Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Ҳақиқий дўст

24.10.2017   7485   1 min.
Ҳақиқий дўст

Бир донишманд ҳузурига бир одам келиб, ўзига дўст излаётганини айтди. Донишманд унга айтди:

– Сенинг ранж, аламингни баробар тортадиган, шодлигингга шодланадиган дўстни изласанг, бундай дўст ноёбдир. Сенга ўзини дўст қилиб кўрсатадиган улфатлар эса жуда кўп.

Яна у киши:

– Агар ҳақиқий дўстни топиш менга муяссар бўлса, у билан қандай муомала қилишим керак? – деб сўради.

Донишманд унга бундай маслаҳат берди:

– Ҳақиқий дўст топсанг, у билан шундай муомалада бўл: дўстликда содиқ бўл, хиёнат қилма, кўнглингдаги дўстлик муҳаббатини қўлинг ва тилинг билан кўрсат, дўстингнинг сирини ошкор қилишдан сақлан, унинг ёнида бошқаларни ғийбат қилма, дўстинг муҳтожликда қолса, дарҳол унга ёрдам беришга шошил, ундан бирор айб содир бўлса, бирор ҳоли жойда айбини айтиб, юмшоқлик билан насиҳат қил, агар дўстинг сенинг айбингни айтиб, насиҳат қилса, ундан миннатдор бўл. Дўстингга ёлғон сўзлама, унинг душмани билан дўстлашма, дўстинг бошига бирор мушкул иш тушса, қайғули ҳодиса юз берса, уни мусибатдан қутқазишга жону дилинг билан кириш, дўстингнинг ота-онаси ва оила аъзоларига меҳрибон ва шафқатли бўл.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби  

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3032   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ