Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Май, 2026   |   21 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:39
Қуёш
05:11
Пешин
12:25
Аср
17:21
Шом
19:32
Хуфтон
20:58
Bismillah
09 Май, 2026, 21 Зулқаъда, 1447

Рамазоннинг охирги ўн кунлигига тайёрмисиз?

16.05.2020   7501   1 min.
Рамазоннинг охирги ўн кунлигига тайёрмисиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Яқиндагина рамазонни бошлаган эдик. Мана дарров йигирма кунни ҳам тамомладик. Энди бу ёғи охирги ўн кунлик. Янада огоҳ, янада савобли ишларга, ибодат қилишга қулай фурсат. Чунки рамазон ойи тугаб бормоқда. Қолаверса олдимизда ажри янада улуғ бўлган кунлар турибди. Охирги ўн кунликда минг ойга тенг бўлган қадр кечаси бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу кунларни ғанимат билар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса: “Набий алайҳиссалом охирги ўн кунликда ундан бошқа кунларда қилмаган жидду-жаҳдни қилар эдилар”, дейилган. Бундан кўриниб турибдики бизлар шавқу-завқни яна ҳам ошириб, кўпроқ савобга эга болишимизга қулай фурсат. Зеро, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: “Набий алайҳиссалом Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деб айтардилар (Икки шайх ва Термизий ривояти). Уламолар: “Набий алайҳиссаломнинг бундай дейишларига сабаб, инсонларни кўпроқ савобли, хайрли амалларни қилиб олишига тарғибдир”, дейдилар.

Мана шундай кунлар олдимизда. Рамазон фазилатини ҳам, қадр кечасини ҳам топишдек бахт остонамизда эшик қоқиб турибди. Айниқса, ҳозирги карантин даврида оила-аъзоларимиз билан бирга бу кеча-кундузларни ҳадисдагидек ўтказишга яхши имконият. Биз буни бажара оламизми? Албатта бажара оламиз. Кундузини рўза, кечасини яна ибодатда ўтказиш бизнинг қўлимиздан келади. Чунки, биз йигирма кундан бери танамизни бунга ўргатдик, тажриба ҳосил қилдик. Шундай экан энди алсо бўшашмайлик! Зеро, минг ойлик мукофот кимга керак эмас?!!

Юсуфхон ШОДИEВ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ким дунё ва охиратни хоҳласа — истиғфор айтсин!

07.05.2026   3512   2 min.
Ким дунё ва охиратни хоҳласа — истиғфор айтсин!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир (Нисо сураси, 106-оят).

Бу хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса-да, у зот орқали бутун умматга, уларнинг ҳар бир аъзоси ва ҳолатига йўналтирилгандир.

Тасаввур қилинг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шахсан сизга хитоб қилиб: «Аллоҳдан мағфират сўранг!» демоқда. Демак, истиғфорнинг шаъни улуғдир. Зеро, агар гуноҳлар бўлса, Аллоҳ уларни афв этади, агар гуноҳ бўлмаса, бу бандаликни изҳор қилиш ва даражаларнинг кўтарилишидир. Истиғфор ёмонликларга каффорат, ёки даражаларга юксалишдир.

Истиғфорнинг ҳам дунёда, ҳам охиратда ўз асарлари (натижалари) бор. Ривоят қилинишича, бир киши шайхнинг ҳузурига келиб, фарзанд кўрмаётганидан шикоят қилди. Шайх унга: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Бошқа биров келиб, ерларига ёмғир ёғмай, қурғоқчилик бўлаётганидан арз қилди. Унга ҳам: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Учинчи киши яна бошқа бир муаммо билан келганида, унга ҳам худди шу жавобни берди. Шунда одамлар: «Ҳамма дарднинг давоси истиғформи?» деб сўрашди. Шайх уларга Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини тиловат қилиб берди:

«Бас, дедимки: «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта У ўта мағфиратлидир. У зот устингизга осмондан барака (ёмғирини) юборади. Ва сизга молу мулк, бола-чақа билан мадад беради ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни беради. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг улуғворлигини (қўрқинчини) умид қилмайсиз?» (Нуҳ сураси, 10-13 оятлар).

Бу истиғфорнинг дунёвий, ҳис қилинадиган натижалари борлигига, шунингдек, қалб нури ва софлигига оид имоний таъсирлари ҳамда охиратдаги самараларига — Аллоҳнинг авфи, ёзиладиган ҳасанотлар ва ўчириладиган гуноҳларга далилдир: «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят). Шу билан банда Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратининг кенглигида бўлади.

Шу сабабдан ҳам истиғфор қалб нури ва дуолар ижобат бўлишининг омилларидан биридир. Истиғфор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг доимий суннатларидан бўлган. Шунинг учун ҳам аҳлуллоҳлар (Аллоҳнинг дўстлари) бизни кундалик вазифамизни (вирдни) истиғфор билан бошлашга, ҳар куни эрталаб ва кечқурун юз мартадан истиғфор айтишга йўналтирадилар.

Ҳадиси шарифда келганидек: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар қандай ғамдан кушойиш, ҳар қандай торликдан чиқиш йўлини (махраж) беради ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради».

Демак, ким дунёни хоҳласа — истиғфор айтсин, ким охиратни хоҳласа — истиғфор айтсин!

 

Профессор, доктор Али Жума.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси

Мақолалар