Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Апрел, 2026   |   23 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:29
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:20
Bismillah
12 Апрел, 2026, 23 Шаввол, 1447

Рамазон ойи учун беш маслаҳат

26.04.2020   5594   2 min.
Рамазон ойи учун беш маслаҳат

Рамазон – мусулмонлар учун чинакам шодиёна. Бу ойда савоб амалларни кўпайтириб улуғ ажрларга эга бўлайлик. Сиз азизларга рамазон ойи учун бешта маслаҳатни тавсия қиламиз.

Биринчи

Жуда кўп таом еманг, сувни ҳам камроқ ичинг. Саҳарлик қилаётганда киши кун бўйи оч юришини ўйлаб кўп еб қўяди. Натижада ошқозон фаолияти қийинлашиб, киши дангаса ва беҳафсала бўлиб қолади. Ёдда тутинг, рамазон очлик ойи эмас, балки иймон-эътиқод синаладиган ойдир. Келинг, рамазон ойини пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  тавсия қилганларидек нафсимизни жиловлаб, ошқозонимизнинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга қолган учдан бирини ҳавога тўлдирайлик.

Иккинчи

Сахийликни  кўпайтиринг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо сахий бўлганлар. Айниқса, рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетган. Бу муқаддас ойда ким саховатпешалик қилса унга улуғ савоблар ёзилади. Иложи борича рамазоннинг ҳар кунида сахийлик қилинг. Биргина Қадр кечасида қилинган хайр-саховатга Аллох жуда кўп савобларни ваъда қилган. Саховатли бўлайлик, иншоаллоҳ  улуғ  ажрлар  эгасига айланайлик.

Учинчи

Беш маҳал намозга қоим бўлинг. Рамазон ойида кечалари таровеҳ намозига одамлар  ёғилиб келади. Аммо кундузлари  намоз ўқувчилар бир оз сийраклашгандек бўлиб қолади. Албатта таровеҳ намозининг ажри улуғ, Бироқ ёдда тутинг, Аллоҳ таоло бизга кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Фарз амални мукаммал адо этишда сусткашлик қилманг.

Тўртинчи

Рамазон ­ – Қуръон ойи! Бу муқаддас ойда кўпчилик  Қуръонни бир неча бор хатм қилиш пайида бўлади. Баъзиларимиз Қуръонни уч маротаба, баъзиларимиз беш маротаба хатм қиламиз. Бу ажойиб мусобақага ўхшайди. Айниқса, оятлар маъноси тушуниб ўқилганда савоби янада улуғ бўлади. Шу муқаддас ойда  Қуръон ўқиб қалбимизни нурга тўлдирайлик.

Бешинчи

Тақводор бўлайлик. Аллоҳ таоло бандаларига тақво қилишни буюриб, Бақара сурасининг 183-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.

Оятда айтилганидек  рўзадорлик  ортидан тақводор бўлишга чақирилмоқда. Тақводор одам ўз  нафсини  жиловлайди. Шубҳали нарсалардан узоқ бўлади. Тақво сўзи кўп тилларда мавжуд эмас. Унинг асл маъноси “Аллохдан қўрқиш, У белгилаган ҳадлардан ошмаслик ва охиратни ўйлаб яшашдир”. Тақво фақат Аллоҳдан қўрққанимиз баробарида унга бўлган чексиз муҳаббатимиз сабаб бўлса янада яхши.

 

   

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари

19.11.2018   20789   6 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

“Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик энг ёлғон сўздир, тирноқ остидан кир қидирманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  *    *     *

“Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар. Агар ўтирсангиз, унинг ҳаққини адо этинглар”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, йўлнинг ҳаққи нима?”, дейишди Расулуллоҳ: “Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан , дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

    *    *     *

“Икки заифнинг – аёл кишининг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан”, дедилар (Имом ибн Можа ривояти).

    *    *     *

“Аллоҳга тақво қилинг, беш вақт намозларингизни ўқинг, Рамазон ойи рўзасини тутинг, молларингиз закотини нафсингиз шод бўлган ҳолда беринг, бошлиқларингиз буйруғига итоат қилинг, шунда Роббингиз жаннатига кирасизлар” (Имом Ҳоким ривояти).

   *    *     *

“Мазлумнинг дуосидан қўрқинглар. Чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ-парда бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).

   *    *     *

“Ҳаромдан тақво қил, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсимлаб қўйган ризқдан рози бўл, одамларнинг энг бадавлати бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўз нафсингга яхши кўрган нарсангни одамлар учун ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради” (Имом Аҳмад ривояти).

    *    *     *

“Кибрдан четланинглар, чунки банда такаббурликда бардавом бўлса, Аллоҳ таоло фаришталарига: «Бандамни гердайиб юрувчилар сирасидан қилиб ёзинглар», деб айтади” (Ибн Адий ривояти).

“Ўзингизга яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўринг” (Имом Бухорий ривояти).

  *    *     *

“Одамлар ҳақида ёмон гумон қилишдан сақланинглар” (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).

  *    *     * 

“Умматим устида қўрқадиган нарсамнинг энг қўрқинчлиси қорни катталашиб, уйқуда бардавом бўлиб, дангаса бўлиб, кейин имони заифлашиб қолишидир” (Имом Дорақутний ривояти).

  *    *     *

Аллоҳ сенга фарз қилган нарсаларни адо этгин, инсонларнинг энг ибодатлиси бўласан. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ўзингни четда тут, инсонларнинг энг тақволиси бўласан. Аллоҳ тақсимлаб қўйган ризққа рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўласан” (Ибн Адий ривояти).

  *    *     * 

Фарзандларингизни уч хислатга чорлаб одоб беринглар: пайғамбарларингизни яхши кўриш, у зот хонадон аҳлларини яхши кўриш ва Қуръон қироат қилиш. Чунки Қуръон ҳомиллари (яъни, ёд олиб доим ўқиб юрганлар) соя йўқ кунда Аллоҳнинг сояси остида пайғамбар ва соф кишилар билан бирга бўлишади” (Имом Дайламий ривояти).

  *    *     *

Ижобат қилинишига ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар. Билингки, Аллоҳ таоло қалби ғофил, бепарво кишиларнинг дуосини қабул этмайди” (Имом Термизий ривояти).

  *    *     *

Агар бирор иш қилишни хоҳласанг, оқибатини тадаббур қил. Агар яхши бўлса, уни бажар. Агар ёмон бўлса, ундан тўхта” (Ибн Муборак ривояти).

  *    *     *

Агар сизлардан бирингиз таом тановул қиладиган бўлса, ўнг қўли билан овқатлансин. Бирор ичимлик ичадиган бўлса, ўнг қўли билан ичсин. Бирор нарса оладиган бўлса, ўнг қўли билан олсин. Бирор нарса берадиган бўлса ҳам, ўнг қўли билан берсин” (Имом Ҳасан ибн Суфён ривояти).

  *    *     * 

Агар сизлардан бирортангиз одамларга имомлик қиладиган бўлса, енгил ўқисин. Чунки уларнинг ичида кичиклар, кексалар, заифлар, касаллар ва ҳожатмандлар бордир. Агар ўзи ўқийдиган бўлса, хоҳлаганича узун қилаверсин” (Имом Термизий ривояти).

  *    *     * 

«Агар сизлардан бирингиз овқат тановул қиладиган бўлса, Аллоҳ исмини зикр қилсин. Агар Аллоҳ исмини овқат аввалида зикр қилишни унутса, “Бисмиллаҳи ъала аввалиҳи ва охириҳи”, деб айтсин» (Имом Термизий ривояти).

  *    *     *

Агар сизлардан бирингиз ифторлик қиладиган бўлса, хурмода очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сувда очсин, чунки сув покловчидир” (Имом Аҳмад ривояти).

  *    *     * 

Агар сизлардан бирингиз сафарга чиқадиган бўлса, биродарларидан дуо талаб қилсин. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг дуолари сабабидан барака ато этувчидир” (Имом Ибн Асокир ривояти).

  *    *     * 

Бирор киши бошқа бир кишини ўтирган ўрнидан турғизиб, ўзи ўтириб олмасин. Лекин жой беринглар ва кенгайинглар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  *    *     *

“Сизлар қиёмат куни исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар, шунинг учун исмларингиз чиройли бўлсин” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).

  *    *     * 

“Ким дуосининг мустажоб бўлишини ва ғам-ташвишдан қутулишни истаса, ёрдамга муҳтожларга ёрдам берсин” (Имом Аҳмад ривояти).

  *    *     * 

“Киши дўстининг динидадир. Сизлардан бирингиз ким билан дўст бўлаётганига қарасин” (Имом Абу Довуд ривояти).

  *    *     * 

“Ундоқ деди ва бундоқ деди деб гапириб юришни, кўп савол беришни ва молни беҳудага сарф қилишни тарк қил” (Имом Табароний ривояти).

  *    *     * 

“Осонлаштиринглар, қийинлаштириб юборманглар хурсандлик хабарини беринглар, нафратлантириб қўйманглар” (Имом Бухорий ривояти).

  *    *     * 

“Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмон амалингга яхшисини эргаштир. Шунда яхшиси ёмонини ўчириб юборади. Одамлар билан яхши хулқ ила муомалада бўл” (Имом Табароний ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар