Мазҳабимиз мавзусида сўз юритар эканмиз, бунда унинг келиб чиқиш тарихи, хусусиятлари, бошқа мазҳаблардан фарқли жиҳатлари ва унинг дунё бўйича тарқалиш сабаблари ҳақида гапириш мақсадга мувофиқдир.
Мазҳаб сўзи луғатда йўл, йўналиш маъноларини англатса, истелоҳда шаръий далиллардан фатволар чиқаришда махсус усул ва қоидаларга таяниб иш кўрган мужтаҳиднинг йўлига айтилади. Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаблар мавжуд. Улар; Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Дарвоқе, бу мазҳаблар келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаблар мавжуд бўлиб, у мазҳаблар муайян бир шахс номи билан эмас балки, шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Ўз навбатида мазкур шаҳар ёки минтақа аҳолиси ўша ердаги уламоларнинг фатволарига амал қилишар эди. Айтайлик Мадина аҳли асосан саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар, тобеинлардан Саид ибн Мусаййаб ва Урва ибн Зубайр (р.а)ларнинг фатволарига амал қилишган. Макка аҳолиси Абдуллоҳ ибн Аббосга ва у кишининг шогирдлари Мужоҳид ибн Жубайр, Ато ибн Аби Робаҳ, Товус ибн Кийсонга, Куфа аҳолиси Абдуллоҳ ибн Масъудга ва у кишининг шогирдлари Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язийд, Масруқга, Басра аҳолиси Абу Мусо ал-Ашъарий, Анас ибн Молик, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрийнга, Шом диёри аҳолиси Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Абу Дардога ва уларнинг шогирдлари Абу Идрис Ал-Хавалоний, Макҳул ад-Димашқий, Умар ибн Абдулазизга, Миср аҳолиси эса Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осга эргашишар эди.
Табиийки, бир шаҳар аҳолиси мазҳаби билан бошқа шаҳар аҳолиси мазҳаби ўртасида жузъий фарқлар мавжуд эди. Бунинг сабаби, фатво берувчи саҳобийларнинг ҳаммаси ҳам Росулуллоҳдан ворид бўлган ҳадислардан бирдек хабардор эмас эдилар. Қолаверса, уларнинг илмий салоҳиятлари ҳам, ижтиҳодий йўналишлари ҳам бир хил эмас эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам: “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган муборак ҳадисни айтганлар ва бундан айнан мана шу хилдаги тафовутни назарда тутганлар. Имом Молик (р.а.) ҳам ўзларининг машҳур “Муватто” (оммабоп) китобларини ёзилиш тарихини зикр қилганларида шундай деган эдилар: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур билан ҳажда учрашиб қолдик, шунда у менга: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман. Сиз одамларга суннат ва фиқҳни баён қилувчи бир китоб ёзинг. Фақатгина, унда Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўллигини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг, уни оммабоп қилиб ёзинг” – деди. Китоб таълиф қилиниб Абу Жаъфар ал-Мансурга тақдим қилинганда, у Имом Моликга: “Мен бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатиб, ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” – деди. Шунда Имом Молик: “Йўқ, ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзи бўйлаб тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киргизган Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилишган. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар.
Кейинчалик, забардас уламолар томонидан саҳобий ва тобеинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Кўфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофеъий ва Боғдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди.
Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофеъийга устозлик қилган, Имом Шофеъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофеъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.
Ҳанафий мазҳаби соҳиби Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.)нинг ўзларига хос ижтиҳод йўллари мавжуд бўлиб, у киши буни қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо, тобеинларга келсак, масалан, Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирийн, Саид ибн Мусаййабларга келсак, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”. Бундан ташқари Абу Ҳанифа ҳадисни ишончли кишилар орасида машҳур бўлмоғини, ровий ўзи ривоят қилган ҳадисига хилоф амал қилмаган бўлишини шарт қиладилар.
Ишончли ривоятларга қараганда Абу Ҳанифа билан Ал-Авзоъий ҳажда учрашиб қоладилар. Ал-Авзоъий Абу Ҳанифага: Нима учун Ироқ аҳли намозда рукуъга боришда ва рукуъдан туришда икки қўлларини кўтармайдилар. Мен Аз-Зуҳрийдан эшитдим, у киши Солимдан, у киши Абдуллоҳ ибн Умардан эшитганларки: “Пайғамбар алайҳиссалом намозда рукуъга боришда ва рукуъдан туришда икки қўлларини кўтарар эдилар”, - деди. Абу Ҳанифа эса: Мен Ҳаммоддан эшитганман, у киши Иброҳимдан, у киши Алқамадан, у киши Абдуллоҳ ибн Масъуддан эшитганлар: “Пайғамбар алайҳиссалом намозда фақат такбиротул эҳромда икки қўлларини кўтарар ва буни бошқа такрорламас эдилар”, - деди. Шунда Ал-Авзоъий: Абу Ҳанифага ҳайронман, мен Аз-Зуҳрийдан, Солимдан, Ибн Умардан ривоят келтирсам, у менга Ҳаммоддан, Иброҳимдан, Алқамадан, Ибн Масъуддан ривоят келтиряпди?, - деб ўзи келтирган ҳадиснинг исноди “олий” эканлигига ишора қилди. Абу Ҳанифа эса, санаднинг олийлигига эмас, балки ундаги ровийларнинг фақиҳлигига эътибор берар эдилар. Шунинг учун ҳам Ал-Авзоъийга: “Ҳаммод Зуҳрийдан фақиҳроқ, Иброҳим Солимдан фақиҳроқ, агар Ибн Умарнинг саҳобий эканликларини эътиборга олмаганда Алқама у кишидан фақиҳроқ, Абдуллоҳга келсак, Абдуллоҳ бу – Абдуллоҳ”, - деб Ибн Масъуднинг даражаларини алоҳида таъкидладилар. Шундан сўнг Ал-Авзоъий жим бўлиб қолди.
Абу Ҳанифа (р.а)нинг ва умуман ҳанафий мужтаҳидларнинг ижтиҳоддаги ўзига хослиги шундаки, бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, улар қиёс ва истеҳсонни кенг қўллайдилар. Хусусан, “истеҳсон” тушунчаси остида урфга ҳам алоҳида эътибор қаратадилар.
Абу Ҳанифа (р.а.) биринчи бўлиб тақдирий (фаразий) масалаларда фатво беришни йўлга қўйдилар. Ҳали рўй бермаган масалаларнинг ечимини олдиндан айтиб ўтганлар. Натижада фиқҳ илмининг соҳаси янада кенгайди. Бу ҳақда Имом Шофеъий (р.а.): “Фиқҳ бобида барча Абу Ҳанифага қарамдир”, - деганлар. Ривоят қилинадики, бир куни Абу Ҳанифадан устозлари Ал-Аъмаш бир масаланинг ечими ҳақида сўрайдилар. Абу Ҳанифа унга жавоб берадилар. Ал-Аъмаш: Сен бу ҳукмни қаердан олдинг? – деб сўраганда, Абу Ҳанифа: “ўзингиз айтиб ёздирган ҳадисдан олдим”, - деб жавоб берадилар. Шунда, устозлари: Мен бу ҳадисни сени ота-онанг ҳали бир-бири билан топишмасдан олдин ёдлаган эдим, аммо унинг ҳақиқий маъносини мана энди тушундим, - дейдилар. Демак, Абу Ҳанифа фавқулотда ўткир фаҳм ва заковатга эга инсон бўлганлар.
Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ масалалари уч қисмга бўлинади: 1) аслий масалалар, 2) нодир масалалар, 3) фатволар. Аслий масалалар – ривоятларнинг зоҳири деб номланган масалалардир. Булар Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдлари, масалан Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар ва бошқа кишилардан ривоят қилинган масалалардир. Лекин бу масалаларнинг аксари Абу Ҳанифа ва у кишининг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан ёки улардан бирининг гапларидан иборатдир. Муҳаммад ибн Ҳасан аслий масалаларни “Зоҳир ар-ривоя” деб номланмиш китобга жам қилганлар. Нодир масалалар эса, Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинган, аммо “зоҳир ар-ривоят” китобида келтирилмаган масалалардир. Фатволар – мутааххир Ҳанафий мужтаҳидларнинг Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалаларда мазҳаб усуллари орқали чиқарган фатволаридан иборат. Мазкур қисмга оид биринчи китоб Абу Лайс Самарқандийнинг “Китоб ан-навозил” китобидир.
Мазҳабларни дунё бўйича тарқалишининг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Тўртинчи ҳижрий асрга келиб уламолар ўзлари тақлид қилаётган мазҳабларини қўллаб қувватлаб, уни оммага ёйишга ҳаракат қилдилар. Мазҳаб бошлиғининг маноқибларини жамлаб китоб таълиф қилиш, мазҳаблар ўртасидаги ихтилофли масалаларга хослаб китоблар ёзиб, унда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз мазҳабининг имоми келтирган ҳужжатни қувватлашга уруниш, уламолар ўртасида мазҳаблараро муноқашалар олиб бориш ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Бундан ташқари мазҳабларнинг ривожланишида, уларнинг кенг тарқалишида сиёсий ва ижтимоий омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Масалан, Ҳанафий мазҳаби асосан Аббосийлар халифалиги даврида гуркираб ривожланди. Бунда ўша даврнинг қозиси, Абу Ҳанифанинг катта шогирди Имом Абу Юсуфнинг хизматлари катта. У киши халифалик ҳудудидаги қозилик лавозимларига фақат ҳанафий мазҳабидаги олимларни тайин қилдилар. Имом Молик Мадиналик бўлганлари учун Ҳижоз аҳолиси у кишининг мазҳабларини тутишди. Шунингдек, ҳаж зиёратига келган кишилар Имом Молик ва у кишининг мазҳабидаги олимлар билан музокаралар олиб бориши натижасида Африка қитъасидаги давлатларга Моликий мазҳаби кириб борди. Шофеъий мазҳабининг ёйилишида аҳли ҳадисларнинг таъсири катта бўлди. Чунки, Шофеъий ишончли суннатни Қуръондек маҳкам ушлаган, оҳод ҳадисларни ҳужжат қилишни қаттиқ туриб ҳимоя қилар эдилар. Бу эса, аҳли ҳадислар учун айни муддао эди. Ҳанбалий мазҳаби эса фақатгина XIX асрга келиб Саудия ҳукуматининг юзага келиши асносида ривож топди.
Фатво бўлими мудири
Ҳ.Ишматбеков.
Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!
Биз, Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчилари – нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардаги илмий-маърифий тузилмалар раҳбарлари, дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган вазирлар, муфтийлар, таниқли олимлар, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, кутубхоналар, музейлар ҳамда маданий муассасаларнинг вакиллари номидан Сизга самимий миннатдорлик ва чуқур эҳтиром билан мурожаат этмоқдамиз.
Аввало, Сизнинг бевосита ташаббусингиз ва шахсан қўллаб-қувватлашингиз билан ўтказилган Ислом цивилизацияси I халқаро форуми, ўзининг туб моҳияти ва аҳамиятига кўра, халқаро илмий тадбирлар даражасидан юқори турадиган ва юксак эътироф топган улкан воқеа бўлганини алоҳида таъкидлашни истардик.
Ҳеч шубҳасиз, Сизнинг Форум иштирокчиларига мурожаатингизда илгари сурилган ғоят муҳим фикр ва ғоялар тўрт кун давомида дунё жамоатчилиги эътиборида бўлган ушбу анжуманда муҳокама қилинган масалалар кўлами, мақсади ва маъно-мазмунини белгилаб берди.
Ишонч билан айта оламизки, мусулмон оламидаги илғор илм-маърифат намояндалари иштирокидаги бу форум ислом цивилизациясининг бой меросини инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги умумий бойлигининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Анжуманнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз сингари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида ўтказилиши унинг маърифий руҳи ва аҳамиятини янада оширди. Айнан шу табаррук диёрларда асрлар давомида буюк илмий мактаблар шаклланган, илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика, астрономия ва бошқа фанлар тараққиётига шиддатли туртки берган фундаментал асарлар яратилган. Бутун инсоният тараққиётига улкан таъсир кўрсатган эзгу ғоялар ва кашфиётлар ҳам жаҳон бўйлаб айнан шу шаҳарлардан тарқалган.
Сиз томонингиздан 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш бўйича илгари сурилган эзгу ташаббус сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида ушбу заминдаги буюк тарих ва маданиятни яхлит маърифий ҳодиса сифатида англашда туб бурилиш нуқтаси бўлганини биз бугун алоҳида миннатдорлик билан эътироф этамиз. Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз. Шу тариқа тарихий адолатни тиклаш, очиқ илмий мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва халқаро гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим олға силжиш амалга оширилди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ана шу эзгу интилишлар алоҳида глобал аҳамият касб этмоқда. Зеро, айнан билим, тарихий хотира ва халқларнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, экстремизм, радикализм ва муросасизликка қарши самарали курашишга, цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришга ҳамда тинчлик, барқарор тараққиёт ва бунёдкорликнинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилади.
Ана шундай долзарб фикрларни мужассам этган Мурожаатингиз, ҳеч шубҳасиз, бизнинг биргаликдаги келгуси фаолиятимиз учун улкан тарихий ва дастурий ҳужжат бўлиб қолади.
Ўзбекистон Президентига хос юксак ирода ва донишмандлик, тарих, бугунги кун ва келажакни яхлит бир жараён сифатида кўра олиш салоҳияти маҳсули бўлган Ислом цивилизацияси маркази нафақат жаҳон даражасидаги замонавий илмий-маърифий мажмуага, айни вақтда ушбу ноёб жараён таркибидаги бебаҳо меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун турли давлатлар, халқаро ташкилотлар, етакчи олимлар, илмий муассасалар, университетлар, кутубхоналар, музейлар ва маънавий-маърифий марказларни бирлаштирадиган нуфузли мулоқот майдонига айланиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Аминмизки, яқин йилларда бу маскан гуманитар илм-фан соҳасидаги етакчи халқаро марказлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди ҳамда янги ғоялар, қўшма илмий тадқиқотлар ва узоқ муддатли халқаро лойиҳалар шаклланадиган йирик маданий-маърифий ва таълим платформасига айланади.
Ўзбекистон Республикасида маънавий, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизда катта таассурот қолдирди. Ислом цивилизацияси маркази, янгиланган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти каби ноёб муассасалар тарихий хотирани сақлаш, фундаментал илм-фанни ривожлантириш ҳамда халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси ислом илм-фани, маданияти ва маърифатининг энг қадимги бешикларидан бири сифатида бугун гуманитар ҳамкорлик, илмий изланишлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот борасидаги азалий мавқеини яна мустаҳкамлаб бормоқда.
Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!
Ислом цивилизацияси I халқаро форуми «Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат» шиори остида ўтказилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини ўзида мужассам этган, ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган бу безавол қадриятлар бугунги замонавий дунё учун ҳам беқиёс аҳамиятга эгадир. Бу буюк мерос бутун инсониятнинг маданий, маънавий ва интеллектуал бойлигининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу эса уни асраб-авайлаш, ҳар томонлама ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш бўйича халқаро ташкилотлар, давлатлар, илмий жамоатчилик, тинчлик, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётган барча инсонлар зиммасига катта масъулият юклаши табиий, албатта.
Биз Форум якунлари бўйича қабул қилинган Декларация ҳамда ислом цивилизациясини асраш, ўрганиш ва ривожлантиришга қаратилган “йўл харитаси”ни узоқ муддатли халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Сиз уларда белгиланган ташаббусларни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий маънавий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда ислом цивилизациясини тинчлик, маърифат ва ўзаро англашув йўлида ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга бундан буён ҳам етакчилик қилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайсиз, деб чин дилдан умид билдирамиз.
Форум қарорларини амалий ҳаётга татбиқ этиш мақсадида биз, Сиз билан маслаҳатлашган ҳолда, Ислом цивилизациясини Жаҳон альянсини таъсис этиш ташаббусини илгари суриш ниятидамиз. Мазкур Альянснинг фаолияти қўшма илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, академик алмашинувларни ривожлантириш, нашриёт ишига оид халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, маданий мерос намуналарини асраш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, давлатлар ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонамиз.
Форум давомида қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон заминида пайдо бўлган ушбу эзгу ташаббус халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётгани ва жаҳондаги илмий-маънавий ҳамжамиятнинг умумий ишига айланаётганини яққол тасдиқлайди.
Биз мазкур қарорларни амалга ошириш, ислом цивилизациясининг буюк меросини сақлаш ва келажак авлодларга етказиш борасида ўзимизнинг интеллектуал, илмий ва маънавий салоҳиятимизни бирлаштиришга тайёр эканимизни яна бир бор баён қиламиз. Ишонамизки, қадимий Ўзбекистон диёрида қабул қилинган ушбу қарорлар ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва кенг тарғиб этиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу Мурожаатни қабул қилар эканмиз, мазкур қарорларни амалга ошириш бўйича зиммамизга улкан умумий масъулият олаётганимизни яна бир бор эътироф этамиз ҳамда тинчлик, маърифат, ўзаро ҳурмат ва бутун инсоният бойлигининг узвий бир қисми ҳисобланган буюк маънавий ҳамда интеллектуал меросни асраб-авайлаш йўлида доимо Сиз билан бир сафда туриб иш олиб боришга тайёр эканимизни билдирамиз.
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Биз Сизга ва Сизнинг тимсолингизда Форумнинг барча ташкилотчиларига, кўп миллатли бутун Ўзбекистон халқига Ислом цивилизацияси I халқаро форуми юксак савияда ташкил этилгани ҳамда самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.
Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишдек ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда янада улкан ютуқлар тилаймиз. Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга ошириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ҳамда бу қутлуғ заминнинг илм-фан, маърифат, ислом цивилизацияси, гуманитар ҳамкорлик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот бўйича жаҳонда етакчи марказлардан бири сифатидаги юксак ўрни, шуҳрати ва нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизга муваффақиятлар тилаймиз.
Аллоҳ таоло Сизнинг эзгу ният ва ҳаракатларингизга хайру баракотлар берсин!
Ислом цивилизацияси I халқаро форумида қабул қилинган қарорлар дунё халқлари ўртасида ўзаро англашув, адолат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилсин!
Парвардигори олам уч минг йиллик буюк тарих ва маданият бунёдкори бўлган меҳнаткаш, меҳмондўст ва олижаноб Ўзбекистон халқига тинчлик, умуммиллий бирлик, фаровонлик ва равнақ ато этсин, ижодкорлик салоҳиятини бундан ҳам зиёда қилсин, барча эзгу ниятларига етказсин!
Чуқур ҳурмат билан,
Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчилари
2026 йил, 9 июль
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри