Рамазонда қилинган дуоларнинг ижобати ўлароқ, Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани, Гулзор маҳалласи аҳолиси хайрли иш устида жам бўлдилар. Эрта тонгда ушбу маҳаллага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ташрифи барчани қувонтирди. Ташрифнинг боиси маҳалладаги “Хўжаи Корсоз” жоме масжиди биносини қайта қуриш учун тамал тоши қўйиш эди.
Масжид XIII асрда яшаб ўтган “Хўжаи Корсоз” номи билан машҳур зот шарафига шундай аталган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, у зот олим ва авлиё бўлган. Шу ерда шогирдлар етиштирган. Демак, бу маскан ўша замонларданоқ зиё маскани бўлиб келган.
Аҳолининг “Хўжаи Корсоз” масжидининг эски биносини бузиб, унинг ўрнига янгисини барпо қилиш бўйича бошлаган саъй-ҳаракатлари бугун амалга кўчди. Муфтий ҳазратлари қурилаётган масжид қиёматгача хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи З.Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири М.Қаюмов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммоларига амалий ечимлар берилмоқда.
Жумладан, бугун, 11 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги қабулни ўтказиб, таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам сўраб келган фуқаролар билан самимий суҳбатлашди.
Мурожаатчиларнинг оилавий муносабатларда келганларига муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу эзгу анъана нафақат марказий идорада, балки юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳам ҳар чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам давом эттирилмоқда. Зеро, инсонлар оғирини енгил қилиш – асосий мақсадимиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати