Абдулҳамид ибн Бадис роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсон “Қадр кечаси”ни топишга жидду жаҳд қилади. Бироқ бу ҳаракат дунё талабида эмас, дин талабида бўлиши лозим. Кўпчилик инсонлар
“Қадр кечасини топсам, фалон-фалон дунёни сўраб оламан”, деб орзу қиладилар. Кимнинг хаёлига шундай ўй келган бўлса, Аллоҳ таолога тавба қилсин! Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
مَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ وَمَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِن نَّصِيبٍ {الشورى/20}
Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас (Шуро сураси, 20-оят).
Тўғри, дунёни Аллоҳ таоло белгилаб қўйган сабаблари билан талаб қиладиган инсонга эътирозимиз йўқ. Бу ўриндаги танбеҳимиз бутун ғам-ташвиши дунё бўлиб охиратни умуман ўйламайдиган кишиларга қаратилгандир. Бундай кишилар “Қадр кечаси”ида дунёни сўраб кечаси билан мижжа қоқмай чиқадилар, бироқ охират масаласидан буткул ғафлатда бўладилар.
Бу ўринда дунё талабида бўлади, дейилганида дин ва охиратга умуман алоқаси бўлмаган дунёвий мақсадлар назарда тутилди.
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Нафсни уч усул билан итоат эттириш мумкин:
Биринчи усул – нафсни барча хоҳиш ва истакларидан маҳрум этишдир. Қайсар ҳайвонга озуқа кам берилса, юввош тортгани каби нафс ҳам хоҳишларидан жудо этилсагина итоаткорга айланади.
Иккинчи усул – бўйнига ибодат юкини қўйиш. Шунда худди қайсар ҳайвон емиши озайиб, юки ортганида кучини йўқотиб, юввош бўлиб қолганидек нафс ҳам ўзини мулойим тута бошлайди.
Учинчи усул – нафсга қарши курашда уни яратган ва моҳиятини ҳаммадан яхши биладиган Буюк ва Қодир Аллоҳдан ёлвориб ёрдам ва мадад сўраш.
Шуни билишимиз лозимки, меҳрибон Парвардигоримиз бизга нафс билан кураш йўлини кўрсатди ва нафсни поклаш усулларини тушунтирди. Дейлик, агар бирон бир даҳрий табиб инсоннинг севимли таомлари зарарли эканини ва турли касалликларга олиб келишини тушунтирса, инсон ирода кучини намоён этган ҳолда ўз нафсига қарши боради ва бу таомларни тановул этишни тарк этади. Наҳотки, пайғамбарларнинг мўжизаларга тўла гапларини ва Буюк Аллоҳнинг амрларини банда ўша билим ва идроки чекланган бир даҳрий табибнинг маслаҳатичалик қадрлай олмаса?!.
Эҳ, кошки инсон ўзининг бўлмағур одатларини тарк этиш аламлими ё сўнгсиз жаҳаннам олови даҳшатлими, озгина бўлсада англаганида эди!
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.