بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт қилиб яратди. Шу жуфтлик орқали одамлар ҳалол йўл билан оила қуриб, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлайди. Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туйғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:
وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
яъни: “Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бошқа бир оятда шундай дейилади:
وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ
أَفَبِالْبَاطِلِ يُؤْمِنُونَ وَبِنِعْمَةِ اللَّهِ هُمْ يَكْفُرُونَ
яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга имон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?!” (Наҳл сураси, 72-оят).
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим. Зеро, оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади. Шунга биноан, шариатимизда қайнота ва қайнона куёв ёки келинга нисбатан қандай мақомда туриши ҳам баён этилган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 23-оятида никоҳи ҳаром бўлган 13 тоифа аёлларни санаб ўтган. Шулар ичида мавзумизга тегишли 2 тоифа бор. Улар:
...وَأُمَّهَاتُ نِسَائِكُمْ... ... وَحَلَائِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلَابِكُمْ...
яъни: “(Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу), ...қайноналарингиз,
... ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари...” дир.
Демак, қайнота келинга ўз отасидек абадий маҳрам, қайнона куёвга ўз онасидек абадий маҳрам саналади.
Қайнота ва қайнона куёвга ҳам, келинга ҳам ота-она ўрнида бўлади ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда розилигини олиш вожибдир. Улар менинг ота-онам эмас, уларни розилигини олишим шарт эмас, дейиш жоҳиллик ва илмсизликдир. Эркак кишига энг ҳақли зот унинг онасидир. Аёл кишига эса энг ҳақли зот унинг эридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَعْظَمُ النَّاسِ حَقًّا عَلَى الْمَرْأَةِ؟ قَالَ: "زَوْجُهَا" قُلْتُ: مَنْ أَعْظَمُ النَّاسِ حَقًّا عَلَى الرَّجُلِ؟ قَالَ: "أُمُّهُ" (رواه الإمام الحاكم في مستدركه).
яъни: Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Аёл кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим. У зот: “Унинг эри”, –дедилар. Мен: “Эркак кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим. У зот: “Онаси”, – дедилар” (Имом Ҳоким “Мустадрак” китобида ривоят қилган).
Рисоладаги эркак ҳаёти давомида доим икки аёл: онаси ва жуфтига моддий ва маънавий таъминот ҳамда ғамхўрлик қилади. Улар ўртасида адолат ўрнатган ҳолда ҳаёт кечиради. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси, 34-оят).
Бу оят билан Аллоҳ таоло эркакнинг оиладаги ўрнини белгилаб берди.
Шундан келиб чиқиб, оила раҳбари бўлмиш эркаклар, бўлажак қайноналар бўлмиш жуфтларига келинга қандай муомала қилиш, келажакда келин бўладиган қизларига қайнона билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб боришлари керак. Бу ишни фақат аёлларга юклаб қўйиш тўғри эмас. Чунки юқоридаги оятда эркаклар аёлларни ҳимоя қилиши, ғамхўрлик қилиши ва уларга одоб бериши маъноси бордир.
Келинлар қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб ҳурмат қилиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Эрнинг розилиги эса жаннат йўлидир. Баъзи хонадонларда келинга худди хизматкор-қулдек муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи хонадонларда эса аксинча, келинлар йўқ жойдан муаммо чиқариб, катта-катта талаблар қўйиб, эрнинг топганига қаноат қилмай, эри билан қайнонанинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.
Азиз намозхонлар! Афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина оилаларнинг ажрашишига сабаб оиланинг бошлиғи эркак киши ўзини бир четга олган бўлиб, натижада аёллар ҳамма ишда “хўжайин” бўлиб қолишган. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифалар юклаб, зулм қилиб охир оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаёт қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Бу тоифадаги кишиларга нисбатан Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
عَن عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهَا قَالَت: قَالَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ شَرَّ النَّاسِ عِندَ اللهِ مَنزِلَةً يَومَ القِيَامَةِ مَن تَرَكَهُ النَّاسُ اِتقَاءَ شَرِّهِ" (رواه الْاِمَامُ البخاري(.
яъни: “Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
не орзу ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзилари бу ғавғоларни кўтара олмай ўз жонига қасд қилишгача бораётган ҳолатлар учрамоқда.
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Шундай экан, муҳтарама қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олийжаноблик саналиб, ёшларни тўғри йўлга тушишига сабаб бўлади. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг фақат ҳурматлари ортишига олиб келади.
Шу ўринда ҳар икки томонга тегишли бўлган бир ҳадиси шарифни айтиб ўтиш ўринли бўлади.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا وَيُوَقِّرْ كَبِيرَنَا وَيَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас” (Имом Термизий ривояти).
Кечиримли бўлиш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Ўзгани кечириш нафсга ёқмаса ҳам, бу катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги хотиржамликни таъминлайди.
Оила ҳаёти ҳеч қачон бир текис фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг баъзи ҳойи-ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади.
Муҳтарам жамоат! Суҳбатимизнинг давомида Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидаги баъзи фазилатли амаллар ҳақида суҳбатлашамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида бу кунларнинг энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قال: "ما مِنْ أيامٍ أحَبُّ إلى اللهِ أَنْ يُتَعَبَّدَ لَهُ فِيهَا مِنْ عَشْرِ ذِي الْحِجَّةِ ، يَعْدِلُ صِيَامُ كُلِّ يَوْمٍ مِنْهَا بِصِيَامِ سَنَةٍ، وَقِيَامُ كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْهَا بِقِيَامِ لَيْلَةِ الْقَدْرِ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Ибодат қилинадиган бирор-бир кун Зулҳижжанинг ўн кунидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ҳар бир кечасида туриш эса, Қадр кечасида туришга баробардир” (Имом Термизий ривояти).
Бу кунлар орасида тўққизинчи кунда тутилган рўза, (яъни арафа кунида рўза тутиш) энг аҳамиятли, фазилатли ва улкан савоблар ваъда қилинган амал ҳисобланади. Бу ҳақда Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِى قَتَادَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "صَوْمُ عَرَفَةَ كَفَّارَةُ سَنَتَيْنِ سَنَةٍ قَبْلَهُ وَسَنَةٍ بَعْدَهُ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ البيهقي).
яъни: “Арафа кунининг рўзаси икки йилга каффоратдир: ўтган йилга ва кейинги йилга” (Имом Байҳақий ривояти).
Бу кунларда имкон қадар Аллоҳни зикри билан шуғулланиш савоби улуғ амаллардан биридир. Бу ҳақда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَا مِنْ أَيَّامٍ أَفْضَلُ عِنْدَ اللهِ وَلَا الْعَمَلُ فِيهِنَّ أَحَبُّ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ هَذِهِ الْأَيَّامِ الْعَشْرِ، فَأَكْثِرُوا فِيهِنَّ مِنَ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ، فَإِنَّهَا أَيَّامُ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ وَذِكْرِ اللهِ، وَإِنَّ صِيَامَ يَوْمٍ مِنْهَا يَعْدِلُ بِصِيَامِ سَنَةٍ، وَالْعَمَلَ فِيهِنَّ يُضَاعَفُ سَبْعُمِائَةِ ضِعْفٍ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ البيهقي).
яъни: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва бирор-бир амал йўқки ушбу ўн кун ва уларда қилинган амалдан афзал ва Аллоҳ азза ва жаллага суюкли бўлса. Шундай экан, шу кунларда таҳлил ва такбирни кўп айтинглар. Чунки, бу кунлар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолони зикр қилиш кунларидир. Бу кунларда тутилган бир кунлик рўза бир йил тутилган рўзага тенг бўлади. Бу кунларда қилинган амалнинг савоби етти юз баробаргача кўпайтириб берилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Муқим киши Зулҳижжанинг тўққизинчи куни бомдод намозидан то ўн учинчи кунининг аср намозигача жамоат билан адо қилган намозларидан кейин такбири ташриқни бир маротаба овоз чиқариб айтиши вожибдир. Аммо мусофир, ёлғиз намоз ўқувчи ва аёлларга бу такбирни айтиш вожиб эмас.
Такбири ташриқнинг лафзи: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”.
Аллоҳ таоло барчамизни Зулҳижжа ойидаги ибодатларни бажаришга муваффақ айлаб, ваъда қилинган ажру мукофотлардан насибадор айласин! Омин!
БОЛАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
Оилада фарзанд дунёга келиши катта қувонч ва одам наслининг давом этишидир. фарзандни оқ ювиб, оқ тараб катта қилиш ота онанинг бурчи. Она фарзандни дунёга келтириб, унга сут бериб катта қилади, ота эса уларга уй-жой ва моддий таъминот беради. Ота-онасининг меҳрига тўйиб ўсган болалар, бошқаларга ҳам муҳаббатли, ҳаракатчан, яхшиликка интилувчи ва хушмуомала бўлиб ўсади.
Жамиятда гоҳида оилаларнинг бузилиши ҳам учраб туради. Шундай ҳолатда асосан болалар жабр кўради. Улар ё отасиз, ё онасиз ўсишга мажбур бўлади. Хўш, мана шундай ҳолатда болаларни ким таъминлаши керак? Болани ўзи билан олиб кетган онами, ёки боладан ажралган отами?
Ҳозирги кунда кўп учрайдиган ҳолатлардан бири шуки, эрлар хотини сабабли болаларидан ҳам юз ўгирадилар, уларнинг ҳолидан хабар олмайдилар. Ваҳолангки, шаръий жиҳатдан олиб қарасак, ўғил болалар вояга етгунича, қиз болалар ва ногирон фарзандлар эса, балоғатга етганда ҳам отанинг қарамоғи остида бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:
... وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ...
яъни: “...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир...” (Бақара сураси, 233-оят).
Бу оят талоқ оятларидан кейин келган. Оятда боланинг онаси ҳақида гап кетган бўлса ҳам (яъни талоқ қилинган хотин болани эмизиб тургани учун, эр уни едириб-ичириб, кийинтириб туради), бу ўринда болани таъминлаш кераклиги хотинни таъминлашдан ҳам кўра устунроқ туради.
Аллоҳ таоло Қуръоннинг бошқа бир ўрнида болани эмизиш даврида унинг сарф харажатини отага вожиб қилди.
...فَإِنْ أَرْضَعْنَ لَكُمْ فَآَتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ...
яъни: “...Бас, агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар, у ҳолда уларнинг ҳақларини берингиз!...” (Талоқ сураси, 6-оят).
Бу оятда ҳам оталарга талоқ қилган хотинлари болаларини эмизгани учун ҳақ тўлаш буюрилмоқда.
Мухтасарул виқоя китобида: “Болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ёрдам бермайди)”, – дейилади.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда тегишли органлар томонидан белгиланаётган нафақалар (алимент)дан ота бош тортиши жоиз эмас, балки боласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш унинг бурчидир. Аҳли аёл ва болаларни нафақа билан таъминлаш Аллоҳ учун қилинса, савоби улуғ ишлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни ўз зиммасидаги бурчларни тўлиқ бажарувчи бандаларидан қилсин! Омин!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамияти берилиши диққатга сазовордир. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида муҳтарам юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, Қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий тадқиқот мавзуларини Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгилаб, асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштиради.
Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмда яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканлигини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Марказ томонидан Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу Қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори