Намоз – уяли телефоннинг қувватлагичи (зарядка қилувчи батарея) кабидир. Агар телефонни қувватлаб олмасанг, экрани ўчади, жим бўлади. Агар сен ўзингни ҳар кунлик намоз билан қувватлаб олмасанг, нурни, тил бурролиги, ҳикматни, хотиржамликни йўқотиб, безовталик, қўрқув ва гоҳида аҳмоқликка мубтало бўласан.
Сен намоз сабабли ҳикмат билан гапирасан. Намоз сабабли ҳалим бўласан. Гўзал хулқларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги неъматдир. Агар Аллоҳ таоло бир бандасини яхши кўрса, унга гўзал хулқ ато этади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг” (Оли Имрон, 159).
Яъни “Эй Муҳаммад, Бизга ибодат қилиш ила боғланиш орқали қалбингда раҳмат ўрнашди. Ўша раҳмат сабабли иймон келтирганларга нисбатан мулойим бўлдинг. Боғланиш бор ва раҳмат бор. Боғланиш ибодат, намоз, зикр. Шулар сабабли раҳмат келади. Раҳмат эса мулойимликка сабаб бўлади. Сен одамларга мулойим бўлганинг учун улар атрофингга тўпландилар. Агар сен Биздан узилган, ибодатга бепарво бўлганингда, қалбинг қасоват (қаттиқлик)га тўларди. Қалбдаги бу қаттиқлик қўпол ва дағал муомалага сабаб бўлади. Натижада, атрофингдан одамлар тарқалиб кетарди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар” (Оли Имрон, 159).
Қоида шу!
Аллоҳга ибодат ила боғаланасан, шунда қалбинг раҳматга тўлади. Раҳмат эса мулойим муомала кўринишида акс этади. Натижада, одамлар сен томонга кела бошлайди.
Аллоҳга ибодат қилмай, Ундан узиласан, натижада, қалбинг қасоватга тўлади. Қасоват, қаттиқлик эса қўпол, дағал муомала кўринишида акс этади. Охир оқибат атрофингдан одамлар тарқалиб кетади.
Энди юқоридаги оятни тўлиқ келтирамиз:
“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”.
Намоз ўқувчи инсоннинг энг катта белгиси – қалбининг мулойим ва меҳрибонлигидир. Унинг қалбида қўполлик бўлмайди. Балки раҳмат бўлади, меҳрибонлик, раҳм-шафқат бўлади. Фарзандларига меҳрибон, аёлига меҳрибон, қариндошларига меҳрибон, қўшниларига меҳрибон, дўстларига меҳрибон ва атрофидаги диндошларига нисбатан меҳрибон бўлади. Нафақат инсонлар, балки ҳайвонларга ҳам меҳрибон бўлади.
Бир қўшиқчи йигит Абу Ҳанийфа раҳимаҳуллоҳни безовта қиларди. У тун бўйи “Мени зое қилишди. Қандай йигитни зое қилишдия” деб қўшиқ айтарди. Кейин бу овоз эшитилмай қолди. Имом билдиларки, йигитга нимадир бўлган. Суриштирсалар, у қамоқда экан. Қамоқхона раҳбарига бориб, йигитни бўшатишини сўрадилар. Йигит дарҳол бўшатилди. Кейин уловларига уни ҳам мингаштириб уйларига қайтдилар. Йўлда келаётганда йигитдан “Ҳой йигит, сени зое қилдикми?” деб сўрадилар. Йигит “Йўқ, зое қилмадингиз, эътибор бердингиз, қамоқдан олиб чиқдингиз, тавба қилишимга сабабчи бўлдингиз” деди.
Мана сизга намозхон, Аллоҳга ибодат ила боғланган кишининг ҳоли ва таъсири!
Эй дўстим! Унутманг! Сизнинг меҳрибонлигингиз, қалбингизнинг мулойимлиги Аллоҳга ибодат ила боғланишингиз аломатидир.
Мўмин одам раҳм-шафқат, одоб, тавозеъ ва муҳаббат манбаидир. Намозхон қўпол бўлмайди. Намозхон уятсиз бўлмайди. Бўлиши мумкинмас!
Намозхон ҳаром мол еювчи бўлмайди! Бўлиши амри маҳол!
Намозхон алдоқчи бўлмайди! Бўлиши амри маҳол!
Намозхон мутакаббир бўлмайди! Бўлиши амри маҳол!
Амри маҳол! Амри маҳол! Минг марта амри маҳол!
Аллоҳга ибодат ила боғлансанг, сендан меҳрибонлик, мулойимлик, лутф, адолат, инсоф, тавозеъ ва бошқа гўзал сифатлар тарала бошлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳга ибодат ила боғланган мўминнинг жамиятда катта таъсири бор.
Аллоҳга ибодат ила боғланмаган тили бурро бўлган мингта нотиқ кишилар ўзларининг таҳлиллари, далиллари билан ҳам битта одамга таъсир ўтказолмайдилар.
Аммо Аллоҳ таолога ибодат қилиш ила боғланган биргина инсон сўзи билан, ҳоли билан минглаб одамларга таъсир ўтказади.
Аллоҳ таоло барчамизнинг намозга, зикрга, Қуръон тиловатига бўлган ғайратимизни, шавқимизни зиёда этиб, ибодатда бардавом, гуноҳлари кечирилган ва қалби салим бандаларидан бўлишимизни насиб этсин, омин!
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:
إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).
وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ
“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).
وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ
“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).
Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ
“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).
Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ
“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).
Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.
Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.
Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).
Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.
Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.
Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.
Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:
Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.
Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.
Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.
Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси