Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Ноябр, 2026   |   22 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:20
Хуфтон
18:35
Bismillah
02 Ноябр, 2026, 22 Жумадул аввал, 1448

Мазҳаблар ўртасида қарз масаласи

02.05.2018   20237   4 min.
Мазҳаблар ўртасида қарз масаласи

Закоти бериладиган молга қўйиладиган шартлардан бири бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарздан ортиқ бўлишидир.

“Бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарз бўлмаслик” деганда – қарзлар икки қисмга бўлинади: Аллоҳ таоло томонидан талаб қилинган қарзлар; бандалар томонидан талаб қилинадиган қарзлар;

Бир кишининг зиммасида назр, каффорат, садақаи фитр, таматтуъ ҳажининг қурбонликлари, қурбон ҳайитининг қурбонлиги каби қарзи бор бўлса ва закот нисобига етадиган маблағи ҳам бўлса, аввал закотини адо қилади, чунки бу қарзлар банданинг ҳаққи эмас, Аллоҳдан талаб қилинадиган қарзлардир. Закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлмаслиги керак. Бир одамнинг қўлида нисобга етадиган моли бор. Шу билан бирга, бошқа одамлардан қарзи ҳам бор. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради. Аммо қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки моли нисоб миқдоридан камайиб қоладиган бўлса, закот бериш фарз бўлмайди. Чунки одамлардан қарзи бор одам бой ҳисобланмайди.

Қарз борасида мазҳаб уламолари турлича баён қилишган:

Ҳанафийлар: “Қарз уч қисмга бўлинади: Биринчи қисми – бандаларга хос қарз. Иккинчи қисми – Аллоҳ таолога хос қарз. Учинчи қисми – Бандалар томонидан талаб қилинмаган қарз.

Қарзни бандалар томонидан талаб қилувчиси (йиғиб олувчи) бўлади. Ҳудди ўтган йилда берилмаган закот қарзи каби. Зоҳирий (кўриниб турувчи) молларни, яъни чорва моллари ва ердан чиққан нарсаларни ўша пайтда талаб қилувчи бошлиқ бўлган. Ёки олтин ва кумушга ўхшаш тижорат моллари каби ботиний молларни талаб қилувчи бошлиқ ёрдамчиси бўлган. Бошлиқ ёрдамчилари закотни идора қилувчилардир. Чунки бошлиқ Усмон розияллоҳу анҳу замонларигача закотни  йиғиб олар эди. Бас, у зот розияллоҳу анҳу ботиний молларда закот беришни ўз эгаларига топширганлар. Учинчи қисми – уни бандалар томонидан талаб қилувчиси бўлмаган назр, каффорат, фитр садақаси ва ҳажнинг нафақаси каби Аллоҳ таолога хос бўлган қарзлардир. Закотни фарз бўлишини ман қиладиган қарзлар аввалги икки қисм қарзларидир. Агар бир киши закот нисобига эга бўлиб, сўнг ўша нисоб бир йил айланса, ўша йили ундан закот чиқармай, бошқа йилга ўтиб кетса, иккинчи йили унга закот фарз бўлмайди. Чунки ўша қарз ана шу йилнинг нисобидан камайтирадиган, ўтган йилги закотнинг қарзи эди. Шунингдек, молга эга бўлса ва унинг зиммасида бошқа шахсга қарзи бўлиб, қарз – олди-сотди пул ё нақд пул ёки ўлчов моллари бўладими ёхуд ҳайвонларми ёки булардан бошқа қарзлар бўладими, уларнинг орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Мазкур қарзларнинг барча навлари закот фарз бўлишлигини ман қилади. Илло, зироат ва меваларнинг закоти – ушр ва хирож бундан мустасно. Аммо учинчи қисми закот фарз бўлишлигини ман қилади”, деганлар.

Моликийлар: “Бир кишини нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлса, яшаш жойига ўхшаш заруриятда унга эҳтиёжи тушмайдиган нарсалардан бошқа закот молларидан ўзида қолган нисоб тўлиқ бўлмай қолса,  ўзидаги молда закот фарз бўлмайди. Бу шарт олтин ва кумуш закотларига тегишлидир. Маъдан олтин ёки кумуш рудасидан бўлмагани учундир. Аммо чорва ва экинларда закот фарз бўлади”, деганлар.

Шофеъийлар: “Молнинг қарздан фориғ бўлишлиги шарт қилинмайди. Бас, кимнинг зиммасида қарзи бўлса, унга закот фарз бўлаверади. Агар ана шу қарз нисобни камайтириб юбормаса”, деганлар.

Ҳанбалийлар: “Зиммасидаги қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки нисоб миқдоридан камайиб қоладиган кишига закот фарз бўлмайди. Гарчи қарз закоти бериладиган молнинг жинсидан бошқа бўлса ҳам. Агар қарз хирож ёки ўриб йиғилган ё ер ижараси ёхуд ҳайдалган ер бўлса ҳам (закот фарз бўлмайди). Қарз нақд пуллар, тижорат молларининг қиймати ёки маъдан каби ботиний молларда, мевалар, донлар ва чорва моллари каби зоҳирий молларда закот фарз бўлишлигини ман қилади. Бир одамнинг нисобга етган моли бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. Аввал қарзига етадиган миқдори ундан чиқарилади. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради”, деганлар.

 “Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа” китоби асосида
Янгийўл тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди
имом ноиби Нуриддин Акромов тайёрлади

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ис гази офатидан сақланиш бўйича динимиз кўрсатмаси қандай?

02.11.2026   8255   4 min.
Ис гази офатидан сақланиш бўйича динимиз кўрсатмаси қандай?

Айни кунларда интернет ва ижтимоий тармоқларда турли ҳудудлардаги ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган ҳамюртларимиз ҳақидаги хабарларни ўқиб, чуқур ўйга толасан киши.


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги статистик маълумотларига кўра, 2024 йилда 9,9 мингта, 2025 йилнинг 9 ойида 7,1 мингта ёнғин ҳолати қайд этилган. Шу билан бирга, ёнғинларда ҳалок бўлганлар сони ҳам 2024 йилдаги 151 кишидан 2025 йилнинг 9 ойида 43 кишигача камайди.

 

Ушбу нохуш ҳолатларнинг барчасини ўзига хос сабаблари бор. Совуқ кунларда ҳар бир оила хонадонини иситиш мақсадида турли мосламаларидан фойдаланади. Уларнинг орасида қўлбола, носоз ёки яроқсиз ҳолатдаги ускуналардан фойдаланаётганлар ҳам бор. Бу эса нохуш вазиятлар келиб чиқишига сабаб бўлаётгани ачинарли ҳол.

 

Мусулмон одам ўзини ва аҳлини хавфдан асраши ва бунинг учун эътиборсизлик қилмай олдини олиш чораларини пухта қилмоғи лозим. Зеро, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, “Мажмаъу-з-завоид”; Суютий, “Ал-жомеъ ас-сағир”).

 

Агар киши ўз эҳтиёт чораларини кўрмаса ва унга зарар етса, мазкур ҳолатда бошқа кимса айбдор бўлмайди. Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Кимки уйнинг атрофи панжара билан ўралмаган томида ётса ва унга бирор кор-ҳол бўлса, бошқалар бунга жавобгар бўлмайди” (Имом Абу Довуд ривояти, Сунан, 5041, Саҳиҳул Жомеъ, 6113, унинг Авнул Мабуддаги шарҳи, 13/384). Бунинг сабаби ухлаб ётган киши уйқусида ағдарилиши мумкин ва агарда панжара бўлмаса, йиқилиб тушиб, ўлиши мумкин.

 

Бундай ҳолатда унинг ўлимида ҳеч ким айбдор бўлмайди ёки унинг лоқайдлиги шунга олиб келдики, Аллоҳ уни Ўз ҳимоясидан маҳрум этди, чунки у олдиндан керакли эҳтиёт чораларни кўрмади.

 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш ботгандан сўнг болаларингизни уйда тутиб туринглар, чунки шайтонлар шу пайтда қўзғаладилар. Сўнгра кечқурундан бир соат ўтса, болаларингизни қўйиб юборинг, эшикларингизни беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, бир чўп қўйиб бўлсада хумдонларингиз оғзини беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, чироғларингизни ўчиринг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 10/88-89).

 

Имом Муслим ривоятида эса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Эшикларингизни беркитинг, идишларингиз устини ёпинг, чироғларингизни ўчиринг ва боғичларингизни маҳкам тугунланг (яъни хумдонларингизни устини ёпинг – у замонларда одамлар хумдон оғзига матоҳ ёпиб, уни тугунлаб боғлашарди), чунки шайтон беркитилган эшикни очолмайди, усти ёпилган нарсани очолмайди, сиз боғлаган тугунни ечолмайди. Ва сичқон ёнғин чиқаролмайди (яъни чироғни ағдариб, уйда ёнғин чиқариш маъносида)” (Имом Аҳмаднинг Муснаддаги ривояти, 3/103; Саҳиҳул Жомеъ, 1080).

 

Яна бир ҳадисда эса Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ухлашга ётаётганингизда уйдаги оловни ёниқ ҳолда қолдирманг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 11/85).

 

Демак, мусулмон одам ҳар бир ишда аввало эҳтиёт чораларни кўриб, ўзи ва ўзгаларга зарар етмайдиган тарзда сабабларини қилиб сўнгра Аллоҳдан паноҳ сўраши лозим.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши “Ё Расулуллоҳ, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?” деди. Бас, у зот: “Уни тушовлаб туриб кейин таваккал қил” дедилар” (Имом Термизий ривояти).

 

Бу ҳадиси шарифдан таваккал қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккал қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Мақолалар