Имом Нававийнинг қаламига мансуб “Ал-Азкор” китобининг аудио шаклидан баҳраманд бўлинг!
Muslim.uz портали ижодкорлари халқимизга турли мавзудаги диний-маърифий китобларнинг аудио шаклини тақдим этиб келяпти. Ушбу йўналишдаги хайрли ишларнинг давоми сифатида азиз мухлислар эътиборига Ислом оламининг мўътабар олимларидан ҳисобланган Имом Нававийнинг “Ал-Азкор” китоби аудиосини ҳавола этамиз.
Мазкур китобнинг аудиосини эшитиш орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салавоту саломлар, зикр ва дуолар тўғрисидаги ҳадисларидан баҳра оласиз.
Маълумот учун, Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йилдаги 4942-сонли хулосаси асосида Имом Нававийнинг “Ал-Азкор” китоби нашр этилган. Китобни арабчадан ўзбек тилига ўгирган таржимон Анвар Аҳмад, масъул муҳарир Шайх Абдулазиз Мансур саналади.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли ишни муваффақиятли ва мўмин-мусулмон халқимиз учун манфаатли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Киши тонгда ўзининг Қуръон вирдини – у ёд олиш ёки тиловат қилиш бўлсин ҳамда тонги зикрларни айтишдан фориғ бўлмагунича алоқа воситалари, интернет тармоқларини очмасликка ўзини ўргатиши фиқҳул авлавиётдан ҳисобланади.
Чунки ушбу тонгги оралиқ, фурсат энг қадрли, аҳамиятли вақтлардан бўлиб, уни чалғитадиган, зеҳнини паришон қиладиган ва вақтини ўғирлайдиган барча нарсадан четланган киши учун жуда катта фойдалар бўлади.
Изоҳ: “Фиқҳул авлавиёт” – устун турадиган нарсалар фиқҳи ёки бирламчи масалалар фиқҳи деганидир. Яъни, шариатда устун турадиган нарсалар фиқҳига нисбатан қўлланиладиган атама.