ЎМИ матбуот хизмати
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида покистонлик журналист ва ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг "Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти" номли китобининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Олий Мажлиси вакиллари, Покистон Ислом Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Муртазо Соланги, икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, фан, адабиёт ва медиа соҳалари намояндалари иштирок этди.
“Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” китоби бадиий-публицистик асар бўлиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси ва амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг мазмун-моҳиятига бағишланган. Унга сўзбошини Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ёзгани эса давлатларимиз раҳбарлари ва халқларимиз ўртасидаги ишонч ва яқин дўстликнинг ёрқин рамзидир.
Тадбирда сўзга чиққанлар бу асар Учинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон ғояларининг аҳамияти халқаро миқёсда янада теран англаниши, Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлиги ва дўстлиги янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилишига ишонч билдирдилар.