Иккинчи ўн кунлиги бошланган Рамазон ойининг сакинати, файз-баракаси, таровати юртимизнинг ҳар гўшасида сезилмоқда.
Хусусан, масжидларимиз ҳар қачонгидан гавжум бўлиб, ўқилаётган таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлардан кейин мўмин-мусулмон халқимиз жамоат бўлиб қилаётган дуолар шарофатидан баҳраманд бўляпмиз.
Ота-онага яхшилик қилиш, исрофдан сақланиш, қўшничилик ҳақлари, сахийлик каби таровиҳолди суҳбатлари, хайр-саховат тадбирларидан диллар чарағон бўлмоқда.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги муфтий ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳамда имом-домлаларимиз томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида, кўп масжидларда ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати