Қуръон илмлари мавзулари орасида маккий ва маданий суралар баҳси катта ва муҳим мавзулардан бўлиб, ҳатто баъзи уламолар улар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битишган.
Абулқосим Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ан-Найсобурий (ваф. 406/1016 й.) “Ат-Танбеҳ аъла фазл улум ал-Қуръон” (Қуръон илмлари фазилати борасида эслатма) китобида: “Қуръон илмларининг катта мавзулари сирасига нозил бўлиш ва унинг сабаблари илми, Макка ва Мадинада нозил бўлган суралар тартиби, Маккада нозил бўлиб, ҳукми маданий бўлган оятлар, Мадинада нозил бўлиб, ҳукми маккий бўлган оятлар, Маккада Мадина аҳли учун, Мадинада Макка аҳли учун нозил бўлган оятлар, маккий сураларга ўхшаб кетадиган маданий суралар, маданий сураларга ўхшаб кетадиган маккий суралар, Жуҳфада[1] нозил бўлган оятлар, Байтул Мақдисда нозил бўлган оятлар, Тоифда нозил бўлган оятлар, Ҳудайбияда нозил бўлган оятлар, кечаси нозил бўлган оятлар, кундузи нозил бўлган оятлар, жам бўлиб нозил бўлган ояталар, алоҳида нозил бўлган оятлар, маккий суралар ичидаги маданий оятлар, маданий суралар ичидаги маккий оятлар, Маккадан Мадинага кўтарилган оятлар, Мадинадан Маккага кўтарилган оятлар, Мадинадан Ҳабашистон ерларига кўтарилган оятлар, мужмал нозил бўлган оятлар, тафсир қилинган ҳолатда нозил бўлган оятлар, ихтилоф қилинган суралар ва баъзилар маккий, баъзилар эса маданий деган суралар илми киради. Бу мавзулар йигирма беш хилдир. Ким буни билмаса ва уларнинг орасини фарқлай олмаса унга Аллоҳнинг Китобидан сўзлаш дуруст эмас!” – деган.
Ибн Арабий ўзининг “Ан-Носих вал-мансух” асарида: “Қуръон борасида биз билган нарсалар шуки, улар орасида маккий ва маданий суралар, сафарда ёки муқимликда нозил бўлган оятлар, кечаси ёки кундузи нозил бўлган оятлар, осмонда ёки ерда нозил бўлган оятлар, Ер-у Осмон ўртасида нозил бўлган оятлар, ғорда нозил бўлган оятлар мавжуд”, дейди.
Ибн Нақиб[2] эса ўз тафсири муқаддимасида шундай дейди: “Қуръонда нозил бўлган суралар тўрт қисмдир: маккий суралар, маданий суралар, баъзиси маккий ва баъзиси маданий бўлган суралар, маккий ҳам маданий ҳам бўлмаган суралар”.
Инсонлар маккий ва маданий борасида уч ҳил таъриф берадилар:
Уларнинг энг машҳури: Маккий суралар деб – Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларидан олдин нозил бўлган оят ва суралар, маданий суралар эса, ҳижратдан кейин нозил бўлган оят ва суралардир. Уларни Мадинада нозил бўлиши, Маккада нозил бўлиши, фатҳ йили ёки ҳажжатул вадоъда нозил бўлиши ёки бирор сафарда нозил бўлишининг эътибори йўқ. Усмон ибн Саид санади билан Яҳё ибн Салломдан ривоят қилади: “Маккада нозил бўлган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мадинага етиб боришларидан олдин йўлда нозил бўлган оят ва суралар маккий ҳисобланади. Шунингдек Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан кейин бирор бир сафарда нозил бўлган оят ва суралар маданий ҳисобланади”. Ушбу ривоят ҳижрат сафарида нозил бўлган оят ва суралар маккий эканлиги олинадиган муҳим ривоятдир.
Иккинчиси: Маккий деб, гарчи ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам Маккада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Маданий деб эса, Мадинада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Бу гапга кўра орада яна бир нарса келиб чиқади. Сафарларда нозил бўлган оят ва сураларга на маккий ва на маданий деган ном ишлатилади. Табароний “Ал-Кабир” асарида Абу Умомадан қуйидаги ривоятни келтиради: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон уч жойда нозил бўлди: Макка, Мадина ва Шомда”, дедилар. Валид буни Байтул-Мақдис деб тафсир қилади. Ибн Касир эса, буни Табук деб тафсир қилса яхшироқ бўларди, дейди. Маккийларга унинг атрофида нозил бўлган оят ва суралар ҳам киради. Яъни Минода, Арафотда ва Ҳудайбияда нозил бўлган оят ва суралар. Маданийга эса унинг атрофида, яъни Бадр, Уҳуд ва Салъ[3] деган жойларда нозил бўлган оят ва суралар киради.
Учинчиси: Маккий деб, Макка аҳлига хитоб тарзида нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Маданий деб эса Мадина аҳлига хитоб тарзида нозил бўлган оятларга айтилади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини шунга ҳамл қилинади.
Имом Бухорий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган зотга қасамки, Аллоҳнинг Китобидан бирор оят нозил бўлган бўлса уни ким борасида нозил бўлганини ҳам, қаерда нозил бўлганини ҳам биламан”. Айюб айтади: “Бир киши Икримадан Қуръондаги бир оят ҳақида сўради. У: “Бу оят мана шу тоғ ёнбағрида нозил бўлган”, деб Салъ тоғига ишора қилдилар”. Буни Абу Нуъайм “Ал-Ҳиля” китобида келтирган.
Қози Абу Бакр “Ал-Интисор” асарида шундай дейди:“Маккий ва маданий сураларни ажратишда саҳоба ва тобеинларнинг ривоятларига мурожаат қилинади. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор бир сўз ворид бўлмаган. Чунки у зот ҳам бунга буюрилмаганлар. Гарчи аҳли илмлар учун уларнинг баъзиларида носих ва мансухнинг тарихини билишлари лозим бўлсада Аллоҳ таоло бунинг илмини умматга фарз қилмаган. Буни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нассларисиз ҳам билиш мумкин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва бошқалар маккий ва маданий сураларни санаб ўтишгани ривоятларда келади. Ибн Саъд “Табақот” да зикр қилади: “Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: “Убай ибн Каъбдан Қуръондаги Мадинада нозил бўлган суралар ҳақида сўрадим. У: “Улар йигирма еттита сура, қолгани Маккада нозил бўлган”, деб жавоб берди”.
Абу Жаъфар ан-Наҳҳос ўзининг “Ан-Носих вал-мансух” асарида қуйидагини келтиради: “Абу Амр ибн Ало айтади: “Мужоҳиддан Қуръоннинг маккий ва маданий оятлари ҳақида сўрадим. У киши: “Ибн Аббосдан бу ҳақида сўраганимда у киши: “Анъом сураси тўлиғича Маккада нозил бўлган. У маккий сура, лекин унинг уч ояти Мадинада нозил бўлган: قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ... дан уч оят (151,152,153 оятлар). Ундан олдинги барча суралар маданий суралар. Маккада нозил бўлган суралардан: Аъроф, Юнус, Ҳуд, Юсуф, Раъд, Иброҳим, Ҳижр, Наҳл- унинг охирги уч ояти Макка ва Мадина ўртасида Уҳуддан чиқиш жойида нозил бўлган, Бани Исроил, Каҳф, Марям, Тоҳа, Анбиё, Ҳаж- унингهذان خصمان дан бошлаб уч ояти (19-21 оятлар) Мадинада нозил бўлган, Мўъминун, Фурқон, Шуаро- унинг охирги беш ояти:وَالشُّعَرَاءُ يَتَّبِعُهُمُ الْغَاوُونَ дан охиригача Мадинада нозил бўлган, Намл, Қосос, Анкабут, Рум, Луқмон: унинг وَلَوْ أَنَّمَا فِي الْأَرْضِ مِنْ شَجَرَةٍдан бошлаб уч ояти Мадинада нозил бўлган, Сажда- унинг أَفَمَنْ كَانَ مُؤْمِنًاдан бошлаб уч ояти Мадинада нозил бўлган, Сабаъ, Фотир, Ясин, Вас-Соффат, Сод, Зумар-унинг قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا дан бошлаб уч ояти Мадинада Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қотили Ваҳший борасида нозил бўлган, еттита Ҳаамим суралари, Қоф, Зориёт,Тур, Нажм, Қомар, Ар-Раҳмон, Воқеъа, Соф,Тағобун-лекин унинг охирги оятлари Мадинада нозил бўлган, Мулк, Нун, Ал-Ҳаққо, Маъориж, Нуҳ, Жин, Муззаммил-лекин охирги икки ояти: إِنَّ رَبَّكَ يَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ маданийдир[4], Муддасир сурасидан Қуръоннинг охиригача Залзала, Наср, Ихлос, Фалақ, ан-Нос сураларидан бошқа барча суралар маккий суралардир. Мадинада эса Анфол, Бароат, Нур, Аҳзоб, Муҳаммад, Фатҳ, Ҳужурот, Ҳадид, ундан кейин Таҳримгача бўлган суралар”, деб жавоб бердилар”. Ривоятни худди шундай тўлиғича келтирган. Унинг барча ровийлари машҳур бўлиб, араб уламолари наздида ишончли инсонлардир.
Имом Байҳақий “Далоил ан-нубувват” асарида қуйидагиларни келтиради: “Икрима ва Ҳасан ибн Абул Ҳасанлар айтадилар: “Аллоҳ таоло Қуръони каримдан Маккада нозил қилган суралари: Алақ, Нун, Муззаммил, Муддассир, Масад, Таквир, Аъла, Лайл, Фажр, Зуҳо, Шарҳ, Аср, Адият, Кавсар, Такосур, Маъун, Кафирун, Фил, Фалақ, Ан-Нас, Ихлос, Нажм, Абаса, Қадр, Шамс, Буруж, Тин, Қурайш, Қориъа, Қиёмат, Ҳумаза, Мурсалат, Қоф, Балад, Ториқ, Қамар, Сод, Жин, Ясин, Фурқон, Малаика(Фотир), Тоҳа, Воқеъа, Шуаро, Намл, Қосос, Исро, Собиъа (Юнус), Ҳуд, Юсуф, Ҳижр, Анъом, Соффат, Луқмон, Саба, Зумар, Ғофир, Духон, Сажда, Шуро, Зухруф, Жосия, Аҳқоф, Зарият, Ғошия, Каҳф, Наҳл, Нуҳ, Иброҳим, Анбиё, Муминун, Сажда, Тур, Мулк, Алҳаққо, Маъориж, Наба, Назиъат, Иншиқоқ, Инфитор, Рум ва Анкабут суралари.
Мадинада нозил бўлган суралар эса: Мутоффифин, Бақара, Оли Имрон, Анфол, Аҳзоб, Моида, Мумтаҳана, Нисо, Залзала, Ҳадид, Муҳаммад, Раъд, Ар-Роҳман, Инсон, Талоқ, Баййина, Ҳашр, Наср, Нур, Ҳаж, Мунафиқун, Мужодала, Ҳужурот, Таҳрим, Соф, Жумъа, Тағобун, Фатҳ ва Бароат суралари”.
Байҳақий: “Ушбу ривоятда Маккада нозил бўлган Фотиҳа, Аъроф ва Марям суралари тушиб қолган”, дейди.
Ибн аз-Зурайс қуйидаги ривоятни келтиради: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Агар Маккада бир суранинг боши нозил бўладиган бўлса уни Маккада ёзиларди. Сўнг Аллоҳ унга ўзи хоҳлаганча зиёда қилади. Биринчи нозил бўлган Қуръон оятлари бу Алақ сураси, сўнг Нун, сўнг Муззамил, сўнг Муддасир, сўнг Масад, сўнг Таквир, сўнг Аъло, сўнг Лайл, сўнг Фажр, сўнг Зуҳо, сўнг Шарҳ, сўнг Аср, сўнг Адият, сўнг Кавсар, сўнг Такосур, сўнг Маъун, сўнг Кафирун, сўнг Фил, сўнг Фалақ, сўнг Ан-Нас, Ихлос, сўнг Нажм, сўнг Абаса, сўнг Қадр, сўнг Шамс, сўнг Буруж, сўнг Тин, сўнг Қурайш, сўнг Қориъа, сўнг Қиёмат, сўнг Ҳумаза, сўнг Мурсалат, сўнг Қоф, сўнг Балад, сўнг Ториқ, сўнг Қамар, сўнг Сод, сўнг Аъроф, сўнг Жин, сўнг Ясин, сўнг Фурқон, сўнг Малаика (Фотир), сўнг Марям, сўнг Тоҳа, сўнг Воқеъа, сўнг Шуаро, сўнг Намл, сўнг Қосос, сўнг Исро, сўнг Юнус, сўнг Ҳуд, сўнг Юсуф, сўнг Ҳижр, сўнг Анъом, сўнг Соффат, сўнг Луқмон, сўнг Саба, сўнг Зумар, сўнг Ғофир, сўнг Сажда, сўнг Шуро, сўнг Зухруф, сўнгДухон, сўнг Жосия, сўнг Аҳқоф, сўнг Зарият, сўнг Ғошия, сўнг Каҳф, сўнг Наҳл, сўнг Нуҳ, сўнг Иброҳим, сўнг Анбиё, сўнг Мўъминун, сўнг Сажда, сўнг Тур, сўнг Мулк, сўнг Алҳаққо, сўнг Маъориж, сўнг Наба, сўнг Назиъат, сўнг Инфитор, сўнг Иншиқоқ, сўнг Рум, сўнг Анкабут, сўнг Мутоффифин суралари. Ушбу суралар Маккада нозил бўлган суралар.
Мадинада эса Бақара, сўнг Анфол, сўнг Оли Имрон, сўнг Аҳзоб, сўнг Мумтаҳана, сўнг Нисо,сўнг Залзала, сўнг Ҳадид, сўнг Муҳаммад, сўнг Раъд, сўнг Ар-Роҳман, сўнг Инсон, сўнг Талоқ, сўнг Баййина, сўнг Ҳашр, сўнг Наср, сўнг Нур, сўнг Ҳаж, сўнг Мунафиқун, сўнг Мужодала, сўнг Ҳужурот, сўнг Таҳрим, сўнг Жумъа, сўнг Тағобун, сўнг Соф, сўнг Фатҳ, сўнг Моида, сўнг Бароат суралари нозил бўлди”, дедилар”.
Абу Убайд айтади: “Али ибн Абу Талҳа: “Мадинада Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анфол, Тавба, Ҳаж, Нур, Аҳзоб, Муҳаммад, Фатҳ, Ҳадид, Мужодала, Ҳашр, Мумтаҳана, Ҳавориййин (Соф), Тағобун, Талоқ, Таҳрим, Фажр, Лайл, Қадр, Баййина, Залзала ва Наср суралари нозил бўлди. Қолган суралар Маккада нозил бўлган”, деди”.
Абулҳасан ибн Ҳассор ўзининг “Ан-Носих вал-мансух” асарида: “Мадинада нозил бўлган суралар йигирматта, ихтилофлилари ўн иккита, бундан бошқалари маккий суралар эканлигига иттифоқ қилинган”, дейди.
“Ал-Итқон фи улум ал-Қуръон”асари асосида
[1]Маккадан Мадинага қилинган ҳижрат орасидаги шаҳар номи.
[2] Абу Ҳиббоннинг шайхи Жамолуддин ҳанафий.
[3]Мадинада тоғ номи.
[4]Китобнинг асл нусхаларида худди шундай келтирилган экан. Лекин уламолар ўртасида إِنَّ رَبَّكَ يَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ ояти бир оят эканлиги борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамияти берилиши диққатга сазовордир. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида муҳтарам юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, Қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий тадқиқот мавзуларини Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгилаб, асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштиради.
Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмда яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканлигини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Марказ томонидан Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу Қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори