Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

“Таъвилоту аҳл ас-сунна”: хом гапларга пишиқ жавоблар

2.03.2017   9906   5 min.
“Таъвилоту аҳл ас-сунна”:  хом гапларга пишиқ жавоблар

Диёримиздан тафсир илмига бой маънавий мерослари билан улкан ҳисса қўшган машҳур муфассирлар етишиб чиққан.

Ана шундай буюк алломалардан бири, калом илмининг имоми, мусулмонлар эътиқодининг ислоҳчиси деб эътироф этилган зот имом Мотуридийдир.

Алломанинг ислом илмига қўшган ҳиссасининг нақадар улуғлигини Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият - енгилмас куч” асарида бундай таърифлаган эди: “Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради”.

Мовароуннаҳрда мукаммал тафсир  асар тасниф этган илк муфассирлардан бири Абу Мансур ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий (238-333ҳ.й.) ҳисобланади. Унинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” деган тафсир асари “Аҳли сунна вал жамоа” йўналишининг энг мўътабар ва асосий манбаси саналади.

Имом Мотуридий кўплаб асарлар яратган бўлиб, айниқса, унинг “ат-Тавҳид” ва “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асарлари мусулмон оламида жуда катта шуҳрат қозонган. У калом, фиқҳ, усулул фиқҳ, мақолот каби соҳаларда ҳам улкан асарлар ёзиб қолдирган.

Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби вакили бўлиб, адашган фирқаларга шу мазҳаб таълимотларидан келиб чиққан ҳолда раддиялар бериш усули билан тафсир асарларини яратган. Хусусан,“Таъвилоту аҳл ас-сунна” тафсири суннат аҳилларининг йўналишини адашган фирқа ва оқимлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзилган.

Ушбу асар муқаддимасида аллома тафсир ва таъвил тушунчаларининг фарқи ва таърифларини келтириб ўтган ҳамда ўз ақидавий йўналишидан келиб чиқиб, тафсирда калом илми услубларидан маҳорат билан фойдаланган. Имом Мотуридий ушбу тафсирида мўътазилийлар имомларига, хусусан, Абул Қосим Каъбий ва Абу Муҳаммад Боҳилийларга раддиялар ёзган. Шунингдек, карромийлар, ботинийлар, хорижийлар, рофизийлар ва қаромитийлар каби залолатга юз тутган фирқаларга ҳам раддиялар берган.

Имом Мотуридийнинг ушбу шоҳ асари асрлар давомида аҳли сунна эътиқодининг софлигига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

   “Таъвилоту аҳл ас-сунна”нинг ёзилиш услуби қуйидагиларда намоён бўлади:

  1. Дастлаб суранинг номи келтирилади. Сўнг оят зикр этилиб, “Бу оят хусусида шундай дейилган” ёки “Бу оятда икки ёки уч хил важҳ эҳтимол қилинади” дейилади. Кейин ҳар бир важҳ зикр қилиниб, баҳс юритилади. Саҳоба, тобеъин ва ишончли аҳли таъвил муфассирларнинг фикрлари келтирилиб, ўз мазҳаби бўйича таржиҳ қилинади ва хулосаларини оят, ҳадис ёки саҳиҳ хабарлар билан қувватлаб, “Бизнинг наздимиздаги асл ҳукм шуки” ёки “Бизнинг наздимизда” деган иборалар келтирилади;
  2. Агар бирор оятни аҳли сунна йўналишига қарши бўлган фирқалар тафсир қилган бўлса, аввало, ўша муфассирнинг исми аниқ зикр қилинади. Масалан, Абу Бакр Асомм ёки Жаъфар ибн Ҳарб ва бошқалар. Шунингдек, фирқаларнинг номи ҳам келтириб ўтилади: мўътазилий, карромий, ботиний, хорижийлар ва ҳоказолар. Сўнг уларнинг хилоф гаплари ва тафсирлари келтирилади, Кейин эса аҳли суннанинг ақидасини ҳимоя қилиш мақсадида уларга ақлий ва нақлий далиллар билан раддиялар беради;
  3. Оятда бирор фиқҳий масала баён қилинган бўлса, Мотуридий ўз мазҳаби бўйича Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фатволарига суянган ҳолда тафсир қилган ва бошқа мазҳаб фақиҳларининг янглиш хулосаларини рад этган;
  4. Мотуридийга қарши фикр билдирганлар чуқур ғулуга кетган бўлса, уларнинг хатосини зикр қилиб, сўзининг охирида “Гапни исроф қилишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз”, дея сўзини қисқа қилган;
  5. Имом Мотуридий ихтилофларга сабаб бўладиган “истиво”, “мисл” каби оятларга катта эътибор қаратган ва бу оятларни нотўғри таъвил қилганларга қаттиқ жавоблар ёзган.

Мухтасар қилиб айтаганда, Имом ал-ҳуда, Имом ал-мутакаллимин ва Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимин каби юксак эътирофлар билан таърифланган Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асари юртимизда ёзилган илк тафсирлардан ҳисобланади.

Алломанинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини пухта ўрганиб, ҳаётга тадбиқ этишимиз бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида инсонларни залолат ва қабоҳатга даъват этаётган ҳамда халқлар ўртасида нотинчликларни юзага келтираётган диний экстремистик оқим ва йўналишлар илгари сураётган бузғунчи ғояларга қарши маърифат билан кураш олиб боришда улкан аҳамият касб этади.

                                                         

                                              Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар “Қатортол” масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   2616   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ