1. Оғзи тўла қусса, каффоратсиз рўза қазосининг ўзини тутиб беради. Борди-ю, қусқи уни қайтаришга кучи етмайдиган даражада куч билан келса, рўза очилмайди (“Мухтасар”)
2. Ҳуқна (клизма) қилдириш, бурун билан дорини димоққа тортиб ютиш, қулоққа ёғ томизиш кабилар билан рўза очилади ва каффоратсиз қазо вожиб бўлади. Агар рўзадорнинг қулоғига сув кириб кетса, рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).
3. Ҳозирги оқ сақич (жевачкалар) таркибида турли хил модда ва ширинликлар мавжуд. Шунинг учун ҳозирги сақичларни (жевачкаларни) чайнаб, тупигини ютса, рўзаси очилади.
4. Узрсиз таом тузини тотиб кўриш, бозордан мева сотиб олаётганда танлаш учун тотиб кўриш макруҳ ишлардандир. Узрли бўлса макруҳ эмас. Масалан: эрининг хулқи ёмонлигидан таомнинг тузини тотиб кўришга мажбур бўлса, хўжайининг уришишидан қўрқиб, бозор меваларини тотиб кўриб харид қилса, макруҳ эмас. Шунингдек, ёш болага овқатни чайнаб берадиган одам йўқлигидан рўзадор бўла туриб, ўзи чайнаб бериши узр ҳисоблангани учун макруҳ саналмайди (“Фатовойи Оламгирия”).
5. Рўзадор одамнинг кундуз куни (узрсиз) чўмилиши, бошидан сув қуйиши, сувга тушиб ўтириши, хўл кийимга ўралиб олиши айрим уламолар наздида макруҳ саналган. Абу Юсуф эса, бу каби ишлар макруҳ эмас, деб фатво берган (“Фатовойи Оламгирия”).
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси фатво ҳайъати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намозини уйда ўқиётган намозхон ҳам фарзни ўқиб бўлгач суннат ва нафл намозларни ўқиш учун жойини ўзгартириши мустаҳабми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намозда имом бўлган шахс фарзни ўқигач, ўша жойнинг ўзида нафл ўқиш макруҳ саналади. Шу боис ўнг ёки чапга ёки орқа сафга ўтиб олади. Чунки агар имом фарзни ўқиган жойида суннатни ўқиса, жамоатга кеч келган одам имом фарзни ўқияпти деган гумонда иқтидо қилиб қўйиши мумкин.
Уйда ёки масжидда мустақил намоз ўқиётган намозхон фарз ўқиган жойида ҳам, бошқа жойга ўтиб ҳам ўқиши мумкин, макруҳ бўлмайди. Бошқа жойда ўқиш афзал ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарздан кейин жойни ўзгартиришга тарғиб қилиб: “Сизлардан бирингиз намозидан фориғ бўлгач, нафл ўқиш учун олди ёки орқасига силжишдан ожиз бўладими?” деганлар. Яна бир ҳадисда намоз ўқилган жой қиёмат куни намозхоннинг фойдасига гувоҳлик бериши айтилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.