларнинг тавбаларини қабул этади, гуноҳларини кечиради.
Аллоҳ таоло ниҳоятда меҳрибон ва улуғ Зотдир. Агар банда тавба қилса Аллоҳ бандасининг хурсандлигидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади.
Субҳаналлоҳ, Аллоҳ таоло беҳожат Зотдир. У бандаларига муҳтож эмас, аммо тавба қилувчи ва Ўзига қайтувчи бандаларини жуда яхши кўради.
Даврон НУРМУҲАММАД
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан