Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Сентябр, 2024   |   16 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:22
Аср
16:37
Шом
18:28
Хуфтон
19:42
Bismillah
19 Сентябр, 2024, 16 Рабиъул аввал, 1446

Чумоли – батартиб ҳашарот

26.10.2017   13481   11 min.
Чумоли – батартиб ҳашарот

Энг кўп кўзимиз тушадиган ҳашаротлардан бири чумолидир. Ана шу ҳашаротнинг ҳаёт кечириш тарзига диққат қилсак, кўп ажойиботларга дуч келамиз. Чумоли – уйқу нима, тиним нима билмайдиган меҳнаткаш жонзот. Унинг инсонларга фойдали жиҳати шундаки, кўп хонали уя қилгани боис дарахтлар ва ўсимликларнинг илдизлари атрофи бирмунча очилиб у ерга кислород кириши яхшиланади. Бу эса ўсимликлар ривожига ижобий таъсир қилади.

Чумолилар ақлли жонзот ҳам саналади. Улар уясига ташиб олган арпа-буғдой бошоқларини иккига бўлиб қўяди. Шундай қилса, дон нам тортиб кўклаб кетмаслигини билади. Шунга ақли етганига ҳайрон қолаётган одам уларнинг кашнич уруғини тўртга бўлиб қўйишини, агар бу уруғ иккига бўлинса ҳам кўклаб кетиши мумкинлигини эшитса, ҳайрати янада ошади. Негаки, кашнич донининг икки бўлакка ажратиб қўйилса ҳам кўклаб кетишини унча-мунча деҳқон ҳам билмайди.

Чумолиларнинг қатъий интизомини кўрганда эса ҳайратдан ёқа ушлаб қолишимиз тайин.

Чумоли тўдаларида мустаҳкам иш низоми мавжуд ва ҳар бир чумоли ўз зиммасига юкланган вазифани росмана фидокорлик билан бажаради.

Биз чумолиларни кўрганда ҳаммасини бир хил деб ўйлаймиз. Лекин улар бажарадиган вазифалар турли-туман бўлади. Масалан, тўдадаги  бир қисм чумолиларнинг вазифаси уянинг эшигида қоровуллик қилмоқдир.

Эшикбон чумолиларнинг бошининг катталиги уянинг оғзи билан бир ўлчамда бўлади. Уя оғзига махсус мўлжалланган бу бош структураси унинг уяга ўзининг киришига ҳам,  бошқаларнинг киришига ҳам тўсқинлик қилади. Эшикбонлар кун узоғи ҳеч қимирламасдан уянинг оғзида қаққайиб туради. Бу чумолилар уяга фақат ўз тўдасидан бўлган чумолиларни киритади, бошқаларни уя оғзига йўлатмайди. Шунинг учун бирор хатар туғилса, душманга биринчи бўлиб дучлашадиганлар – эшикбон чумолилар бўлади.

Чумолиларнинг  бир қисми эса тадқиқотчи чумолилардир. Улар уядан чиқиб атрофни айланиб егулик ахтаради. Бирор егулик манбасини топгани заҳоти қорнини мумкин қадар овқатга туйдиради ва бошқа чумолиларга хабар бериш учун жадаллик билан уяга қайтади.

Қайтиб келаётганда ҳар-ҳар ерга қорнини ишқалаб кимёвий белги қўйиб келади. Уяга қайтар-қайтмас ҳамма чумолига хабар бериб, уларнинг орқасидан юришини айтади. Шу тариқа тадқиқотчи чумоли қолган чумолиларни белги қўйиб келган йўлидан юриб ўзи топган озуқага манбаига бошлаб боради. Чумолиларнинг антеннага ўхшаган аъзолари таъм билиш, ҳид сезиш, намлик ва кимёвий моддаларни фарқлаш вазифасини бажаради.

Чумолилар ана шу антенналар ёрдамида бошқа чумолилар тўдаси қолдирган кимёвий ишоратни англайди ва улар билан мулоқотга киришади.

Аллоҳ таоло чумолиларга егулик ташийдиган, уя қурадиган ва уяларини ҳимоя қиладиган, жуда кучли жағ ато қилган. Агар инсоннинг жағи чумолиникидек бақувват бўлганида тишлари билан бемалол юк машинасини судрай олар эди. Чумолининг олдинги жағлари бажарадиган ишларига ихтисослашган. Барг кесувчи чумолининг олдинги жағлари қайчи каби кескин қиррали; жангчи чумолиларни эса ўткир бўлиб, душманнинг бошини қимирлатмайдиган даражада кучлидир. Баъзиларининг жағлари эса аррага ёки тегирмон тошига ўхшайди. Айрим чумоли турларининг оғзида бошқа чумолиларни кўчириш ёки личинкалар ҳосил қилиш учун моддаларни сақлайдиган митти чўнтаги ҳам бўлади.  

Чумолилар ниҳоятда фидокор ва топганини баҳам кўришни севадиган сахий ҳашаротлардир. Мабодо, бир тўдадан икки чумоли дучлашиб қолса, улардан бири оч ва чанқаган бўлса; иккинчисининг оғзида чайналган ёки ярим ҳазм бўлган егулик бўлса, эҳтиёжи бўлган чумоли егулик талабида бўлади. Овқати бор чумоли ҳеч қачон уни рад этмайди ва ўзидаги егуликни у билан баҳам кўради. Чумолилар личинкаларини ўзларининг озиқ-овқатлари билан боқадилар. Ҳатто аксаран  ўзларига бошқаларни меҳмон қилганидан кам егулик айиради.

Чумоли тўдасидаги бир қисм чумолининг вазифаси эса уяни ҳимоя қилмоқдир. Бу вазифага махсус тайёрланган чумолилар уяларини ҳимоя қилиш учун жонларини ҳам фидо этади. Бир тур чумоли душманига зарар бериш учун жағидан танасининг орқасига қараб чўзилган заҳарга тўла лоҳас қилувчи безидан фойдаланади. Агар чумоли жангда жароҳат олса, қорин бўшлиғининг мускулларини қаттиқ уриб секреция безларини йиртиб юборади ва заҳарини душманга қаратиб пуркайди. Ана шу жанг асносида чумоли ўз жонини фидо этади.

Чумолиларнинг ҳаммаси ҳам заҳарли эмас. Баъзилари формик кислота ёрдамида ўзларини ҳимоя қилади. Бу тур чумолилар душманларини жағлари билан ярадор қилади, сўнгра эса яранинг устига формик кислотани пуркайди. Чумоли антикориди ҳашаротнинг асаб тизимига ва терисига зарар етказади.

Барг кесувчи чумоли тўдасининг ўрта бўйли ишчилари кунларини барг ташиш билан ўтказади. Улар япроқ ташир экан ниҳоятда заифлашиб қолади. Ҳатто бир чивин тури ана шу чумолининг бошига тухум қўяди. Чумолининг бошида тухумдан чиққан чивин личинкаси унинг миясига қадар кириб бориб, ўлимига сабабчи бўлиши мумкин. Ишчи чумолилар барг ташиган вақтларида бу таҳликали душманларидан ўзларини ҳимоя қила олмайдиган аҳволда бўлади.

Ўша тўдада яшаган кичик бўйли чумолилар ташилган япроқлар устига жойлашади ва чивиннинг ҳужумига қарши шу ерда туриб мужодала қилади.

Кўзга чалинмайдиган даражада кичик асаб толаларидан ҳосил бўлган мия соҳиби бўлган бу мавжудотлар ақл бовар қилмайдиган ғаройиб ҳодисаларни намоён этадилар.

Чумоли тўдасининг бошқаруви эса она чумоли ҳукмдорлиги остида бўлади. Она чумолига хизмат этган ишчи чумолилар хонадаги аҳволга оид хабарларни кимёвий бир усулда она чумолига етказади. Она чумоли ана шу маълумотларга таянган ҳолда, масалан, уруш пайтида кўп аскарлар йўқотилган бўлса, янги болалар янада кўп аскар чумоли бўлишини таъмин этадиган кимёвий моддалар чиқаради. Шу тариқа, келажак авлод сақлаб қолинади.  

Қуръони каримда чумолиларнинг инсонлар каби бир-бирларини қўриқлайдиган, таянч ва ёрдамчи бўладиган жамоат экани қуйидагича ифодаланган:

Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар.

То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасин!” – деди.

(Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва деди: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл сурасининг 17-19-оятлари) 

Митти мавжудотнинг катта дуоси

Абу Сиддиқ ан-Ножийдан ривоят қилинади: “Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам: Довуд ўғли Сулаймон инсонлар билан ёмғир сўрагани чиқди. Шунда оёқларини осмонга кўтариб, чалқанчасига ётган бир чумоли олдидан ўтди. Чумоли: “Аллоҳумма инна холқун мин холқика лайса лана ғинан ан ризқика фаимма ан тасқияна ва имма ан туҳликана” (“Эй Аллоҳ! Биз Сенинг бир халқингмиз. ризқингдан беҳожат эмасмиз.  Ё бизга сув берасан, ё ҳалок қиласан”), дея дуо қилаётган эди. Сулаймон одамларга: “Орқангизга қайтинг. Батаҳқиқ, бошқаларнинг дуоси ила сизга сув берилди” деди”, дедилар” (Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган).

Жаннат хабарини олган жонивор

Дарвоқе, чумоли жаннатга кириши хабари берилган 10 та жониворнинг бири ҳисобланади. Улар: Солиҳ алайҳиссаломнинг туяси, Иброҳим алайҳиссаломнинг бузоғи, Исмоил алайҳиссаломнинг қўчқори, Мусо алайҳиссаломнинг сигири, Юнус алайҳиссаломнинг балиғи, Узайр алайҳиссаломнинг эшаги, Сулаймон алайҳиссалом чумолиси, Билқиснинг ҳудҳуди, Асҳоби Каҳфнинг (Ғор эгалари) ити, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туясидир

Пайғамбар-ла сўзлашган жонзот

Кўпчилик “Қисаси Рабғузий”даги “Сулаймон қаринчқа билан сўзлашгани” деган ҳикояни ўқиган чиқар. Унда чумолилар подшоҳининг оти “Миндир” дейилган. Ҳикояда Сулаймон алайҳиссалом ва чумоли суҳбати диалог кўринишида берилган.

Чумоли: «Эмди дастур берсанг, неча масъала савол қилайин». Сулаймон айди: «Қилғил». Қаринчқа айди: «Мавлодин не тиладинг?» Сулаймон айди: «Андоғ мулк тиладимким, мандин ўзга ким эрса-да бўлмасун». «Бу сўздин ҳасад иси келур, манга бўлгун, ўзгаларга бўлмагун. Тақи не тиладинг?» Сулаймон айди: «Елни тиладимки, манга мусаххар қилди, миниб юрурман, Астахардин Шомга, Шомдин Астахарға бир ойлик ер турур. Кунда борурман ҳам келурман». Қаринчқа айди: «Маъниси ул бўлур: Сенинг илкингдаги мулкнинг қамуғи ел турур. Ани мингунча маърифат маркабини минсанг, сенга яхшироқ бўлур. Кўз юмуб очғунча бир соатда Аршға теккай эрдинг...»

Савол-жавоб шу йўсинда давом этиб, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга учар тахт, қушлар, узук, дев ва париларни бўйсундиргани айтилади.

Ушбу ҳикояда Рабғузий Сулаймон алайҳиссаломдан чумолини ақллироқ кўрсатишни ният қилмаган. Зотан, Аллоҳнинг пайғамбаридан бир жонзотнинг ақлли ва билимли  бўлиши мумкин эмаслигини у жуда яхши билган. Унинг нияти инсонларни ана шундай буюк мулк соҳиби ҳам бир куни уларнинг ҳаммасидан айрилиши, фақат Яратганга бўлган муҳаббати мангу қолишини айтиш бўлган.                                  

Сулаймон ва чўлоқ чумоли

(Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асаридан)

Чун Сулаймон бир қанча риёзатлар чекиб камолга етганида (пайғамбарлик насиб этганида) унинг оёғи остида ожиз ҳолда қолган чумолига бундай деди:

– Эй менинг оёғ остимда қолган, қон ва тупроққа аралашган жонивор, қандай қилиб бу ҳолга тушдинг?

Чўлоқ чумоли шу вақт унга бундай жавоб берди:

– Ғишт ва тупроқ орасида тор гўрга тиқилганман. Ҳаётимдаги барча пок умидларим кесилган. Эй пок зот, тупроқ остида қолганим майли эди, лекин энг ёмони, бу ғишт юзимга коинотни тўсиб қўйди. Агар менинг ҳолимни тушунган бўлсанг, фазлинг билан мен томонга қараб, юзимни очиб қўйгин. Юзимдан тўсиқни олиб ташлаки, барча томонлар кўриниб турсин.

Эй, шоҳ, мен (Аттор) гуноҳларим, айбларим кўп бўлиб, юзингга қараёлмасам-да, мени очиқ юзли қилгин. Ахир сен энг карамли, карими мутлақсан. Яхши ва ёмон ишларим бўлса-да, даргоҳингга очиқ юз билан борай.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қиз бола қила оладиган энг муносиб иш нима?

19.09.2024   77   4 min.
Қиз бола қила оладиган энг муносиб иш нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қиз бола бажара оладиган энг яхши иш – оддий (қилиш осон), доимий (қиз бола бутун умр, узлуксиз, ҳар куни қила оладиган), яхши таъсир кўрсатадиган, кўплаб савоб келтирадиган ишдир.

Биз бу сифатларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан, у зотнинг уйларидаги ҳолатлардан ўргандик.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун энг суюкли амал  – оз бўлса ҳам, бардавом амалдир», дер эдилар». Имом Муслим ривоят қилган.

Кичик бўлса ҳам, бардавом, мунтазам, доим қилинган ишлар кўп бўлса ҳам, бардавом бўлмаган ишдан яхши экан. Демак, савоб олиш учун, Аллоҳ бизни яхши кўриши учун фақат катта, кўп ишларни қилишга мажбур эмас эканмиз. Роббимизга биз қиладиган ишнинг катта-кичиклиги эмас, бардавом қилиниши суюкли экан. Кичик бир яхши амални ҳам доим, ҳар куни, канда қилмай бажарсак, Роббимизга суюкли бўлаверар экан.

Саҳоба ва тобеъинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, ўрнак олиш учун у зотнинг кундалик ишларини, феълларини билишга жуда қизиқишар эди.

Буюк тобеъинлардан Масруқ ибн Аждаъ роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан «Расулуллоҳ қандай амални яхши кўрар эдилар?» деб сўрасам, «Доимий амални», дедилар.

Бошқа ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳга энг суюкли амал – давомли бажариладиган амал эди», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Яна бир тобеъин – Алқама ибн Қайс ҳам Нахаъийдан шунга ўхшаш ривоят келтирган:

«Мўминларнинг онаси Оишадан «Расулуллоҳнинг амаллари қандай эди?» деб сўраган эдим, «Расулуллоҳнинг амаллари дийма эди», дедилар».

Араблар «дийма» деб чақмоқсиз, момақалдироқсиз, узоқ ва сокин ёғадиган ёмғирни айтишади.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни мукаммал бажарар эдилар. Бетоб бўлиб ёки чарчаб ухлаб қолиб, тунги намозларини ўқий олмай қолсалар, кундузи ўн икки ракъат қилиб ўқиб қўяр эдилар». Имом Муслим ривояти.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси ишга кўл урмасинлар, уни мукаммал бажарар эдилар, уни пухта, эътибор билан адо этар эдилар, энг асосийси – ўша ишда бардавом бўлар эдилар. Оиша онамиз бунга ҳаётий мисол келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни кечаси нафл намоз ўқиганларини, бирор марта қолдирмаганларини айтяптилар. Мабодо беморлик ёки чарчоқ туфайли ўқий олмай қолсалар, худди сиз билан биз фарз намознинг қазосини ўқигандек, кундузи ўн икки ракъат қилиб ўқиб қўяр эканлар. Бир амални давомий қилиш, уни бирор марта ҳам қолдирмасликка уринишнинг энг ёрқин мисоли мана шудир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг ҳолатини доим назорат қилардилар, бир ишни бардавом қилган одамни мақтар эдилар, бирор ишни бир муддат қилиб, кейин ташлаб қўядиган кишини койир эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Тунги намозни баъзан ўқиб, кейин ташлаб қўядиган Фалончи каби бўлмагин!» деганлар». Имом Бухорий ривояти.

Энди сизга бир савол:

Ҳаётингизда давомли, узлуксиз қиладиган бирор ишингиз, яхши амалингиз борми?

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мақолалар