Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Ноябр, 2026   |   9 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:53
Қуёш
07:11
Пешин
12:14
Аср
15:19
Шом
17:04
Хуфтон
18:19
Bismillah
19 Ноябр, 2026, 9 Жумадул сони, 1448

Қуръон илмни мақтайди

10.03.2018   24794   3 min.
Қуръон илмни мақтайди

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида илмни мақтаб, илм соҳибларига улкан мукофотларни ваъда қилган. Муфассир олимлар бу борадаги маълумотларни жамлаб қуйидаги хулосаларни берганлар:

Биринxидан, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталар билмайдиган нарсаларнинг илмини ўргатиш орқали уни ер юзига халифа этиб сайлади. Айнан илмнинг фазилати туфайли ҳозирга қадар ер юзида фаришталар эмас, балки инсонлар яшаб келмоқда.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло илмни ҳикмат деб номлаб, ҳикматни энг улуғ иш эканини айтди. Муқотил бу ҳақда шундай дейди: “Қуръонда келган ҳикмат сўзи тўрт хил маънода ишлатилган: биринчиси, панд-насиҳат; иккинчиси, фаҳм-фаросат ва илм; учинчиси, пайғамбарлик; тўртинчиси, Қуръон маъноларидир. Буларнинг бари илмга боғлиқ”.

Учинчидан, Аллоҳ таоло: “Ва сизларга фақат озгина илм берилган, холос” деб марҳамат қилган. Бунинг маъноси шуки, илм шунчалик чексизки, унинг инсониятга берилган бир қисмининг ўзиёқ коинотдаги катта-катта кашфиётларни очмоқда. Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло: “Айтинг, дунё матоси оздир”, деб бутун борлиққа оз сифатини бермоқда. Энди, тафаккур қилайлик, Аллоҳнинг наздида оз ва арзимас бўлган дунёнинг сир-синоатини билишган ожизмиз-у, чексиз-чегарасиз илмга нима деб таъриф бериш мумкин!

Тўртинчидан, Аллоҳ таоло илмлиларни илмсизлардан устун қўйди: “Айтинг, биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Албатта, йўқ, улар асло баробар эмаслар. Аллоҳ таоло Қуръонда олти нарсани олти нарсадан устун қўйган: биринчиси, нопокни покдан, яъни ҳалолни ҳаромдан; иккинчиси, кўзи ожиздан кўзи кўрадиган инсонни; учинчиси, нурни зулматдан; тўртинчиси, жаннатни жаҳаннамдан; бешинчиси, сояни офтобдан; олтинчиси, олимни жоҳилдан. Агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, буларнинг бари илмнинг жаҳолатдан устунлиги билан боғлиқлигини кўриш мумкин.

Бешинчидан, Аллоҳ таоло олимларга итоат қилишга буюрди: “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар”. Оятдаги “...иш бошлари”дан мурод олимлардир.

Олтинчидан, Аллоҳ таоло олимларни иккита оятда Ўзидан кейинги иккинчи ўринда зикр этди. Биринчиси, “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар” ояти бўлса; иккинчиси, “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига Аллоҳ, фаришталар ва илмлилар гувоҳлик бердилар” оятидир. Сўнг Аллоҳ таоло олимларнинг мартабасини янада кўтариб, бошқа иккита оятда уларни Ўзидан кейинги биринчи мартабада зикр этди. Яъни, бир оятда: “Ва унинг таъвилини Аллоҳ ва фақат пухта илмлиларгина билади” деб хабар берган бўлса, яна бир бошқа оятда: “Айтинг, мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ ва Китоб ҳақида илми борлар гувоҳликка кифоя қилур”,  деб олимларни биринчи мартабага қўйган. Бундан-да олийроқ мартаба, мансаб борми?!

Еттинчидан, олимларни даражаларга кўтарди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинганларани даражаларга кўтарур”. Аллоҳ таоло Қуръонда тўрт тоифани юқори даражаларга кўтарган: биринчиси, Бадр жангида иштирок этган мўъминларни; иккинчиси, мужоҳидларни; учинчиси, солиҳларни ва тўртинчиси, олимларни. Бадр аҳлини бошқа мўъминлардан юқори даражага қўйди, мужоҳидларнинг фазилатини узрли сабаб билан жанга бора олмаган мўъминларникидан бир неча даража юқори санади, солиҳларни эса юқоридагилардан ҳам баландроқ даражага кўтарди ва олимларни мазкур уч тоифадан ҳам афзал даражага қўйди. Демак, олимлар инсонлар ичида энг афзалидир.

Саккизинчидан, Аллоҳ таоло олимларни “Аллоҳдан қўрқувчи бандалар” сифати билан мақтаган: “Албатта, Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина  қўрқурлар”.                         

 

                                                             Абдуллоҳ Маллабоев

ЎМИ Матубот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Янги Ўзбекистон феномени»нинг 10 йиллигига бағишланган халқаро анжуман-тақдимот бошланди

19.11.2026   1019   1 min.
«Янги Ўзбекистон феномени»нинг 10 йиллигига бағишланган халқаро анжуман-тақдимот бошланди

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги пойтахти Аммон шаҳрида «Янги Ўзбекистон феномени»нинг 10 йиллигига бағишланган нуфузли халқаро анжуман-тақдимот ўз ишини бошлади. Мазкур маърифий тадбирда подшоҳликнинг таниқли давлат ва дин арбоблари, уламолар, илм-фан намояндалари, академик доира вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик аъзолари иштирок этмоқда.  

Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган стратегик сиёсати ва эзгу ислоҳотларининг туб моҳиятини араб дунёси афкор оммасига кенг танитиш мақсадида араб тилига таржима қилиниб, юксак сифатда нашр этилган муҳим асарлар ва китоб-альбомлар тақдимоти ўтказилди.  

Хусусан, иштирокчилар эътиборига Давлатимиз Раҳбарининг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон», «Ватан ва халқ ҳақида ўйлар», «Динлараро мулоқот ва бағрикенглик» каби фундаментал асарлари, шунингдек, юртимиздаги диний-маърифий янгиланишлар солномаси, Янги Ўзбекистон ютуқлари ва инсонпарварлик қадриятлари акс этган жами 10 номдаги асар ва китоб-альбомлар ҳавола этилди.  

Маросимда сўз олган Иорданиянинг диний-маърифий ва илмий доиралари вакиллари ушбу нашрлар араб китобхонларига Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, илм-фан ва ислом маърифатини кенг ёйиш, жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар моҳиятини теран англаш имконини беришини қайд этдилар.

Улар ушбу эзгу ташаббусни Мовароуннаҳр ва Шом ўлкалари ўртасидаги азалий илмий-маънавий ришталарни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим қадам сифатида эътироф этдилар.

Бундан ташқари, тадбир доирасида Аммон шаҳридаги подшоҳлик миллий кутубхоналари ва етакчи олий ўқув юртларида «Янги Ўзбекистон китоб бурчаклари» ташкил этилиб, уларнинг илмий фондларига араб тилида чоп этилган ушбу қимматли китоблар тўплами топширилгани мезбон томон вакиллари томонидан алоҳида мамнуният билан кутиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари