Қалблар қўлида бўлган Зотга Ўзининг буюклигича ва олийлигича ҳамду санолар бўлсин. Зикрлар қалбнинг покловчи дориси экани ва шу зикрлар билан Аллоҳнинг розилигини топиб яшашимизга даъват этиб, бизларга гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.
Инсон дунёда яшар экан моддиятга боғлиқ бўлган бу тирикликда, ўзини самоларга боғловчи маънавий озиқ-амалларга ҳам эҳтиёж сезади. Мана шу эҳтиёжни билган ва бизларни бу дунёга фақат ва фақат Ўзини танишимиз учун келтирган Аллоҳ руҳий озиқларимиз қилиб зикрлар ва кундалик вазифаларни бизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали жорий қилган. Ислом шариатида фазилатда олий бўлган зикр ва дуолар борки, уни тинимсиз бажариб юриш орқали инсонда жуда кўп ҳикматлар пайдо бўлади. Чунки банда Аллоҳни зикр қилиш билан Уни жудаям яхши таниб, Ундан хавф ва ражоси кучаяди. Ким бир нарсани яхши танимаса ундан қўрқмайди ёки унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилиш учун уни тинимсиз эсламоқ, уни ҳар доим ўйламоқ керак бўлади. Ким Аллоҳни танимаса, Унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилмас экан, Уни эсламайди. Аллоҳни эслаш эса зикр ва дуолар билан амалга ошади. Ана шу зикрларнинг энг фазилатлиси ва малоикалар яхши кўриб, пайғамбарлардан мерос қолган зикр ҳақида айтиб ўтамиз. Бу зикр қуйдагича ривоят қилинган:
“Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил алаййил азийм”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Аршни яратганда ҳомил-кўтарувчи фаришталарга уни кўтаришни буюрди. Арш уларга оғир келди. Аллоҳ таоло: “Субҳаналлоҳ” деб айтинглар, деб буюрди. Фаришталар, “Субҳаналлоҳ” дейишди. Шунда уларга енгил бўлди. Улар Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгунча Субҳаналлоҳ деб туришди. Одам алайҳиссалом акса урганларида Аллоҳ таоло у кишини “Алҳамдуллиллаҳ” дейишга илҳомлантирди. Аллоҳ айтди: “Сенга Раббинг раҳм қилди ва сен мана шунинг учун яратилдинг”. Малоикалар шунда “Иккинчи калима ҳам улуғ экан, бизлар ундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб уни олдингисига қўшишди.
Бир неча вақт фаришталар, Субҳаналлоҳи валҳамдуллиллаҳи, деб айтишди, бу ҳол Нуҳ алайҳиссалом замонларигача давом этди. Биринчи бўлиб санам-тошдан ясалган бутлар тутган қавм Нуҳ алайҳиссалом қавми эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмини, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтишга буюрди. Шунда улардан рози бўлишини билдирди. Фаришталар ўшанда: “Учинчи калима ҳам улуғ ва шарафли экан. Биз бундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб, уни олдинги икки калимага қўшишди. Узоқ муддат Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллаллоҳ калимасини айтиб юришди. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича давом этди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилишни буюрди ва қўчқор берди. Қўчқорни кўрганларида у зот хурсанд бўлиб, “Аллоҳу Акбар” дедилар. Фаришталар айтишди “Бу калима ҳам улуғ ва шарафли экан” деб уни олдинги учтасига қўшишди ва Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллалллоҳу валлоҳу акбар, деб айтиб юришди.
Вақтики Жаброил алайҳиссалом бу гапларни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эди, У зот шодланиб: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил алайил азийм”, дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу калимани олдингиларига қўшинг”, дедилар.
Бу зикрнинг фазилати шунчалар улуғлигидан у Аршларни кўтаргандир. Ким уни бир кунда Аллоҳни зикр қилиш мақсадида айтар экан гуноҳлари кечирилади. Аллоҳнинг ҳузурида олий мақомлар топиб, мағфиратга эришади. Албатта, фарз ибодатлардан сўнг айтилса, қалби янада равшанлашади. Чунки фарз ибодатларидан сўнг қилинган дуо мустажоб бўлиб бу зикрни айтиб дуо қилиш билан инсон Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдек даражага эришади. Чунки унинг ҳамма маъноси Аллоҳнинг буюклиги ва поклигига далолат қилади.
Абу Лайс Ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул Ғофилийн” асари асосида
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Орифахон ЮНУСХЎЖА қизи тайёрлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида устун бўлиб турувчи хурмо дарахтининг ёғочлари бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ёғочлардан бирининг ёнида туриб хутба қилардилар. Баъзан узоқ муддат тик туриб қолардилар. Шунинг учун устида ўтириладиган бирор нарса ясаб бермоқчи бўлиб, бир ансорий аёл: “Ё Расулуллоҳ! Менинг дурадгор қулим бор Сизга минбар ясаб берайликми?” деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майлин, агар (шуни) хоҳласанг” дедилар. Минбар ясаб бердилар.
Келаси жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқмоқчи бўлдилар, шунда хурмо дарахти худди ёш бола каби баланд овозда йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги ёғочни силаб юпатдилар. Шундан кейин тинчланди.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ қачон шу ҳадисни айтиб берсалар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидан кетганларига бир ёғоч йиғлади-я, биз йиғламаслигимиз мумкинми?” деб, йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу минбарлари ҳижратнинг сакккизинчи йили ясалган.
Минбарнинг учта поғонаси бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада оёқларини иккинчи поғонага қўйиб минбарнинг устида ўтирганлар.
Кейинчалик Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутбада ўтирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб юзасидан иккинчи поғонага ўтириб оёқларини энг пастки поғонага қўйганлар.
Умар розияллоҳу анҳу ҳам хутбада ўтирганларида биринчи поғонага ўтириб, оёқларини ерга қўйиб турганлар. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам шу ҳолат давом этган.
Кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу минбарга поғоналар қўшдирган ва уларнинг сони тўққизтага етган.
Ҳижрий 654 йилда содир бўлган масжид ёнғинида минбар ҳам куйиб кетди.
Ҳижрий 658 йилда Яман подшоҳи Малик Музаффар томонидан ясаттирилган минбар ўрнатилган. Аммо кейинчалик яна бир неча марта бошқа-бошқа минбарлар қўйилган.
Ҳижрий 998 йилда Султон Мурод III Усмоний томонидан юборилган минбар Масжиди Набавийга қўйилган охирги минбар саналади. Минбар мармардан ясалган бўлиб, гўзал нақшлар билан безатилган, тепасида тўртта устунли қуббаси ҳам бор.
Минбарнинг эшиги ҳам бўлиб, эшигидан ташқарисида учта, ичкарисида тўққизта поғонаси бор. Ҳозирда ушбу минбар Масжиди Набавийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари ўрнида турибди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйим билан минбаримнинг орасида жаннат боғларидан бири бор. Минбарим эса ҳовузимнинг устидадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга жаннат боғларидан бир боғ бўлган муборак Равзада такрор-такрор ибодат қилиш бахтига муваффақ қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД