Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Ноябр, 2024   |   14 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:49
Қуёш
07:11
Пешин
12:13
Аср
15:22
Шом
17:06
Хуфтон
18:23
Bismillah
15 Ноябр, 2024, 14 Жумадул аввал, 1446

Рўзани бузувчи амаллар

17.05.2018   50573   4 min.
Рўзани бузувчи амаллар

Қуйидаги амаллар орқали рўза бузилади ва фақат қазо рўза тутиш вожиб бўлади:

  1. Рўзани сафарга чиқиш, касаллик, ҳайз-нифос ва ақлдан озиш каби сабаблар билан бузилса;
  2. Одатда танаввул қилинмайдиган нарсалар, масалан, қоғоз ва лой кабиларни истеъмол қилинса;
  3. Тош, темир, олтин, кумуш ва бошқа қаттиқ жисмларни ютилса;
  4. Зўрланганлик оқибатида еб-ичилса;
  5. Ҳали тонг отмади деб ўйлаб еб-ичиш ёки жинсий алоқа қилиб қўйилса-ю, аслида тонг отиб бўлган бўлса ёҳуд кун ботди деган гумон билан оғизни очиб қўйса-ю, бунинг акси бўлиб чиқса;
  6. Оғиз ёки бурунни чайишда эҳтиётсизлик туфайли сувни ичкарига киритиб юборса;.
  7. Қасддан кўнгилни айнитиш туфайли оғиздан тўлиб қайд қилса;
  8. Қор ёки ёмғир оғизга тушса;.
  9. Тутунни қасддан ҳидласа;
  10. Тишлар орасида қолган нўхот ва ундан катта ҳажмдаги овқат қолдиғини ютса;
  11. Рўзани унутиб еб ёки ичиб қўйгач, энди рўзам очилиб кетди деган гумон билан танаввулни давом эттирса;
  12. Тундан ният қилмагани учун рўзани бузса;
  13. Кун ярмидан кейин сафарга чиқиб, рўзани очиб юборса;
  14. Ният қилмай кун бўйи емоқ ва ичмоқлардан тийилиб юрса;
  15. Қулоққа томизилган ёғ ёки сувнинг мазасини ҳалқумида сезса;
  16. Бурунга дори томизса;
  17. Клизма қилса;
  18. Аёлини қучиш ёки ўпиш туфайли маний чиқса;.
  19. Қориндаги ярага қўйилган дорини ошқозонга ва бошдаги ярага қўйилган дорини димоғга етса;

 Ушбу юқорида санаб ўтилган амаллардан бирини қилган киши Рамазоннинг ҳурмати учун куннинг қолганини ўзини тийиш билан ўтказиши зарур бўлади ҳамда бир кунига бир кун рўза тутиб беради.

  1. Қуйидаги амаллар орқали рўза бузилади ҳамда қазо ва каффорат вожиб бўлади:
  2. Қасддан таом ейиш ёки ичиш.
  3. Узрсиз дори-дармонларни қабул қилиш.
  4. Қасддан жинсий яқинлик қилиш.
  5. Оғизга тушган ёмғирни қасддан ютиш.
  6. Донни чайнагандан сўнг бўлса ҳам ютиш.
  7. Кунжут донини ютиш.
  8. Туз истеъмол қилиш.
  9. Чекиш.
  10. Одатланиб қолган инсонни тупроқ ейиши. Агар ўрганиб қолмаган бўлса, каффорат талаб қилинмайди.

 Масалан:

 Туз еса, фақат қазо рўза вожиб бўлади. Аммо туз еб юриш одати бор одам бўлса, ҳам рўзани қазо қилади, ҳам каффорат беради. Туз еган рўзадорга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади, деган фатволар мавжуд. Бинобарин, бунда эҳтиёткорлик лозим бўлади (“Фатовойи Оламгирия”, “Хулоса”, “Шарҳи ниҳоя”).

 Бировнинг мажбур қилиши сабабли ёки рўзалиги эсида бўла туриб, эҳтиётсизлик билан (масалан таҳорат ёки ғусл қилаётганида) томоқдан сув ўтиб кетса, қазонинг ўзи вожиб, каффорат лозим эмас.

 Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради (“Фатовойи Оламгирия”, “Қозихон”).

Рўза ниятлари

 Тонг отиб қолгандир, деб шубҳаланадиган вақтга қадар саҳарлик қилиш макруҳдир. Рамазон ойида саҳарлик қилиш рўза нияти ўрнига ўтади. (“Фатовойи Оламгирия”). Қуёш ботгандан сўнг эртанги кун рўзаси учун ният қилиш мумкин (“Имом Сарахсийнинг “Мабсут” китобидан”).

 Рамазон рўзасининг ниятини кун ярим бўлай дегунча, яъни пешин намози вақти киргунча қилиш мумкин.

 Қазо ва каффорат рўзаларнинг ниятини тонг отгунча қилиш лозим. Тонг отгандан қуёш ботгунча ўтган вақт кун ҳисобланади, рўзанинг вақти ҳам шу оралиқ билан белгиланади.

 “Каффорат” ҳақида тушунчаси

 Каффорат уч турли бўлади:

  1. Қул озод қилиш. Лекин ҳозир қулчилик бекор бўлгани сабабли буни бажаришнинг иложи йўқ.
  2. Кетма-кет 60 кун рўза тутиш. Бу рўзани тутишда орасини узмаслик шарт қилинади. Шунинг учун икки ҳайит ва ташриқ кунларига тўғри келиб қолмаслиги керак.
  3. Инсон ўзи истеъмол қиладиган таом каби егуликлар билан 60 та мискинни овқатлантиради. Бунда каффорат бераётган шунга аҳамият бериши керакки, мискинлар орасида ота-онаси, хотини ва фарзандларига ўхшаш яқинлари бўлмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир мискинга ярим соъ (тахминан 2 кг.) буғдой ёки уни бир соъ арпа ёки хурмо кабилардан ёҳуд улардан бирининг қийматини бериш ҳам мумкин.

 Саиджамол МАСАЙИТОВ, 

ТИИ катта ўқитувчиси

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шу дуони қилинглар, бошқаларга ҳам ўргатинглар.......

15.11.2024   105   10 min.
Шу дуони қилинглар, бошқаларга ҳам ўргатинглар.......

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади: «Маҳзун бўлган дамларимда Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган кўп сўзларни айтиб юборардим. Ўзимга ёмонлик, ҳатто ўлим тилар эдим. Кейин эса бу қилаётган ишим ҳаром эканини билиб қолдим. Шундан кейин қайғуга тушганимда бундай гапларни оғзимга олмайдиган бўлдим. Лекин аҳволим баттар оғирлашаверди. Қайғуларимни, аламларимни қандай ифодалашни билмай қолдим. Энди нима қиламан? Энди нима дейман? Нима қилишимни билмай анча вақт юрдим. Бир куни бир олимнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчилик, ташвиш ва қайғу келганда айтадиган дуолар ҳақида сўзлаётганини эшитиб қолдим-у, қалбимда мисли кўрилмаган хотиржамликни туйдим, чунки қайғулар ўраб олганда нима дейишни ўрганиб олган эдим! Ана шу дуолар билан ғам-ташвишларимни ифодалай оламан. Ўша заҳоти Роббимга дуо қилдиму, Ислом дини нимани ҳаром қилган бўлса, албатта унинг ўрнига покиза, ҳалол нарсани ҳам кўрсатиб берганини тушуниб етдим. Демак, Аллоҳ таоло бизга қайғу вақтида У Зотни ғазаблантирадиган сўзларни ҳаром қилиб, бунинг ўрнига У Зот рози бўладиган, дардларни аритадиган дуоларни ўргатган экан».
 

Биринчи дуо

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғам-ташвиш пайтида «Лаа илааҳа иллаллоҳул‑ъазиймул‑ҳалийм, лаа илааҳа иллаллоҳу Роббус‑самааваати вал‑арди ва Роббул‑ъаршил‑ъазийм», деб дуо қилар эдилар» (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).

Маъноси: «Буюк, Ҳалим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Еру осмонларнинг Робби, буюк Аршнинг Робби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ».

Мулоҳаза:

Бу ҳадисни бизга айтиб бераётган буюк саҳобий – Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўн уч яшар ўспирин бўлган. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғам-ташвишга тушган вақтларида шу дуони айтаётганларини эшитиб юрган, уни кўп айтганлари учун эшитавериб, ёдлаб олган.

Ёшлар (қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам) балоғат ёшига, яъни ўсмирлик ёшига етмай туриб ҳам бу дуони ўрганиб олсалар яхши бўлади, чунки ўсмирлик ҳам турли ташвишлар, муаммолар кўп бўладиган даврдир. Бу даврнинг ўзига хос муаммоларини енгишда бу дуони ёдлаб, уни ихлос билан ўқиб юриш фойдалидир.

Покиза синглим! Маҳзун бўлганингизда бу дуони оила аъзоларингиз – ака-ука, опа-сингилларингиз эшитадиган қилиб айтиб юринг. Қарабсизки, улар ҳам сиздан эшитиб, ёдлаб олишади. Дуони уларга эшиттириб айтсангиз, қайғуда эканингизни билиб, сизга мулойим муносабатда бўлишади, кўп безовта қилмасликка ҳаракат қилишади. Бундан ташқари, бу дуони оила аъзоларингизга эшиттириб айтиш билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога эшиттириб дуо қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам эргашган бўласиз!

 

Иккинчи дуо

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғам-ташвиш етса, «Ё Ҳайй, ё Қайюм! Раҳматинг билан ёрдам сўрайман!» дер эдилар» (Имом Термизий ривояти).

 

Учинчи дуо

Абу Бакра Нофеъ ибн Ҳорис Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Мушкули борнинг дуоси будир: «Аллоҳим, раҳматингдан умидворман. Мени кўз юмиб-очгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин, ҳамма ишларимни Ўзинг ўнглагин, Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ"» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Тўртинчи дуо

Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундай деганлар: «Сенга мушкул пайтда нима дейишни ўргатайми? «Аллоҳ, Роббим Аллоҳ! У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайман» дегин» (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳога қайғулардан сақлайдиган, эрталаб ва кечқурун айтиладиган гўзал дуони бундай ўргатган эканлар:«Васиятларимни эшитинг, Фотима! Сизга васиятим шуки, тонг отганда ёки кеч кирганда шундай дуо қилинг: «Ё Ҳайй, ё Қайюм! Раҳматинг билан ёрдам сўрайман! Ҳамма ишларимни Ўзинг ўнглагин, мени кўз юмиб-очгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин!»

Аёл зоти эркакларга нисбатан қайғуларга кўпроқ дуч келади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ғамларни аритиши учун айтиладиган дуоларни аёлларга ўргатишга жуда эътиборли бўлганлар. Қизлари Фотима розияллоҳу анҳога қайғулардан сақлайдиган, тонгда ва кечда айтиладиган дуони, Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳога бошга мушкул иш тушганда айтиладиган дуоларни ўргатмоқдалар.

Бешинчи дуо

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бир бандага ғам-ташвиш, қайғу етганда «Аллоҳим, мен Сенинг қулингман, қулингнинг, чўрингнинг фарзандиман! Тақдирим қўлингда, ҳукмингдаман! Менга чиқарган ҳукминг адолатли. Ўзинг айтган, махлуқотларингга ўргатган, Китобингда келтирган, ғайб илмингда сақлаб қўйган барча исмларинг ҳаққи, Қуръонни қалбимнинг баҳори, қалбимнинг нури, қайғуларимнинг кушойиши, ғамларимнинг аритувчиси қилгин!» деса, Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвишларини етказиб, ўрнини хурсандчилик билан тўлдиради».

Саҳобалар «Эй Аллоҳнинг Расули, бу дуони ўрганиб олайликми?» дейишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, бу дуони эшитган одамга уни ўрганиш вожиб бўлади», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Бошқа ривоятда у зот «Шундай дуо қилинглар, уни бошқаларга ҳам ўргатинглар! Ким бу дуоларни айтса, Аллоҳ унинг маҳзунлигини кетказиб, хурсандчилигини бардавом қилади», деганлар.

Бир қиз айтади: «Мен бу дуоларни кўп айтар эдим, лекин ўзимдан «Нега «Аллоҳим, Қуръонни қалбимнинг баҳори, қалбимнинг нури, қайғуларим кушойиши, ғамларимнинг аритувчиси қилгин», деб дуо қиламиз? Қандай қилиб Қуръонни ўқимасак ҳам, оятлари ҳақида фикр юритмасак ҳам, қайғуларимизнинг ечими бўлади?» деб сўрайверардим.

Шунга қарамай, бу дуони кўп айтиб юравердим. Натижа эса мени ҳайрон қолдирди… мен Қуръонни қаттиқ севиб қолдим. Тиловатига шўнғиб, бутун вужудим билан унинг ҳаловатини ҳис этардим. Ҳар сафар Қуръони Каримни қўлга олганимда ажиб ҳислар туяр эдим. Уни тиловат қилганимда мени бахт ўраб олар, ҳаётимда Қуръоннинг ўрни кенгайган сари саодатим ҳам ортиб бораверарди. Қарабсизки, бошимга кулфат тушганда Аллоҳ таоло дуоларимни қабул қилди, Қуръонни қалбимнинг баҳори, қалбимнинг нури, қайғуларимнинг кушойиши, ғамларимнинг аритувчиси қилиб қўйди.

Ким бу дуони тилдан қўймай айтиб юрса, Аллоҳ таолодан Қуръони Каримни севиб тиловат қилишга, уни тушуниб, унга амал қилишга муҳаббат уйғотишини ёлвориб сўраса, Аллоҳ таоло уни Қуръонга ошиқ қилиб қўяр экан. Аллоҳ кимни Қуръонга муҳаббат билан сийлаган бўлса, бу инсон қайғуларига энг яхши малҳамни топган бўлар экан».

 

Бошқа бир қиз айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошга ғам-қайғу тушган пайтда айтиладиган дуони ўргатиб, «Шу дуони қилинглар, бошқаларга ҳам ўргатинглар! Ким бу дуоларни айтса, Аллоҳ унинг маҳзунлигини кетказиб, хурсандчилигини бардавом қилади», деган эканлар. Бу сўзлар ҳақида мулоҳаза қилиб кўриб, шундай хулосага келдим: бу дуонинг фойдаси фақат унинг лафзларини ёдлаб, айтиб юраверишда эмас экан, балки уни бошқаларга ўргатишда ҳам яхшилик бор экан. Ўзингиз дуо қилганингизда қалбингиз шодликка тўлар экан, уни бошқаларга ўргатганингизда эса ўзингизга ҳам, бошқаларга ҳам саодат улашган бўлар экансиз. Шу ниятда, яъни менинг бошимга тушган кунларни кўрмасин деган мақсадда бу дуони синглимга ўргатдим.

Эҳ, бу дуони учратгунимча қанча-қанча йилларни маҳзунликда, машаққатда ўтказдим...

Уни ўрганганимдан кейин эса ҳаётим ёрқин тарафга ўзгариб кетди. Шунинг учун бу ишга жидду жаҳд билан киришдим. Синглим ҳам бу дуони бирпасда ёдлаб олди. У ҳам мен каби маҳзун бўлганида шу дуони эслаб, тинмай такрорлар, дарди енгилласин деб, мен ҳам синглим билан бирга шу дуони такрорлар эдим. Синглимга бу дуони ўргатганимдан ўзим ҳам хурсанд эдим. Уни ўзим таниган ҳамма инсонларимга ўргатишга ҳаракат қилдим. Чиройли қоғозга чиқартириб, дугоналаримга совға қилдим. Совға қилаётиб, «Бу дуо ҳаётингни янада нурларга тўлдиради», дер эдим. Буларнинг барчаси – Пайғамбаримизнинг ваъдаларига ишончим меваси эди».

 

Олтинчи дуо

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига «Сизларга бир дуони ўргатайми? Кимга бирор қийинчилик етса ёки дунёдаги балолардан бири келса, Аллоҳга шуни айтиб дуо қилса, Аллоҳ унга албатта кушойиш беради!» деган эканлар. Саҳобалар: «Ўргатинг, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу – Зуннуннинг дуоси: «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн», деган эканлар» (Имом Насоий ривояти).

Бошқа ривоятда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Зуннун балиқ ичида туриб «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн», деб дуо қилган. Қай бир мусулмон ўша дуони қилса, Аллоҳ уни албатта ижобат қилади» (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар