Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Ноябр, 2026   |   26 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
07:00
Пешин
12:12
Аср
15:31
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
06 Ноябр, 2026, 26 Жумадул аввал, 1448

Фитр садақаси

15.05.2020   11735   4 min.
Фитр садақаси

Фитр садақаси нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга ҳур ва мусулмон бўлган кишилар учун ҳайт тонгида адо қилиши вожиб бўлган садақадир. Фитр садақасининг вожиб эканлигида ўзига хос ҳикматлар бор.  

عن ابن عباس قال فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر طعمة للمساكين وطهرة للصيام من اللغو والرفث فمن أدى قبل الصلاة فهي زكاة مقبولة ومن أداها بعد الصلاة فهي صدقة من الصدقات رواه أبو داود و الدارمي

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни ҳайт намоздан олдин адо қилса, у мақбул садақадир. Ким уни ҳайит намоздан кейин адо қилса,  садақалардан бир садақани бўлади”-дедилар. Абу Довуд ва Дорамий ривоят қилади.

Ушбу ҳадиси шарифдан фитр садақасининг ҳукмини ва унинг савобини топиш билан биргаликда иккита ҳикмат ва фойда кўзда тутилиши маълум бўлади. 

Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ “Рамазон ойининг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди” -дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам, рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам  фитр садақасини бериш вожиб бўлади. 

Иккинчи ҳикмати ва фойдаси ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини уларга беришдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, рамазоннинг аввалида, олдиндан берса жоиз. Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Намоздан кейинга қолса ҳам соқит бўлмайди. Ҳаттоки, зиммасига вожиб бўлгандан сўнг инқирозга учраб камбағал бўлгандан кейин ҳам фитр садақа соқит бўлмайди.  

 Фитр садақаси вожиб бўлиш шартлари.

  1.    Ҳур бўлиш.

Фитр молявий ибодатлардан бўлгани учун ҳур бўлмаган кишиларга вожиб бўлмайди. Чунки қулнинг мол-мулки бўлмайди. Балки, қул хожасининг мулки бўлади. Агар хожасига фитр садақа вожиб бўлса, хизмат қилиб турган қулнинг ҳам фитр садақасини бериш хожасига вожиб бўлади.

  1.    Мусулмон бўлиш.

Фитр садақаси ибодат ва у билан қурбат (савоб) ҳосил бўлади. Ибодатларнинг тўғри бўлиши учун холис Аллоҳ учун деган ният бўлиши лозим. Бундай ният эса фақат мусулмон кишидангина дуруст бўлади.

  1.    Нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлиш.

Фитр садақаси молявий ибодат бўлгани учун маълум бир миқдордаги мол-мулкка эга кишига вожиб бўлади. Фақир ва мискинларга вожиб бўлмайди.

عن أبي هريرة: لا صدقة إلا عن ظهر غني رواه أحمد 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам садақа бойликни орқасидан вожиб бўлади” –деди. Имом Аҳмад ривоят қилади.

Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда фитр садақни вожиб бўлиши бой бўлган, маълум бир моддий қуввати бор кишига вожиб бўлишини баён қилмоқда. Ислом дини енгил, унинг молявий ибодати ҳам енгил бўлиши керак. Садақани енгил адо қилиниши маълум миқдордаги нисобга эга бўлгандан кейин бўлади.

Аммо шу нарса билиш керакки, закотнинг нисоби бошқа, фитр садақасининг нисоби бошқа. Закот нисоби фақат закот чиқариладиган ўсувчи моллардан ҳисоб қилинади. Фитр садақасининг нисоби эса аслий ҳожатдан (ишлатилиб турган мол-мулкдан) ташқари мол-мулклар ҳам ҳисоб қилинади. Ушбу фитр садақасини нисобига эга кишига ўзининг ва балағотга етмаган фақир фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлади. Хотинининг, балағотга етган фарзандининг ва балағотга етмаган бой фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлмайди. Лекин мазкурларни фитр садақасини берса адо топади. Шу бойликка эга кишига бошқаларнинг закотини, садақасини ва назрини олмоқ ҳаром бўлади. Шунингдек қурбонлик қилиш ва нафақасиз қолган маҳрам қариндошларнинг нафақасини қилиш вожиб бўлади.

Фитр садақаси закот бериладиган кишиларга бериш билан адо топади.

 

 Жалолиддин Холмўминов

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти, Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

МАЗҲАБ УШЛАШ ФИТНАГА САБАБ БЎЛАДИМИ?

06.11.2026   2043   2 min.
МАЗҲАБ УШЛАШ ФИТНАГА САБАБ БЎЛАДИМИ?

Даъво: Мазҳаб ушлаш фитнага сабаб бўлади.

Раддия: Бу фикр ташқи жиҳатдан бирликка чақириқдек кўринса-да, илмий жиҳатдан масалага соддалаштирилган ва тарихий тажрибага зид ёндашувдир.

Aввало, мазҳаб дегани Қуръон ва суннатдан мустақил дин эмас. Мазҳаб – Қуръон ва суннатни тушуниш методологияси. Хусусан, Aбу Ҳанифа асос солган ҳанафий мактаби Қуръон ва суннат матнларини усулий қоидалар асосида истинбот қилиш тизимидир.

Демак, мазҳаб тафарруқ эмас, балки тартибли фиқҳий тафаккур шаклидир.

Иккинчидан, тарихий тажриба шуни кўрсатадики, мусулмон жамиятларида тўртта фиқҳий мактабнинг мавжудлиги фитна эмас, балки илмий хилма-хиллик сифатида қабул қилинган. Фитна асосан мазҳаблар мавжудлигидан эмас, балки жаҳолат ва мутаассибликдан келиб чиққан. Илмий мактабнинг ўзи эмас, балки уни нотўғри тушуниш муаммо туғдиради.

Учинчидан, “мазҳабсизлик бирлик келтиради” деган ғоя амалиётда аксини кўрсатди. Ҳар ким матнни ўз фаҳмига кўра талқин қила бошлаганда, ягона мезон йўқолади ва натижада кўплаб мустақил, бир-бирини инкор қилувчи қарашлар пайдо бўлади. Бу эса бирлашув эмас, балки парокандаликни кучайтиради. Усулсиз ижтиҳод фитнага яқинроқ.

Aқидавий ва фиқҳий мувозанат нуқтаи назаридан Aбу Мансур Мотуридий анъанаси шуни кўрсатадики, динни тушунишда илмий мезон зарур. Мезонсиз “тўғридан-тўғри Қуръон ва суннатга эргашиш” шиори амалда субъектив талқинларга йўл очади. Тарихда айнан шундай ёндашувлар бир-бирини “Aҳли сунна эмас” деб чиқаришгача олиб борган.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, саҳобалар давридаёқ фиқҳий ихтилоф мавжуд эди. Лекин бу ихтилоф умматни бўлмаган. Чунки у усул асосида эди. Мазҳаблар ана шу саҳоба ва тобеинлар меросининг тизимлаштирилган шаклидир.

Хулоса қилиб айтганда, мазҳабнинг ўзи фитна эмас. Фитна – илмий мезонсизлик, жаҳолат ва такфирий руҳиятдир. Мазҳаб эса асрлар давомида умматни тартибга солган, фиқҳий бирликни сақлаган институтдир. Шунинг учун “мазҳаб ушлаш фитна” деган умумий ҳукм илмий асосга эга эмас ва тарихий тажрибага зид хулосадир.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА