Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Ҳаётда муваффақиятга эришган кимни кўрган бўлсам, уларнинг муваффақиятга эришишида ота-оналарига қилган яхшиликлари, хизматларидан улуш борлиги маълум бўлди. Эй Роббим, бизни уларга яхшилик қилиш неъмати билан ризқлантир.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Сен синдирган қалбни Аллоҳ таоло яхши кўрган бўлса-чи?! Унда нима қиласан?
“Ховатир роқия журнали”
*****
Одамлар роҳат излашади. Роҳатни фақат намозда топамиз.
Одамлар хотиржамлик излашади. Хотиржамликни фақат Аллоҳ таолонинг зикрида топамиз.
Одамлар саодат излашади. Ҳақиқий бахт-саодатни Аллоҳ таолони яхши кўришда топамииз.
Одамлар чинакам сакинатли ҳаёт излашади. Ҳақиқий саодатли ҳаётни Аллоҳ таолога ибодат қилишда, “У Зот мени кўриб турибди”, “Аллоҳ таоло барча нарсага қодирдир” деган эътиқодда бўлишда топамиз.
*****
Туркияда қадимдан гўзал бир одат бор. Одамлар қиш фаслида қор ёққандан кейин қушлар очликдан ўлиб қолмасин деб тоғлар тепасига буғдой сочиб қўядилар.
*****
Энг шижоатли инсон нафсининг хоҳиш-истаклари устидан ғолиб чиққан инсондир, душманлари устидан эмас.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ўзаро муносабатларимиздаги катта муаммолардан бири – биз суҳбатдошимизнинг сўзларини тушуниш учун эмас, балки жавоб қайтариш учун тинглаймиз.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сизларга шундай замон келадики, унда кексаларингиз гуноҳ қилувчи, олимларингиз мунофиқ, кичикларингиз катталарни ҳурмат қилмайдиган, бойларингиз фақирларга ёрдам бермайдиган бўлади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
*****
Ҳатто мусиқада ҳам барабан овози қонун (чолғу асбоби) овозидан баландроқ.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Мансабда узоқроқ қолиш учун халқнинг эътиборини ҳақиқий муаммолардан чалғитиб, уларни майда-чуйда масалаларга эътибор қаратишларига уринишади. Халқни шундай банд қилишадки, улар ишлайверади, банд бўладверади, тинмайди. Ҳатто фикрлашга, энг муҳим муаммолар ҳақида ўйлаб кўришга вақти ҳам қолмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Донишманд бўлишни истайсанми? Унда атрофингдаги аҳмоқлар қилаётган ишларнинг тескарисини қил, уларга ўхшама.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
1. Ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД