Вашингтон университети талабаси Навид Азоди курсдоши Томас Прайор билан биргаликда ёзма ёки оғзаки нутқни имо-ишоралар тилига таржима қилиб берадиган қўлқоп ихтиро қилди. Ёш ихтирочилар ушбу қўлқопни имо-ишоралар тилида гаплашувчи кишилар ҳам бошқа олам билан боғлана олсин деган мақсадда яратганини айтишди. Улар мазкур ихтироси учун Массачусети технология университети мукофотига сазовор бўлдилар.
«Дастлаб бизни соф техник муаммо жалб қилди ва биз уни бартараф этиш йўлларини қидирдик. Айни шу вақтда инсоннинг мулоқот қилиш ҳуқуқи ҳам эътиборимизни тортиб қолди ва буни амалга ошириш мумкин, ахир инсонлар кўпчилик билан мулоқот қилишни исташади-ку, деган қарорга келдик”, дейди улар.
Қўлқопга ўрнатилган сенсор ҳаракатлар ва имо-ишораларни тўлқинларда мутаносиб ҳолга келтиради, кейин ахборотни симсиз алоқа орқали ҳаракатлар билан сўз бирликларини ўзаро мувофиқлаштириб, якуний иборалар ясайдиган компьютерга жўнатади. Кейин эса ўша ибора сўзловчи томонидан жаранглайди ёки ёзув нутқига айланиб қолади.
Имо-ишоралар тилидан таржима қилишнинг бошқа техник воситалари ҳам мавжуд. Бироқ улар фойдаланиш учун унчалик қулай эмас. Азоди ва Прайор ушбу воситани имкон қадар соддалаштиришга ва қулайроқ қилишга ҳаракат қилдилар. Уларнинг қўлқопи ихчам, фақат кафтни ёпади ҳамда ундан эшитиш аппарти ва контак линза сифатида фойдаланиш мумкин.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати