Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Рамазон хайр-эҳсон ойидир

16.05.2020   2377   3 min.
Рамазон хайр-эҳсон ойидир

Хайр-эҳсон бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ва жаннатга киришига сабаб бўлган омиллардан биридир. У эҳсон қилувчининг молини камайтирмайди, аксинча Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васаллам марҳамат қилганларидек мол-дунёси зиёда бўлишига сабаб бўлади. Имом Муслим Абу Ҳурайра розиёллаҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифларида Пайғамбар соллаллоҳу аълайҳи васаллам: “Садақа молни камайтирмайди, Аллоҳ бандасига кечиримлилик билан фақат азизликнигина зиёда қилади, ким Аллоҳ учун хокисор бўлса, уни қадрини кўтаради”[1] деб марҳамат қилганлар. Модомики эҳсон молу-дунёсини камайтирмас, балки зиёда қилар экан бу мусулмон инсон у билан улуғ ажрга эга бўладиган ноёб фурсатдир. Садақа ва хайр-эҳсоннинг фазилатлари борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васалламдан жуда ҳам кўплаб ҳадислар келган. Ўшалардан бири: Абу Кабша ал-Анморий розиёллоҳу анҳудан, у Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламни шундай деётганларини эшитган эканлар: “Учта нарсага қасам ичаман. Ва сизга бир ҳадис айтаман уни ёдлаб олинг. Айтдиларки: Банданинг моли садақа билан камаймайди, банда бирор зулмга учраса ва унга сабр қилса Аллоҳ унинг иззатинигина зиёда қилади, банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик (ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар) эшигини очади. Сизга бир ҳадис айтаман уни ёдлаб олинг. Айтдиларки: Албатта дунёда тўрт нафар инсонникидар. (яъни дунёдаги инсонлар тўрт тоифидир)

Бир банда, Аллоҳ уни мол-дунё билан ҳам илм билан ҳам ризқлантирган. У билан  роббисига тақво қилади. Қариндош уруғининг ҳолидан хабар олади ва ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал манзилдир.

Бир банда, Аллоҳ уни илм билан ризқлантирган, аммо мол-дунё билан ризқлантирмаган. У тўғри ниятли: Агар молим бўлганида фалончини амалини қилардим дейди. Бу унинг ниятидир. Иккисининг ажри тенгдир.

Бир банда, Аллоҳ уни мол-дунё билан ризқлантирган, аммо илм билан ризқлантирмаган. У молини илмсиз совуради. У билан  роббисига тақво қимайди. Қариндош уруғининг ҳолидан ҳам хабар олмайди ва ундаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди. Бу энг паст даражадир.

Бир банда Аллоҳ уни илм билан ҳам,  мол-дунё билан ризқлантирмаган. У: Агар молим бўлганида фалончини амалини қилардим дейди. Бу унинг ниятидир. Иккаласининг гуноҳи баробардир.[2]

Бу ҳадиси шариф нафақат хайр-эҳсон қилувчи, балки уни ният қилган мўмин киши ҳам улуғ савобга эга бўлишига далолат қилмоқда. Фақатгини нияти содиқ бўлиши шарти билан. Шундай экан имкони борларимиз фазилатли Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб қолишга шошилишимиз, имконияти йўқларимиз эса Аллоҳ имкон берса бундай савобли ишларни бажаришга ният қилишимиз бизни Аллоҳга муқарраб бандалардан бўлишимизга сабаб бўладиган ва жаннатига дохил қиладиган амаллардандир.      

 

Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме  масжиди имом хатиби,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

А. Собиров

[1] Имом Муслим 2588 рақам билан ривоят қилган.

[2] Имом Термизий 2325 рақам билан, Ибни Можжа 4228 рақам билан ривоят қилган. Имом Термизий бу ҳадис ҳасан, саҳиҳ деган.

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3329   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ