Кутубхона

Mуборак васиятлар: МИСКИНЛАРНИ ЯХШИ КЎРИШ ВА УЛАР БИЛАН БИРГА ЎТИРИШ

КЎП КУЛИШ ҚАЛБНИ ЎЛДИРАДИ

Кўп кулиш хақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿فَلۡيَضۡحَكُواْ قَلِيلٗا وَلۡيَبۡكُواْ كَثِيرٗا جَزَآءَۢ بِمَا كَانُواْ يَكۡسِبُونَ٨٢

«Бас, (улар) қилмишларининг жазоси учун (бу дунёда) оз кулсинлар ва (охиратда) кўп йиғласинлар» (Тавба, 82).

Беҳуда гапирмайдиган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп кулишдан ҳам қайтарганлар. Бу сўзга эътибор бериб қарасак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчи эмас, балки ишларнинг замирини ўргатувчи муаллим, қалб касалликларининг моҳир табиби эдилар. У зот қалбга ишора қилиб айтадилар: “Агар у соғлом бўлса, бутун вужуд соғлом бўлади, агар у бузилса, жасад ҳам айнийди”.

Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар мен билган нарсаларни билганингизда оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, дедилар.

Агар қалб кўп кулиш касаллигига мубтало бўлса, ўзига келадиган нурлардан маҳрум бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп кулишга таъриф берар эканлар, уни шайтонга эргашиш ва ҳавойи нафсга қул бўлиш, деб изоҳлаганлар. Бировларни мазах қилишдан ҳазар қилиш лозим. Умар ибн Абдулазиз айтганидек: “Мазах қилишдан тийилинг, чунки у аҳмоқлик бўлиб, кек ва адоват келтиради”.

Ҳакимлардан бири мазахга шундай таъриф берган: “Мазах бу сўкишдир, чунки мазах қилувчи жиддий ҳолатда эмас, балки кулиб мазах қилади”.

Ҳаким Мансур бундай дейди: “Мазах қилиш олов ўтинни егани каби киши ҳайбатини еб битиради. Кимнинг мазахи кўпайса, ҳайбати камаяди, кимнинг ҳазил қилиши кўпайса, ақли камаяди”.

Саид ибн Ос ўғлига бундай васият қилди: “Мазах қилма, чунки кўп мазах қилиш киши қадрини кетказади ва аҳмоқликка етаклайди”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ҳазил қилсам ҳам фақат ҳақиқатни айтаман”, деганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазилларидан баъзиларини келтириб ўтиш тарбиявий жиҳатдан киши ўз ҳаддини билишида ибратдир.

Ансорийлардан бир кекса аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мени дуо қилинг. Аллоҳ мени жаннатга киритсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билмайсанми, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Кампир йиғлаб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилиб: “Аллоҳнинг ушбу оятини ўқи­маганмисан?”, деб оятни ўқидилар:

﴿إِنَّآ أَنشَأۡنَٰهُنَّ إِنشَآءٗ٣٥ فَجَعَلۡنَٰهُنَّ أَبۡكَارًا٣٦ عُرُبًا أَتۡرَابٗا٣٧

«Биз уларни (ҳур қизларни) дафъатан пайдо қилдик (онадан туғилмадилар). Кейин уларни бокира қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдирлар» (Воқеа, 35–37).

Шунингдек, яна бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига эрининг иши туфайли келганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлдан: “Эринг ким?” деб сўрадилар! Аёл: “Эрим фалончи”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Кўзларида оқи бор кишими?” дедилар. Аёл: “Йўқ, ундай эмас”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, шундай”, дедилар. Аёл уйига кетар экан, йўл-йўлакай Расулуллоҳ айтган сўзни ўйлаб кетди. Уйига етиб борганида эри ундан ҳол-аҳвол сўради. Аёл айтди: “Мендан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эрингни кўзида оқи борми?, деб сўрадилар”. Эри унга: “Кўрмаяпсанми, киши кўзининг қорасидан оқи каттароқ бўлади”, деди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا يَسۡخَرۡ قَوۡمٞ مِّن قَوۡمٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُونُواْ خَيۡرٗا مِّنۡهُمۡ وَلَا نِسَآءٞ مِّن نِّسَآءٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُنَّ خَيۡرٗا مِّنۡهُنَّۖ وَلَا تَلۡمِزُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ وَلَا تَنَابَزُواْ بِٱلۡأَلۡقَٰبِۖ بِئۡسَ ٱلِٱسۡمُ ٱلۡفُسُوقُ بَعۡدَ ٱلۡإِيمَٰنِۚ وَمَن لَّمۡ يَتُبۡ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ١١

«Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимол, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимол, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқдир. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Ким тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир» (Ҳужурот, 11).

Кулиш ва мазах тўғрисидаги васият Умар ва Али (розияллоҳу анҳумо) сўзлари билан якунланади. Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди”, деган. Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Олим қаттиқ кулса, унинг илми сусайиб бораверади”, деган.

 

МИСКИНЛАРНИ ЯХШИ КЎРИШ ВА УЛАР БИЛАН БИРГА ЎТИРИШ

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) орқали ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига қилинган васият “Мискинларни яхши кўриш ва улар билан бирга ўтириш” жамиятда тенглик ва адолатни юзага чиқаради. Кўнгли яримлар ҳаётда нима учун яшаётганини англаб етади. Қуръони карим таъбири билан айтганда ҳақиқий бой ва беҳожат Яратганнинг ўзидир. Аллоҳ таоло марҳа­мат қилади:

﴿۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ أَنتُمُ ٱلۡفُقَرَآءُ إِلَى ٱللَّهِۖ وَٱللَّهُ هُوَ ٱلۡغَنِيُّ ٱلۡحَمِيدُ١٥

«Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, албатта, Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир» (Фотир, 15).

Мол-дунёнинг кўплиги бойлик эмас, балки қаноат ҳақиқий бойликдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васиятларида “мискин, камбағал ва бева-бечораларни яхши кўр ва улар билан бирга ўтир”, деганларининг ўзи мўмин киши учун етарли. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида:

الهم أحْيِنِي مِسْكِينًا وأَمِتْنِي مِسْكِينًا واحْشُرْنِي فِي زَمْرَةِ المَسَاكِينِ

“Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда тирилтир, мискин ҳолда вафот эттир ва мискинлар гуруҳида қайта тирилтир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳотамул Асам (раҳматуллоҳу алайҳ) бундай деди: “Ким тўрт нарсани тўрт нарсасиз даъво қилса, унинг даъвоси ёлғондир:

  1. Аллоҳни яхши кўришни даъво қилса-ю, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан тийилмаса – даъвоси ёлғон.
  2. Пайғамбар (алайҳиссалом)ни яхши кўришни даъво қилса-ю, мискин ва фақирларни ёмон кўрса – даъвоси ёлғон.
  3. Жаннатни яхши кўришни даъво қилса-ю, садақа қилмаса – даъвоси ёлғон.
  4. Дўзахни ёмон кўришни даъво қилса-ю, гуноҳлардан тўхтамаса, унинг ҳам даъвоси ёлғон”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши қалби қаттиқлигидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Етимнинг бошини сила ва мискинга таом бер”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Етимнинг бошини силаш ва унга ғамхўрлик кўрсатиш нақадар улуғ ва савобли иш эканини яхши биламиз. Етимларга шафқат кўрсатган кишиларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ҳурмат қилганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мен жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчиман. Фақат бир аёл мендан илдамроқ эканини кўраман. Ундан: “Сен кимсан?” деб сўрайман. У: “Мен ўз етимларимга қараб ўтирган аёлман”, дейди», дедилар (Имом Абу Яъло).

Луқмон ўғлига насиҳат қилиб бундай деди: “Эй ўғилчам, қуйидагиларга амал қилмоғинг ҳикматдир: ўлик қалбни тирилтириш, мискинлар ила ўтириш, подшоҳлар мажлисидан йироқлашиб ўзни тийиш, паст табақадагиларни шарафлаш, қулларни озод қилиш, ғарибларга бошпана бериш, камбағалларни беҳожат қилиш шарафли киши шарафини ва саййиднинг саййидлик мақомини зиёда қилади ва у молдан афзалдир, хавфдан сақловчидир, фойда қилинаётган пайтдаги буюмдир, қўрқинч ўраб тургандаги шафоатчидир, нафсда ишонч тугаган пайтдаги далолатчидир, кийим йўқ пайтдаги кийимдир”.

Абу Забйа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) вафотидан сал олдин хасталаниб қолди. Беморни кўришга келган Усмон (розияллоҳу анҳу) ундан: “Сени нима безовта қиляпти?”, деб сўради.

– Гуноҳларим.

– Кўнглинг нимани тусаётир?

– Раббимнинг раҳматини.

– Сенга бир табиб чақирайми?

– Аслида мени касал қилган Табибдир.

– Сенга бир оз маош ёздиришимга рухсат берасанми?

– Маошга эҳтиёжим йўқ.

– Ҳеч бўлмаса, кейин қизларингга тегади-ку!

Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Сен қизларимни камбағалликдан қийналади, деб хавотирдамисан? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни тайинлаганман. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар оқшом Воқеа сурасини ўқиган киши ҳеч қачон камбағал бўлмайди”, деганларини эшитган эдим”, деди».

Ва яна у киши айтади: “Кўпчилик ёқтирмайдиган ўлим ва камбағаллик қандай ажойиб нарсадир. Аллоҳга қасам, бойлик ҳам, фақирлик ҳам бир неъматдир. Қайсиси билан имтиҳон қилинсам ҳам, хотиржамман. Бой бўлган кезлар муҳтожларга ёрдам қилиш, фақирликда эса сабр этиш фазилати бор. Банда имон чўққисига чиқмагунича унинг ҳақиқатига етишолмайди. Мусулмон камбағалликни бойликдан, пастлашишни юксалишдан афзал кўрмагунича ва уни мақтаган ёки ёмонлаган кишиларни бир хилда кўрмагунича имон чўкқисига чиқа олмайди. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасам, мусулмон ҳолда тонг оттириб, кечқурун шу ҳолда уйқуга кетган бандага дунёнинг мусибатлари зарар бермайди. Барчангиз меҳмонсиз, қўлингиздаги дунё моли эса омонатдир. Меҳмон албатта, бир куни кетади ва омонат эгасига берилади. Ҳақ оғирдир, бироқ томоқдан осон ўтади. Ботил енгилгина, аммо касаллик келтириб чиқаради. Неча-неча инсоний орзу-истаклар бор, уларга эргашилса, узоқ вақт давом этгувчи хафагарчилик билан ниҳоя топади”.

Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га буюрган:

﴿وَٱصۡبِرۡ نَفۡسَكَ مَعَ ٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ رَبَّهُم بِٱلۡغَدَوٰةِ وَٱلۡعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجۡهَهُۥۖ وَلَا تَعۡدُ عَيۡنَاكَ عَنۡهُمۡ تُرِيدُ زِينَةَ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَلَا تُطِعۡ مَنۡ أَغۡفَلۡنَا قَلۡبَهُۥ عَن ذِكۡرِنَا وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُ وَكَانَ أَمۡرُهُۥ فُرُطٗا٢٨

«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигори “юзи”ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг! Дунё ҳаёти зийнатини деб кўзларингиз улардан четламасин! Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф, 28)

Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби қуйидагича: барча пайғамбарлар билан рўй берганидек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам дастлаб фақир кишилар имон келтиришган эди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Салмон, Суҳайб, Билол ва Аммор ибн Ёсирларга ўхшаган фақир кишилар билан мажлис қуриб ўтирар эдилар. Дастлаб фақирлар эргашиши пайғамбарлик аломати эканини эшитган мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофидаги фақир мусулмонларни ҳайдаб юбормоқчи бўлди. Шу мақсадда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, атрофингдаги камбағалларни ҳайдаб юбор. Улар билан бирга ўтиришдан жирканамиз. Агар уларни ҳайдаб юборсанг, сенга олийнасаб, олиймақом кишилар имон келтиради”, дейишди. Бунга жавобан Аллоҳ таоло: “Эртаю кеч Парвардигори жамолини истаб, Унга илтижо қиладиган зотларни атрофингиздан ҳайдаманг”, мазмунидаги оятини туширди.

Фақир мусулмонларнинг ҳайдалишидан умидлари узилган мушриклар, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Эй Муҳаммад, агар уларни ҳайдамасанг, унда бир кунни уларга, бир кунни бизларга тайин қил”, деб шарт қўйди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилди: «Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигори “юзи”ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг! Дунё ҳаёти зийнатини деб кўзларингиз улардан четламасин! Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг! Айтинг: “(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин”. Аниқ, Биз золим (кофир)лар учун алангалари уларни қамраб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйганмиз. Агар улар (ташналикка чидамай) ялинса, эритилган (қиздирилган) ёғ каби юзларни куйдирувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф, 28–29)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақирларни улуғлар, ҳурмат қилар эдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилганларида, фақир саҳобалар ҳам ҳижрат қилди ва масжид супасига жойлашиб дунё ташвишларидан узилишди. Уларга “Асҳобус суффа” – супа эгалари деб ном берилди. Ҳижрат қилиб келган фақирлар улар сафига қўшилар ва улар кундан-кунга кўпаяр эди. Улар Аллоҳ ўз дўстларига ҳозирлаган эҳсонга гувоҳ бўлди, бунга имон нури ила боқдилар ва борлиқдаги бирор нарсага диллари кетмади. Аксинча, улар: “Сенгагина ибодат қиламиз, Сенга бўйсуниб сажда қиламиз, Сенинг ёрдамингда рушду ҳидоятга эришамиз, Сенга таваккул этамиз, Сенинг зикринг ила ҳузурланиб шод бўламиз, Сенинг муҳаббатинг майдонида сайру саёҳат қиламиз, Сен учун амал ва ҳаракат қиламиз ва Сенинг эшигингдан ҳаргиз кетмаймиз”, дейишди.

Фақирлик икки хил – умумий ва хос (хусусий) бўлади.

Умумий фақирлик – Аллоҳ таолога муҳтожлик бўлиб, у барча махлуқотлар сифатидир. Бу Аллоҳ таолонинг:

﴿ وَٱللَّهُ ٱلۡغَنِيُّ وَأَنتُمُ ٱلۡفُقَرَآءُۚ

«Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз» (Муҳаммад, 38) ояти каримасининг маъносидир.

Хос фақирлик – Аллоҳнинг дўстлари ва суюклиларининг сифати бўлиб, у ҳамиша Аллоҳ азза ва жалла ёди билан машғул бўлгани, Унга қаттиқ берилгани, Унинг зикри ила улфат бўлгани сабабли қўл ва дилнинг дунёга эҳтиёжи йўқлигидир.

Салафлардан бири ҳикоя қилади: «Мен илгари гуноҳ ишларга, ичкиликка берилган эдим. Бир куни муҳтож етим болани учратиб қолдим. Уни уйимга олиб келиб, қорнини тўйдирдим, ҳаммомда чўмилтириб, сочларини олиб, кийим кийдирдим. Қисқаси, ота ўз фарзандига марҳамат кўрсатганидан ҳам зиёдароқ марҳамат кўрсатдим. Шундан сўнг кечаси ухладим. Туш кўрдим. Гўёки қиёмат қоим бўлибди. Мен ҳисоб-китобга чақирилдим ва қилган гуноҳларим туфайли дўзахга ҳукм қилиндим. Забониялар (азоб фаришталари) мени дўзахга судраб кета бошлади.Уларнинг қўлларида мен заиф, ҳақир ҳолда эдим. Шу пайт йўлда ҳалиги етим рўбарў келди ва: “Эй Раббим фаришталари, уни қўйиб юборинглар, токи Раббимдан унга шафоат тилай. Зеро, у менга яхшилик қилди ва марҳамат кўрсатди”, деди. Фаришталар: “Бу бизга буюрилмаган”, деди. Шу пайт Аллоҳ таоло тарафидан: “Уни қўйиб юборинглар. Етимга яхшилик қилгани ва етим шафоати сабабли унга сўраган нарсаларини бердим”, деган нидо келди. Кейин уйғониб кетдим-да, Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилдим ва бутун қуч-ғайратимни етимларга марҳамаг кўрсатишга сарфладим».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтган: “Уйларнинг яхшиси унда етим бўлиб, унга яхшилик қилинадиган уйдир. Уйларнинг ёмони унда етим бўлиб, унга ёмонлик қилинадиган уйдир. Аллоҳ таолога бандаларининг энг суюклиси етим ёки бевага яхшилик қилган кишидир”.

Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом)га: “Эй Довуд, етимга меҳрибон отадек, бевага шафқатли эрдек бўлгин. Билгин, нима эксанг шуни ўрасан”, деб ваҳий қилди. Яъни, бошқага қандай муносабатда бўлсанг, сенга ҳам шундай муносабатда бўлинади. Бир кун келиб сен ҳам вафот этасан ва етим фарзандинг ёки бева аёлинг қолади.

Довуд (алайҳиссалом) ўз муножотларида: “Эй Илоҳим, жамолингни истаб етим ва бевани қўллаб-қувватлаган, суйган кишининг мукофоти нима?” деб сўраган эди, “Мукофоти уни соямдан ўзга соя йўқ кунда Ўз соямга олишимдир”, дея жавоб берди.

Сулаймон (алайҳиссалом) кунларнинг бирида масжидга кирса, бир мискин ўтирган экан. Унинг олдига бориб: “Мискин мискин билан ўтирибди”, деган экан.

Ўтган пайғамбарларнинг барчалари мискинларни севишган ва уларга меҳр-шафқат кўрсатишган. Жумладан, Мусо (алайҳиссалом) Раббига муножот қилиб: “Эй Раббим, сени қаерлардан излайин?” деди. Шунда: “Кўнгли яримта инсонлардан изла”, деган нидо келди. Исо (алайҳиссалом) ҳам ўзини “мискин” деб чақирилишини хуш кўрар эди. Фақир, мискин ва бева-бечораларнинг бошини силаган ҳамда уларга шафқат кўрсатган энг улуғ зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эдилар. Сарвари олам: “Фақирлик фахримдир”, деганлар.

Инсон обрўйи, мол-дунёси билан фахрланиши мумкин. Лекин фақирлик билан ҳам фахрланса бўладими, деган савол туғилади. Бунга жавоб юқоридаги икки оғиз сўз. Бу сўз билан не­не инсонлар қалбида умид учқунлари пайдо бўлган, кўнгилларида имон ҳаловати куртак очган.

Тарихда етимлар бошини силаган ва уларга кўмак берган инсонлар ҳақида кўплаб китоблар ёзилди ва ёзилмоқда. Кимдир уларнинг қалбига йўл топиш учун бор-будини сарфлаган бўлса, яна кимдир чиройли муомаласи билан уларни хушнуд этган. Лекин бир нарса кундай равшан, башарият тарихида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) каби ҳам сўзда, ҳам амалда уларни хурсанд қилган комил инсон бўлмаса керак. Сўзимиз исботи сифатида бир ҳадисни эшитайлик:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Етимни кафилига олган киши мен билан жаннатда худди шундай бирга бўлади”, деб иккала бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари ҳам етим ўсганлар. Гарчи боболари ва амакилари у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгилларини ўкситмаган бўлса-да, етимлик нималигини жуда яхши билганлар. Лекин фарзанд учун ота-онанинг ўрнини боса оладиган яна ким бор?!

Аҳмад Яссавий ҳазратларининг пурмаъно байтларида:

“Қул Хожа Аҳмад мискиндур, мискинлардин маъно сўр,

Мискинлик кони ҳузур, басар бўлғон Муҳаммад”,

деб, мискинларнинг ҳолидан хабар олиб туриш лозимлиги, уларга нисбатан ҳушёр ва меҳрибон бўлиш тавсия қилинган.

Пайғамбар (алайҳиссалом) Абу Заррга қилган васиятларидаги сўзлар бир-бирига шунчалик мос, гўё улар бир-бирини тўлдириб келади. Юқорида мискинларни яхши кўриш ва улар билан бирга ўтириш лозимлиги айтилган бўлса, энди: “Ўзингдан паст бўлганларга қара, тепадагиларга қарама”, дейилганда ҳам инсон ўз ҳаддини билиши, борига шукр, йўғига қаноат қилиши лозимлиги уқтирилган.

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган: “Бандам, мен битган қисматга рози бўлсанг хотиржам бўласан ва ҳузуримда мақталган ҳисобланасан. Мен битган қисматга рози бўлмасанг, дунёнинг қули бўласан, худди чўлда ваҳший жонивор қувгани каби тиним билмай орқасидан югурасан, лекин пешонангда ёзилганини оласан, холос ва Менинг ҳузуримда осий, деб ёзиб қўйиласан”.

Моддий жиҳатдан ўзидан бой бўлган кишига ҳавас кўзи билан қарашдан ҳазар қилиш зарур. Чунки унга ҳавас қилиш туфайли Аллоҳ берган неъматларни билмаган ҳолда, паст санаб қўйиш эҳтимоли бор. Камбағал кишига қараб, ўзида бор нарсага шукр килган киши шокир бандалардан бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَإِذۡ تَأَذَّنَ رَبُّكُمۡ لَئِن شَكَرۡتُمۡ لَأَزِيدَنَّكُمۡۖ وَلَئِن كَفَرۡتُمۡ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٞ٧

«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасам, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим, 7).

Оятдаги шукр қилиш ва ношукрлик ҳақида Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишни тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада, неъмат зиёдалигига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада, берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади (“Лубобут таъвил фи маонит танзил” Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодий).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Дин насиҳатдир;

Истиғфор ва тавбанинг фазилати;

Read 848 times
Top