1. Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютиб юборса рўзаси очилмайди. Сўлакни оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”).
2. Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини сўлагига қўшиб ичига ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун суюқлигини томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Муҳит”).
3. Рўзадор тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ютса, улар нўхотдан катта бўлмаса, рўзаси очилмайди. Аммо тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, нўхотдан кичик бўлса ҳам рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш бўлмаслигида ихтилофли фатволар мавжуд. Вожиб бўлмаслигига фақиҳ Абу Лайс Самарқандийдан ривоят бор (“Фатовойи Оламгирия”).
4. Рўзадорнинг томоғига чанг, тутун, пашша, чивин каби нарсалар кирса, рўзаси очилмайди. Шунингдек, рўзадор кундузи эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Мухтасар”).
5. Рўзадорнинг бир икки томчи кўз ёши ёки юзидан оққан тер оғзига кириб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилмайди. Аммо бу миқдордан зиёд бўлиб, оғзида кўпгина шўрликни сезса рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). \
6. Баданнинг табиий майда тешикчаларидан (икки махраждан бошқа) кирган сув каби нарсалар билан рўза очилмайди. Кўзига дори томизганда гарчи томоғида унинг таъми, мазаси билинса ҳам рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).
7. Газлама тўқувчи рўзадор иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида кўкми, қизилми, сариқми ёки бошқа рангларми оғзига юқиб, сўлакларига аралашиб томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”).
8. Рўзадорнинг тиши қонаб, у қонни ютиб юборса, каффоратсиз қазонинг ўзини тутади. Тиш милкидан чиққан қонни сўлак билан бирга қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю сўлак ортиқ бўлса, рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).
9. Фитр садақаси вожиб бўлган киши уни ўз вақтида адо эта олмаса, зиммасидан соқит бўлмайди. Уни барибир адо этиши лозим бўлади (“Ҳидоя”).
Фатво ҳайъати
Ижтимоий тармоқларда, афсуски, болаларнинг ўз жонига қасд қилиши, уйдан қочиб кетиши, жиноятга қўл уриши ҳақидаги хабарлар кўпайиб бормоқда. Бугун биз кўраётган кино ва сериалларда ҳам, албатта, бебош қаҳрамонлар ва уларнинг аянчли тақдири намойиш этилмоқда. Ота-онаси бор қизларнинг ўзаро жанжали ёки ўсмир йигитларнинг пичоқбозлиги сабаб бир оила ёлғиз ўғлидан айрилгани аслида нотўғри тарбия оқибати эмасми?
«Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” дейдиган кишилардир» (Фурқон сураси, 74-оят).
Оилалар билан суҳбатлашар эканман, ажримларга қадар оиладаги носоғлом муҳит, аёл ўз дунёси ва ҳақиқати, эркак ўз ҳолича яшаётгани натижасида болаларга мутлақ бефарқ, илмсиз ва саломатлигида ҳам нуқсонлар борлигини кўраман. Биз болаларни дуо қилишни, уларни тинглаш ва улар билан суҳбатлашишни билмаймиз. Улар ўз-ўзидан тарбияланиб, катта бўлиб қолмайди ахир. Айниқса, ҳозирги мураккаб даврда, турли зарарли таъсирлар кўпайган бир вақтда фарзандларимизни соғлом фитратда ушлаб қолиш осон эмас.
Бир сафар ажрим ёқасидаги оила билан суҳбатлашдик. Аёл ва эркак жанжал қилар, ўсмир қиз бир четда ўйин ўйнаб ўтирар, ота-онасининг бу ҳолати унга аҳамиятсиздай эди. Қизиғи, улар болага қарамаслик, ундан халос бўлиш учун ўзаро низолашар эди. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган қиз ахлоқсиз бўлиб улғайган. Ўзларининг тарбияси ҳосиласини “бош оғриғи” дейишгани бизни янада ажаблантирди. Бу каби тақдирлар ҳар биримизни ўйлантириши лозим.
Афсуски, кўп ота-оналар фарзандларига фақат тақиқ қўйишади, тинглашни исташмайди. Бир воқеа бутун бир қишлоқни ларзага солди. Мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Сабаби эса, қўшнисининг уйида ўйнаб унинг ўғли билан жанжаллашгани учун болани ҳақоратлаган, ота-онасига ёмонлаган. Ўз уйидагилар ҳам болани эшитишни исташмаган. Бунинг оқибатида қаттиқ тушкунликка тушиб, у ўз жонига қасд қилган. Бу каби кўплаб воқелар ота-оналарни фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмасликка чақиради. Сўнгги пушаймон – ўзимизга душман.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Уч дуо рад этилмайди:
Аллоҳ фарзандларимизни кўз қувончимиз қилсин!
Гулнора ИБРАГИМОВА,
Хатирчи тумани “Боғишамол” маҳалласи отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан