Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Муҳаммад Али Собуний

14.03.2017   12503   5 min.
Муҳаммад Али Собуний

Аллома шайх Муҳаммад Али Собуний Қуръони Карим ва Расулуллоҳ суннатларини ўрганувчи замонамиз уламоларидан саналади. Олим ислом илмларига оид бир неча асарлар таълиф қилган бўлиб, улардан “Софват ат-тафосийр”, “Равоиул-баён фий тафсирил Қуръон” ҳамда “Мухтасар тафсири Ибн Касийр” каби китоблари Ислом оламида машҳурдир. Шайх Собуний ҳаётларини Қуръони Карим ва суннати набавийя хизматига сарфлади. Тафсир, ҳадис ва бошқа илм соҳаларига бағишланган, исломнинг мусаффолиги ва бағрикенглигини ёритувчи асарлари билан илмий-маърифий кутубхоналарни бойитди ва ҳақли равишда “Китоб ва суннат ходими” унвонига эга бўлди.

Шайх Муҳаммад Али Собуний 1930-йил, Суриянинг Ҳалаб шаҳрида, буюк олим Шайх Жамил Собуний хонадонида таваллуд топган. Ўғлини етук олим бўлишида асосий сабабчи бўлган падари бузруквори Ҳалабдаги “Умавий жоме” масжидида дарс берар эди. Ёш Муҳаммад Али Қуръон дарсларига қўшилиб, Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Отасидан ҳам кўплаб диний билимлар ва араб тили илмни ўрганди. Бошланғич ва “Хусровия” номли усмонийлар қурган ўрта мактабни имтиёзли тамомлаб, иқтидорли талабалар қаторида Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетига   юборилди. 1952-йилда университетнинг Шариъат факультети дипломига эга бўлди. 1954 йил мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг “Шаръий суд мутахассислиги” дипломини аъло баҳолар билан қўлга киритди. Бу диплом ўша вақтларда энг олий диплом ҳисобланиб, ҳозирги кундаги докторлик дипломи билан баробардир. Сўнг, она юрти Сурияга қайтиб, саккиз йил давомида Ҳалабдаги санавий мактабида “Ислом маданияти” фанидан дарс бергач, Азҳари шариф уламолари ҳузурида илмини яна ҳам мукаммал қилиш мақсадида Мисрга борди, лекин ўша пайтдаги сиёсий вазият бунга имкон бермади.

Устозлари:

  1. Қорилар шайхи Нажиб Хайёта.
  2. Шайх Муҳаммад Нажиб Сирож.
  3. Муҳаддис шайх Абдуллоҳ Сирожиддин.
  4. Шайх Роғиб Таббох.
  5. Шайх Муҳаммад Идлибий.
  6. Шайх Аҳмад Шаммў ва бошқа кўплаб фазилатли уламолар.

Шайх Собуний Сурия таълим вазирлиги томонидан Саудия Арабистонига шартнома асосида Маккаи мукаррамадаги Исломий фанлар, тарбия, ва шариъат факультетига дарс бериш учун жўнатилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган муборак заминда 28-йилга яқин дарс бердилар. Бу вақт давомида қўлларидан кўплаб уламолар, жумладан Масжидил ҳарам имомлари етишиб чиқди.

Собуний ҳазратлари дарс бериш билан чекланмай, шайх Саййид Алавий, шайх Ҳасан Машшот каби ўша пайтдаги Ҳижоз олимларининг дарсларида ҳам қатнашар эди.

Кейинчалик, илмий тадқиқот ишлари давомида Абу Жаъфар Нуҳас раҳматуллоҳи алайҳининг “Маонил Қуръон” номли ноёб асарларини беш йил давомида тадқиқ қилиб, олти жузда нашр қилдирган. 1998-йилдан Маккадаги халқаро ташкилот Ислом олами уюшмасига қарашли муассасада бир неча йил фаолият юритди. Шайх Муҳаммад Али Собуний Масжидил ҳарамда имомлик ҳам қилган. Маккада бўлган онлари ҳар куни Каъбаи мауззаманинг яқини, “Ҳажарул-асвад” билан “Рукнил-яманий”нинг орасида ўтириб, Қуръони Карим тиловат қилардилар. Қуръондан кунлик вазифалари 2 пора эди. Ҳудди ўша жойда фатво учун ҳам ўтириб, савол сўраганларга жавоб берар эдилар. 

Асарлари:

Шайх Муҳаммад Али Собунийнинг кўп асарлари инглиз, француз, рус, форс, урду ва бошқа тилларга таржима қилинган.  Қуръони Карим тафсири соҳасига бағишланган таснифлари чуқур илм, кенг маъно ва гўзал ифода ҳамда осон ибораси билан ажралиб туради. Ҳадис, Қуръон илмлари, фиқҳ ва бошқа фанларда ҳам салмоқли хизмат қилди: “Ат-тибён фи улумил-Қуръон”, “Сиҳоҳи ситта” (олти саҳиҳ тўплам) китобларининг шарҳи ҳисобланган “Мин кунузис суннатин набавийятил мутоҳҳароҳ” (Пок набавий суннат хазиналари),  фиқҳга оид “Ал-фиқҳуш шаръий ал-муяссар” китоблари бунинг яққол мисолидир.

Мужтаҳид мазҳаббошиларимизнинг Қуръони Каримдан қандай ҳукм олишлари ёритилган “Равоиул-баён” номли асарлари бизда ҳам – Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида ўқитиб келинмоқда. Будан ташқари “Софватут тафосийр” (Тафсирлар сараси ), “Ал-маварис фиш шариъатил-исламийяҳ” (Ислом шариъатида мерослар), “Ас-суннатун набавийя қисмун минал ваҳйил-муназзал” (Суннати набавийя ‒ Илоҳий ваҳийнинг бир қисми), “Ҳарокатул арзи ва давронуҳа – ҳақиқотун илмийятун асбатаҳал Қуръон” ( Ер ҳаракати ва айланиши – Қуръон исбот қилган илмий ҳақиқатдир) ва бошқа кўплаб китоб ва мақолалар муаллифидир.

Шайх Муҳаммад Али Собуний ҳозирга қадар дин хизматида камарбаста бўлмоқдалар. Аллоҳ у зотни ҳифзу-ҳимоясида сақласин.

Муҳаммад Яҳёхон Муҳаммадхон ўғли     

Тошкент Ислом институти талабаси.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3332   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ