هل تحب الله ؟
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ", деганлар.
Демак, бомдод намозини ўқиб бўлиб, Аллоҳни зикр қиласиз. Аллоҳни зикр қилишнинг энг афзали Қуръон тиловатидир.
Қуёш чиққандан сўнг, бир неча дақиқа кутиб, икки ракат нафл намоз ўқийсиз. Натижада ҳаж ва умра савобига ҳамда бошқа кўплаб ажрларга эга бўласиз. Гуноҳларингиз ўчирилади. Аллоҳ таоло ёмон амалларингиз ўрнини яхшиликлар билан тўлдиради.
Аммо бунга амал қиладиганни мен каби бошқа одам билан солиштириб кўринг. Бомдод намозини ўқийди-да, кечаси билан бедор бўлганман, чарчадим дейди-ю, кроватига сакрайди ва уйқуга кетади. Бу воқелик.
Азиз биродарлар.
"Ким бир нарсани севса, уни кўп зикр қилади" деган қоида бор. Сиз Аллоҳни севасизми ёки йўқ-ми?
Агар чиндан ҳам Аллоҳни севсангиз, Уни кўп зикр қилишингиз керак. Агар кўп зикр қилмасангиз, демак севмас экансиз.
Банда Яратувчисини таниса-ю, лекин Уни севмаслиги мумкин-ми? Шундай бўлиши мумкин-ми? Шундай бўлиши мумкин-ми? Аллоҳни танисангиз, Унинг қули эканлигингизни билсангиз, Унинг меҳрибон ва раҳмлилигини, лутфу иноятини кўрсангиз Уни севмайсиз-ми?
Яхши, агар севсангиз, Уни кўп зикр қилинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.