Меҳрибон Аллоҳ барча мўмин мусулмонларни Рамазонга етказиб, турли бало-офат ва ёмонликлардан Ўзи асрасин. Ўзи бутун дунёга ташвиш бўлаётган касалликларни аритсин, инсониятнинг ҳидоятига сабаб бўлсин. Дардга йўлиққан барча мўмин мусулмонларга Ҳаким бўлган Роббимиз гўзал сабр ва шифои комил ато қилсин.
Сабр ойига сабр-тоқатда, ризқи бутунликда, кенг феълликда, чиройли хулқда, ибодату тасбеҳда, дуойи хайрда етишликни раҳмли Раззоқ бўлган Аллоҳ барчамизни Ўзи етказсин. Омин
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бир ёдномаларида бундай келтирадилар: «Пайғамбарлар пешвоси соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук сафарида моддий ёрдамда бўлишимизни буюрдилар. Ўша кунлари қўлимда етарли мол бор эди. Ярмини ажратдим. Ўз-ўзимга, "Абу Бакрдан ўтсам, шу сафар ўтаман", дедим-да, катта миқдордаги молни олиб бордим. Расули Муҳтарам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб, "Оилангга ҳам қолдирдингми?", дедилар. "Бир қисмини қолдирдим", дедим. Бироздан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам молини олиб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни шу саволни унга ҳам бердилар. "Уларга Аллоҳ таолони ва Пайғамбарини қолдирдим", деб жавоб бердилар».
Умар розияллоҳу анҳу буни эшитиб, "Аллоҳга қасамки, ҳеч бир нарсада сендан ўтиб кета олмас эканман", дедилар.
Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Маккаи Мукаррамани фатҳ қилдирганда ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу у зот билан бирга бўлганлар. Ҳа, ўшанда ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг маҳбуб пайғамбарлари атрофларида парвона эдилар.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси