Аллоҳ таолонинг ҳаётимизда яна бир муборак Рамазонни ато қилгани чексиз карамидир. Аллоҳ таолонинг фазли ва карами ила ушбу Рамазоннинг йигирма куни ўтди. Муборак Рамазоннинг охирги ўн кунлиги бошланди. Бу ўн кунлик бутун Рамазоннинг хушбўйлиги ва ширасидир. Аллоҳ таоло бу охирги ўн кунликни шундай хусусиятлар ва фазилатлар ила мушарраф қилганки, бутун йил бўйи бундай кунлар қайта келмайди.
Аслида, бутун муборак Рамазон ойининг ўзи муқаддас ва баракотлидир. Унинг ҳар бир соати ва ҳар бир лаҳзаси қадрлашга лойиқдир. Лекин мана бу охирги ўн кунлик Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таолога ибодат учун хос ҳолатларни ўзида жамлаган. Охирги ўн кунлик кирганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Белларини маҳкам боғлар эдилар, (яъни, тун бўйи ибодат қилиш учун тайёр бўлар эдилар), тунларини (ибодатда) бедор ўтказар эдилар ва аҳлларини ҳам уйғотар эдилар” (Имом Бухорий ривоти).
Бошқа кунларда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ўқир эдилар. Унинг ракатлари жуда узун бўларди. Баъзан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжудга ярим кечада, гоҳида эса кечанинг охирги учдан бирида турар эдилар. Лекин муборак Рамазон ойининг охирги ўн куни ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки, бу кечаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодат учун белларини маҳкам боғлар эдилар.
Рамазон ойидан бошқа кунларда таҳажжуд учун туришда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари бундай эди: “Оҳиста оёқ кийимларини кийиб, ридоларини олар эдилар. Сўнг, аста эшикни очардилар” (Имом Насоий ривояти).
Бундай қилишларига сабаб, онамиз Оиша розияллоҳу анҳо уйғониб кетмасин дер эдилар. Чунки таҳажжуд ўқишнинг одобларидан бири – агар бирор бандага Аллоҳ таоло таҳажжуд ўқиш тавфиқини ато қилган бўлса, у ҳолда унга бутун маҳалладагиларни ва оила аъзоларини уйғотиб юбориши дуруст эмасдир. Балки, унинг бу амалидан ухлаб ётган бирор кимса уйғониб кетмаслиги керак. Токи, ухлаб ётганга бирор машаққат етмасин. Чунки таҳажжуд ўқиш фарз ёки вожиб эмасдир. Шунга кўра ўзининг таҳажжуди сабабли азият етказишлиги ва бировнинг уйқусига халал бериши жоиз эмасдир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд учун турганларида, Оиша розияллоҳу анҳо уйғониб кетмасин деб оҳиста турар эдилар.
Аммо муборак Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги борасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аҳли-аёлларини ҳам уйғотар эдилар ва уларга бундай дер эдилар: “Туринг, бу охирги ўн кунликдир. Аллоҳ таолонинг раҳматлари мавсумидир. Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғиляпти. Бундай вақтда ухлаш маҳрумликдир. Шунинг учун уйғониб Аллоҳ таолонинг раҳматига этагингизни тўлдириб олинг.
Шайхул Ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг “Ислаҳий хутбаат” китобидан Абдулқайюм КОМИЛ таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг қудрати эркин эканлиги инсоннинг дунёга келишидан бошқа ҳолатларда ҳам намоён бўлади. Тўғри инсон эркак ва аёлдан пайдо бўлади. Лекин Аллоҳ эркак ва аёлсиз ҳам инсонни ярата олади. Масалан: Одам алайҳиссаломни йўқдан бор қилган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло фақат эркакнинг ўзидан ҳам инсон ярата олади. Бунга мисол: Ҳаво онамиз. Қолаверса, фақат аёлнинг ўзидан ҳам ярата олади. Исо алайҳиссаломни фақатгина Марям онамиздан яратган. Бундай ноодатий ҳолатлар эса илоҳий қудратнинг эркинлигини исботлаш учун фақатгина бир мартадан юз берган, бошқа такрорланмайди. Чунки биз бу ҳолатлардан ўзимизга етарли хулоса чиқардик ва Аллоҳнинг қудрати чексиз эканини билдик.
Аллоҳнинг қудрати чекланмаган. Сабабият оламидаги сабабларни ҳам Аллоҳ яратади. Илоҳий қудрат эса сабаблардан ҳам устундир. Энди илоҳий қудратнинг эркин эканига бошқа мисоллар келтирсак.
Ҳар биримиз кўзимиз билан кўрган ёмғирга назар солайлик. Ёмғир ёғиши учун ўзига яраша муҳит шаклланиши керак. Айрим жойларда ёмғир ёғса, бошқа жойларда ёғмайди. Дунё олимлари Аллоҳнинг ёрдами ила ёмғир ёғадиган ва ёғмайдиган ҳудудларнинг хариталарини ҳам тузиб чиқишган.
Лекин Аллоҳ хоҳлагани бўлади. Баъзан ёмғир ёғиши белгиланган жойларга умуман ёғингарчилик бўлмайди. Қурғоқчилик бўлиб, одамлар ҳатто очарчиликдан вафот этиши ҳам мумкин.
Шунингдек, қурғоқчил ерларда ёғингарчиликлар сероб бўлиши ҳеч гап эмас. Америка ва Европа қитъаларида шундай ҳолатлар кузатиладики, ёғингарчилик ҳудуди саналса-да, йиллаб осмондан ҳеч нарса ёғмаслиги мумкин.
Демак, бу ҳолатларда ҳам Аллоҳ Ўзининг қудрати эркин эканлигини кўрсатмоқда. Ҳа, шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло хоҳлаган иш бўлади. Сабаблар дунёсида яшасак ҳам асл сабабчи бу Аллоҳнинг иродасидир.
Экин-текинларга ҳам бир назар солайлик. Деҳқон унга керакли барча ўғитларни беради, шароитларни яратади. Вақтида сув беради, об-ҳавонинг ҳисобини олади. Бироқ баъзида шундай ҳолатларда ҳам экилган экин кўзланган ҳосилни бермайди. Баъзида буткул нобуд бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган:
“(Дарҳақиқат), унинг меваси (боғи) иҳота (ҳалок) қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолган ишкомларни (кўриб) ва уларга сарфланган нарсаларни (ўйлаб), чапак чалганича (пушаймон бўлиб): «Қани эди, мен ҳам Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!» деб қолади” (Каҳф сураси, 42-оят).
Илм-фан қанча ривожланмасин ер юзида доимо табиий офатлар юз бериб туради. Демак, ер парвариш туфайли эмас, аксинча Аллоҳнинг қудрати ила ҳосил берар экан. Аллоҳ бизни фақат сабабларга боғланиб қолмаслигимиз учун баъзида ҳақиқий сабабчи Ўзи эканини кўрсатиб туради.
Аллоҳ таолонинг қудрати эркин эканлигини жонзотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ер юзида инсондан бир неча баробар кучли жонзотлар кўп. Бироқ баъзида шундай жонзотларни ёш бола ҳам бошқара олади. Чунки Аллоҳ ўша жонзотни инсонга бўйсундириб қўйган. Туяни олиб кўринг. Биргина тепкиси ёш болани ўлимига сабабчи бўлиши мумкин. Лекин туя ундай қилмайди.
Итлар ҳам ўз эгаларини ҳимоя қилади, душманлардан қўриқлайди. Бироқ худди шу итга ўхшаш бўрилар эса одамларга ҳужум қилади. Агар ҳайвонларни бошқариш инсоннинг қўлида бўлганида бўриларни ҳам қўлга ўргатиб олар эди. Ҳатто кичкина заҳарли илон инсондан анча кучсиз бўлса ҳам бир чақишда уни ўлдириши мумкин.
Демак, бу ерда ҳамма нарсани бошқарувчи куч бу Аллоҳнинг иродаси экан. Жонзотларни ҳажмига, кучига қараб бу ёмон, у яхши деб бўлмас экан. Миттигина жонзот ҳам инсонни ўлдира олиши мумкин экан.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан